ҲАМИД ОЛИМЖОННИНГ ФЕРУЗА ТОШЛИ СОВҒАСИ…
“Зулфияхоним баҳорни, тонгни, гулларни нафис, нозик туйғуни улуғ билгувчи инсонларни севарди. Улардан қанчалик илҳомланиши шоиранинг шеърларидан ҳам маълум.
Февралнинг сўнгги кунлари баҳорнинг илк эпкинлари эсиши билан, баҳорнинг илк элчилари майсалар, куртакларнинг юз очиши шоирани чексиз қувонтирарди.
Ҳар баҳор майсалар ҳидини олиб келувчи майин шабадалар менга севимли шоирани эслатаверади.
Зулфия опам ҳар оқшом ”Хамид Олимжонга борайлик” дердилар. “Хамид Олимжоннинг ҳайкалига борайлик” демасдилар.
Демакки,Ҳамид Олимжон шоиранинг наздида доимо тирик ва унинг ҳаёт йўлларида доимо йўлдош эди”.
Шоира Зулфияхоним билан узоқ йиллар бирга яшаган талаба Гулсум Худойқулованинг ён дафтаридан.
Ёшликдаги ғанимат дамларни қадрдонларинг билан эслаб туришнинг завқи ўзгачада. Айниқса, курсдош дугоналар билан учрашиб дилдан суҳбатлашишга нима етсин. Беғубор талабалик йилларимиздаги хотиралар шунчалар ёқимлики, соатлаб суҳбатлашсанг ҳам зерикмайсан киши. Журналист Гулсум Худойқулова курсдош дугоналарим орасида ўзининг камтар ва камсуқумлиги, ўзига ҳос ҳассос қалб соҳибаси ва меҳрибонлиги билан ажралиб туради. Муносабатларимизнинг опа-сингил қадар яқинлашиб кетишига узоқ йиллар бир шаҳарда яшаб, бир –биримизга елкадош бўлганимизда деб биламан. Биз Гулсум опам билан ҳар сафар учрашганимизда суҳбатимиз беихтиёр шоира Зулфия билан боғланаверади. Сабаби, курсдош дугонам талабалик йилларининг кўп қисмии Зулфияхоним хонадонида ўтказди. Эл суйган шоирамиз билан она-бола бўлиб яшади. Баъзида она, баъзида опа, кези келганида дугонаси бўлиб яқин сирдоши ва дилдошига айланди.
Бугун мен Гулсум опанинг УСТОЗ ЗУЛФИЯХОНИМ тўғрисидаги хотираларини шундоқлигича сиз азиз ўқувчига хавола этишни жоиз деб билдим.
Баҳорнинг илк эпкинлари шоира Зулфияхонимни эслатаверади…
“Менга такдирнинг бебаҳо туҳфаси насиб этди. Талабалик йилларимда муҳаббат, садоқат, вафо, ибо, ҳаё тушунчаларини ўзида мужассам этган, миллатимизнинг ғурури, ардоқли ўзбек шоираси Зулфияхоним билан бир неча йил бирга яшаш бахти насиб этган.
Ғам-андуҳ ва ҳасратларни матонат билан енгиб, тоғдек бардоши билан вафо ва садоқат рамзига айланган Зулфияхоним жуда юксак маънавий ва аҳлоқий фазилат соҳибаси ҳам эди.
“Онажоним”нинг дили билан тилининг бирлиги, мехрибон ва жонкуяр устозлиги қалбимда ўчмас из қолдирганининг сабаби бор.
Мени Зулфия опанинг уйларига етаклаб олиб борган ва у киши билан таништирган яқин ўртоғим-марҳум, шоир Тўра Сулаймоннинг қизи Юлдуздан бир умр миннатдорман.
Юлдуз иккаламиз ҳозир ҳам гоҳида бир кўришиб ёки телефон орқали суҳбатлашганимизда Зулфия опанинг ажойиб фазилатлари, ўзбек аёлига ҳар томонлама ибрат бўла оладиган жиҳатларини хотирлашдан завқ оламиз.
Шундай комил инсон билан бир хонадонда яшаб, яқин муносабатда бўлганлигимизга шукроналар келтирамиз.
Мен Зулфияхоним билан яшар эканман, унинг элимизнинг атоқли адиби Ҳамид Олимжонга бўлган чексиз муҳаббати ва садоатига ҳар лаҳза гувоҳ бўлганман. Зулфия опа яшаган уйдаги хоналарнинг знг тўрисида албатта, Ҳамид Олимжоннинг портрети осиғлик турарди. Суратларнинг ёнида эса янги узилган гуллар солинган гулдон бўларди. Мени ханузгача хайратимни оширадиган бир жиҳати, Зулфия опам турмуш ўртоғини ҳар нафасда ёдига олардилар. Ҳар куни менга Ҳамид Олимжон билан боғлиқ бирор бир воқеани айтиб берардилар. Унинг қаламига мансуб сатрларни ўқиб беришни яхши кўрардилар.
Кечки сайрга чиқмоқчи бўлсак, албатта,гул дўкондан чиройли гулларни ҳарид қилиб, Ҳамид Олимжоннинг ҳайкали пойига қўярдилар.
Зулфия опам ҳар оқшом ”Ҳамид Олимжонга борайлик”, дердилар. “Хамид Олимжоннинг ҳайкалига борайлик” демасдилар.
Демакки,Ҳамид Олимжон шоиранинг наздида доимо тирик ва унинг ҳаёт йўлларида ҳамиша йўлдош эди.
У бир умр, кечани кеча, кундузни кундуз демай, қийинчиликлардан чекинмай ҳижронли ижод машаққатини чекди. Бир ўзбек аёлининг ёрқин тимсоли бўлиб матонатли қалб хитоби билан дунё минбарларини титратди. Инсонийлик, садоқат, вафо, меҳнатсеварликни улуғлаган чинаккам ижодий меҳнатлари унга халқимиз муҳаббати ва халкаро “Жавоҳарлаъл Неру” ва “Нилуфар” мукофотларини тақдим этди. Мен ҳам аёлман, мана опа билан хонадош ва маслакдош бўлган йилларим ширин бир хотира айланиб қолди. Бироқ, бу яхши инсондан олган ҳаётий сабоқларим ҳали ҳануз менга асқотади. Зулфия опамнинг бир одатларини яхши кўрардим. Камтарликлари…оддий ва самимиятини.
Истаса бир эмас, бир нечта олмос тошли тақинчоқлар сотиб олиб безанишга қурби етса-да, шоира “ОНАМ” ҳеч қачон ҳашаматга ҳавасманд эмасдилар.
Унинг ягона тақинчоғи бўларди, у ҳам бўлса Ҳамид Олимжон совга қилган феруза тошли кумуш узук.
Бу узук шоиранинг ўз ёрига нисбатан вафоси, садокати, ҳурмати рамзи эди. Узукни ҳеч қачон қўлларидан ечмасдилар.
Зулфияхоним баҳорни, тонгни, гулларни жуда нафис, нозик туйғуни улуғ билгувчи инсонларни севарди. Улардан қанчалик илҳомланиши шоиранинг шеърларидан ҳам маълум.
Февралнинг сўнгги кунлари баҳорнинг илк эпкинлари эсиши, баҳорнинг илк элчилари майсалар, куртаклар шоирани шунчалик қувонтирар эдики, кўзлари севинчдан порлар эди.
Шунинг учунми ҳозир ҳам баҳор ҳидини олиб келувчи илк баҳорий шабадалар менга шоирани эслатаверади.
Йилнинг ҳар қандай мавсумида ҳоҳ қахратон совуқда, ҳоҳ жазирама иссикда бўлсин уйдаги гулдонларда доимо янги узилган гуллар бўларди. Эрта баҳордан дарак берувчи бинафша ва чучмомалар энди пайдо бўлиши билан шоира уйидаги муъжазгина биллур гулдончаларни безаб қўйиш Зулфияхонимга олам-олам завқ бахш этарди. Қишлокда туғилиб улғайган бўлсам-да, бинафша ва чучмомани илк бор Тошкентнинг азим кўчаларидаги майсалар орасида, ва айнан шу файзли хонадонда ўз қўлларим билан ушлаб кўрганман.
Зулфияхонимнинг уйларидан шогирдлари, дўстлари, адабиёт аҳли ҳеч қачон аримас эди. Айникса, шоиранинг туғилган куни 1-март санаси мушоирага айланиб кетарди. Зулфия опа жуда кўп шоир ва шоираларни елкасидан тутиб, ижод сўқмокларидан олиб ўтиб, юксалишига йўл очиб берган бағри кенг устоз эдила. Шогирдлари аллақачон танилиб, уйли-жойли, фарзандли бўлган бўлса-да уларнинг ижоди, турмуши, фарзандлари ҳақида эринмай суриштирар, ёрдам керак бўлганда, албатта меҳр билан ёрдам қўлини чузарди. Муҳлисларининг ҳам ҳар бир хатига чин дилдан, муҳаббат билан астойдил жавоб йўлларди.
Зулфия опани биз ҳам фарзандлари сингари “аяжон” дердик. Аяжонни меҳрлари чексиз эди. Жуда кўпчиликка меҳр улашар эдилар . Биз талаба эмасмизми, ҳатто тушлик учун егуликни ҳам уйдан олиб кетишга мажбурлар эдилар. Пахта мавсуми маҳалида уйдан озик-овкат бериб юбориб, камига яна орқамиздан ҳам жунатар эдилар. Ҳоқ шаҳарда бўлсин, ҳоҳ Дўрмондаги дала ҳовлида кечки сайрга чиксак, йўл бўйи ўнг қўллари билан бошимни силаб силаб қўярдилар.
Ҳозир ҳам аяжонимни эсласам бошимда ўша меҳрли қўлнинг иссиқ тафтини туяман.
У киши билан бирга ўтказган кунларим мен учун жуда катта ва мазмунли ҳаёт сабоқларидир. Зулфияхоним умри икки шоирнинг севги ва муҳаббатига асос солди. 29 ёшида бева қолган бўлсада, бутун қалб қўрини бағишлаб Ҳулкар опадек,Омон акадек камтар, самимий олим ва олима фарзандларни вояга етказдилар.
Шарқ маънавияти осмонида чарақлаган ёркин юлдуз саналмиш шоира Зулфия билан бир неча йил бирга яшаганимдан беҳад бахтиёрман.
Шеърларига қалбининг суратини муҳрлаган, ҳаёти вафо ва садоқатга йўғрилган Зулфияхоним ажиб бир шеърият чаманини яратиб кетган. Аминманки, халқимиз, келажак авлод доимо буни муносиб кадрлайди.”