Армия ва халқ – бир тану бир жон

14 января - Ватан ҳимоячилари куни

Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтида 14 январ Ўзбекистон Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 29 йиллигига бағишланган байрам тадбири ноанъанавийлик касб этди. Икки нуфузли олийгоҳ, Тошкент тиббиёт академияси ҳамда санъат ва маданият институти талаба ёшларининг биргаликдаги маънавий тадбири орқали жамиятимизда содир бўлаётган ўзгариш ва янгиланишлар миллий армиямизнинг бугунги тимсолида акс этаётганлигига алоҳида урғу берилди.

Ватанпарвар ёшлар ташаббуси, хотин-қизлар фаоллиги, нуронийлар ибрати сингари таълим-тарбия мезонларининг кенг жамоатчилик ҳаётига ўзгача шукуҳ ва кўтаринкилик бағишлаётган  олийжаноб ғоя – “Армия ва халқ – бир тану бир жон!”, мазмунидаги табрик ва қутловлар тадбир моҳияти ва мақсадини белгилаб берди.

Тошкент Тиббиёт Академиясининг ўқув ишлари бўйича проректори Шухрат Боймуродов ҳамда Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти проректори Элдор Шермоновлар табригида Ўзбекистон Қуролли кучлари ташкил топганлигининг 29 йиллиги муносабати билан ўтказилган мазкур тадбир орқали бирдамлик ва ҳамжиҳатликнинг тенгсиз тантанаси, ватанга садокатнинг энг олий неъмат эканлиги яна бир бор эътироф этилди.

Зеро, Ватан ҳимояси  нафақат вазифамиз, балки барчамизнинг муқаддас ва  шарафли бурчимиз ҳамдир.

Тошкент тиббиёт академияси харбий факультет курсантлари, бўлажак ҳарбий шифокорлар Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти талабалари томонидан ижро этилган бадиий-мусиқий чиқишлар, байрам табриги сифатида тақдим этилган куй-қўшиқ, дилбар рақс ва театрлаштирилган саҳна асарларини мароқ билан томоша қилдилар.

Айниқса, байрам тадбирининг энг кичик  иштирокчиси М.Улуғбек туманидаги 186 умумтаълим ўрта мактабнинг 3 синф ўқувчиси томонидан ижро этилган “Мендирман ўша” қўшиғи Тошкент тиббиёт академияси  курсантлари ва иштирокчилар томонидан олқишлар билан қарши олинди.

Тошкент тиббиёт академияси ҳарбий факультети курсанти Эрали ижросида Ҳамид Олимжон қаламига мансуб “ЖАНГЧИ ТУРСУН” балладаси янграганида зални гулдурос қарсаклар тутди.

Ҳарбий факультет талаба ёшлари бўлажак ҳарбий шифокорларни санъаткор ёшлар самимий табрикларида она Ватан мадҳи тараннум этилди, юрт соғинчи, эл тинчлиги йўлида жонини фидо этган юрдошларимизнинг чексиз матонати куйга солинди. Ота-боболаримиздан мерос жасорат улуғланди.  Сўзга чиққанлар келажакда ҳарбий врач касбини эгаллаб, сарҳадларимиз хавфсизлигини ҳимоя қилишдек шарафли йўлни танлаган ёшлар, аскар ва зобитлар, ҳарбийлар, миллий армиямиз посбонларига эзгу тилаклар билдирдилар. Тадбирда Тошкент тиббиёт академияси томонидан байрамда иштирок етган ҳарбий факультет курсантларига қимматбаҳо совғалар топширилди.

 ТОШКЕНТ ТИББИЁТ АКАДЕМИЯСИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan