БОБУР-ЮКСАК ФАЗИЛАТ СОҲИБИ…

БОБУР-ЮКСАК ФАЗИЛАТ СОҲИБИ

 “Биз яратаётган бугунги Янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик ва гуманизм ғояси бўлади” 
Шавкат Мирзиёев

Президентимизнинг мазкур сўзлари замирида жамият одоб ва аҳлоқ билан гўзал, таълим ва тарбия, интизом ва андиша билан кучлидир деган, чуқур фалсафани кўраман. Шу ўринда Арасту ўзининг машҳур “АҲЛОҚИ КАБИР” асаридаги ушбу жумлаларни келтириб ўтишни жоиз деб билдим.

Агар туйғулар покиза бўлсаю, уларга ҳукм ўтказаётган ақл йўлдан оздирувчи бўлса, фазилатга ўрин қолмайди. чунки фазилат яхшиликка бошловчи ақл билан покиза туйғулардан келиб чиқади. Шунинг учун агар инсонда фазилат бўлса, уни ёвуз ниятда ишлатиш сира мумкин эмас.”
(Арастунинг  “АҲЛОҚИ КАБИР” асаридан)

 Алломаларимиз муҳим деб билган фазилатнинг илдизи қаерда? Бу ҳислатни инсон қалбида ким ўстириб, кимлар шаклантиради?

Янги Ўзбекистоннинг бугун бутун дунё миқёсида тан олинаётган одамийлик фалсафаси, инсонпарварлик ва гуманизмга йўғрилган оқилона давлат бошқарувининг негизида, айнан шу фазилатга асосланган ақлли стратегия мавжуд эмасми?!

Президентимизнинг “ Биз яратаётган бугунги Янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик ва гуманизм ғояси бўлади” деган сўзлари бугун юртимиз одамларининг қалб амрига айланиб улгурди.

Зеро, файзли феврал ойининг икки ажиб санасини бутун мамлакат бўйлаб катта тўй, шодиёнага айланиб кетишида катта фалсафий маъно бор.

Бобур — дилбар шахс. Уйғониш даври ҳукмдорининг ҳақиқий намунасидир. У мард ва тадбиркор одам бўлган.

Ҳар бир халқнинг тарихий, маданий-миллий қиёфасини аниқ белгиловчи улуғ шоҳлари, буюк олимлари, йирик адиб ва шоирлари бўлади. Инсониятнинг абадиятга мансуб ана шундай буюк фарзандлари сафида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам ўз ўрнига эга. Кишилик тарихида Бобурчалик шахсий имкон, иқтидор ва фазилатлари беқиёс кишилар жуда кам учрайди.

Бобур — буюк подшоҳ, мумтоз шоир, назариётчи адабиётшунос, фақиҳ, тилшунос, санъатшунос, этно­граф, ҳайвонот ва наботот оламининг билимдони сифатида кўпқиррали фаолият ва ижод соҳиби эди. Биргина «Бобурнома» унинг йигирмадан ортиқ соҳаларга қизиққанлигига яққол мисолдир.

Бобур, биринчи навбатда, шоҳ, бобурийлар сулоласининг асосчиси. У подшоҳ сифатида лашкар тортиб шоҳларга хос мағлубиятларнинг аччиқ аламларию зафарларнинг улуғвор нашидаларини суришни кўп маротаба ўз бошидан кечирди. Отаси сингари улуғ ҳимматли ва олий мақсадли шахс бўлганлигидан Фар­ғона вилоятини кичик жой деб ҳисоблаб, Самарқандга интилди. У ерда Шайбонийхондан енгилиб, Кобулга келди ва кейин Ҳиндистондек бепоён йирик мамлакат ҳукм­дорига айланди.

Буюк шоҳ Бобур Ҳиндистонда темурийларга хос улуғ бунёдкорлик анъаналарини давом эттирди. Муҳташам қасрлар тиклади, ариқ ва каналлар қаздириб, боғ-у роғлар бунёд этди. Адабиёт, илм-фан ривожига ҳомийлик қилди. Элни адолат билан бошқариш сингари фазилатларини Ҳиндистоннинг буюк донишманд фарзанди, давлат арбоби Жавоҳарлаъл Неру ўзининг «Ҳиндистоннинг очилиши» ва «Жаҳон тарихига бир назар» асарларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида самимиятга тўлиқ ушбу фикрларни изҳор этган:

Бобур ўта маданиятли ва жозибали инсонлар орасида энг етук инсонлардан бири эди. У мазҳабпарастлик каби чекланишдан ва мутаассибликдан йироқ эди… Бобур санъатни, айниқса, адабиётни севарди.Буюк тарихий сиймо сифатида Бобур шахси Европа ва АҚШ шарқ­шунос-тарихчи олимлари диққат-эътиборини ўзига жалб этган.

Инглиз тарихчиси Эдуард Ҳолден, аввало, Бобурни машҳур Юлий Сезар билан қиёслашни лозим топади. «Бобур феъл-атворига кўра Сезарга қараганда севишга арзигуликдир. Унинг манглайига юксак фазилатли инсон деб битиб қўйилган», дейди у.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг болалик ва ўсмирлик йиллари ҳақида роман ёзган «Бобурнома»нинг инглиз таржимони Уилям Эрскин Бобурни Осиё подшоҳларига қиёсан шундай баҳолайди:

«Саҳовати ва мардлиги, истеъдоди, илм-фан, санъатга муҳаббати ва улар билан муваффақиятли шуғулланиши жиҳатидан Осиёдаги подшоҳлар орасида Бобурга тенг келадиган бирорта подшоҳ топилмайди».

Шоирона юртсеварлик, ватанфидойилик Бобур шахсида шунчалик тантана қиладики, буюк император Бобур энди Андижондан йироқликни, гарчи бу мартаба Ҳин­дистон тахти бўлса ҳам, қисматдаги юз қаролиғ, деб ҳисоблайди:

Толеъ йўқки жонимға балолиғ бўлди,

Ҳар ишники айладим хатолиғ бўлди.

Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,

Ё Раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди?!

Ҳеч бир шоир Ватандан йироқлик фожиасини Бобурчалик кўп томонлама ва таъсирчан ифодалай олмаган бўлса керак.

 Тасодифлар ортида аслида азалий ҳақиқат яшринган бўлганидек, дилтортар маънавий суҳбатлардаги иштирокимиз ҳам бежиз эмаслиги ҳақида сира ўйлаб кўрганмисиз? Биз бугун кимдандир бир яхши гапни эшитиб, кўнглимизда илиқлик ҳис этсак, билингки, бунинг хайрли интиҳосига ишора бор. Ўша бир оғиз сўз кимнингдир ҳаёти, тақдири, келажак режларини яхши томонга ўзгартириши, кимнидир иккиланиш орасида турган фикрларидан чалғитиб, яхшиликка ундаши ҳам мумкин.Ҳар йили Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун муносабати билан катта кичик давраларда ғазалхонлик авжига чиқиб, гўзал мушоиралар одамларни бир-бирларига янада яқинлаштирмоқда. Маънавият ва маърифат байрами тусини олаётган бу дилтортар учрашувларда замонлар оша сайқалланиб бораётган қадриятларимизнинг асл моҳиятига алоҳида урғу бериляпти.

Биз кимларнинг авлодлари эканлигимизни тобора теранроқ англаб бораётган ёшларимиз қалбида ота-боболаримиз сингари юрт фидоийси бўлиш иштиёқи уйғонаётггани кишини қувонтиради. Буни талаба ёшлар орасида бўлиб, уларнинг орзу умидлари, интилиш ва қизиқишларга қулоқ солган ҳар қандай уйғоқ қалб эгаси яхши тушуниб етади. Куни кеча катта кичик саҳналарда А.Навоий сиймосини зўр иштиёқ билан гавдалантириб бера олган ёшларимиз, бугун Бобур Мирзонинг юртга садоқати, она ватан ишқи билан йўғрилган донишмандлиги қаршисида бош эгмоқдалар. Зеро, биз улуғ номларини юксак фахр билан тилга олаётган аждодларимиз ҳар бир ишда барчага муносиб ўрнакдир.

Гулчеҳра Мирзаева

ТОШКЕНТ ТИББИЁТ АКАДЕМИЯСИ 

МАТБУОТ КОТИБИ

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan