АЁЛГА БАХТ БЕРИНГ, САОДАТ БЕРИНГ…

АЁЛГА БАХТ БЕРИНГ, САОДАТ БЕРИНГ

Тошкент тиббиёт академияси ректори профессор Алишер Шадмонов академия аёллари айниқса меҳнат фахрийлари бўлмиш устоз профессор ва ўқитувчиларнинг оила ва жамиятдаги муносиб ўрнини юксак баҳолади.

Ёзувчи Миркарим Осим ўзининг “Зулмат ичра нур” қиссасида шундай ёзади.

“Бир куни Ғиёсиддин бешик қучоқлаб ўтирган хотинига:

— Алишер тўрт ёшга тўлиб, бешга қадам қўйди, ани мактабга берайлик, — деб қолди.

— Ҳали ёшлик қилмасмикин? — деди Алишернинг онаси киртайган, ҳорғин кўзларини кўтариб.

— Бола ўткир зеҳнли, идрокли. Бекор юргандан кўра ҳарф ўргансин. Эрта шанбадан бошлаб Ҳусайн билан бирга мактабга борсин. Алишер 4 ёшида мактабга қатнай бошлади. Алишер Навоийнинг онаси у улуғ зотнинг биринчи маънавий устози эди.

Биз ва дунё халқлари ўтмишда ҳам, бугун ҳам бу улуғ онага, бу улуғ устозга, бу нурли сиймога ихлос, ҳавас билан қарашимизнинг боиси шунда.  Қадимий нақллардан бирида айтилишича, оламга ва олам аҳлига бобо-бувилари, ота-оналари томонидан катта яхшилик ўтган бўлса, Яратганнинг инояти билан шу авлоддан, шу хонадондан шоҳ, машҳур уламо, ижодкорлар етишиб чиқар экан. Биз ана шундай дуогуй аждодлар ирмоғиданмиз. Зеро, оққан дарё оқаверади…

Шу маънода, Тошкент тиббиёт академияси ҳам агар таъбир жоиз бўлса, ўзининг 100 йиллик тарихи давомида ана шундай илмпарвар олиму-олималарни тарбиялаб вояга етказган қутлуғ даргоҳдир.

8-март халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан  Ўзбек миллий  академик драма театрида нишонланган байрам шодиёнасига Тошкент тиббиёт академиясининг муҳтарама аёллари, академик ва профессорлар, ўқитувчилар, ишчи-ходималар ва талаба ёшлари таклиф этилдилар.

Аёлни ардоқла, кўнглига қара,

Аяма ер юзин гавҳарларини.

Ҳофиздек танти бўл, холига бахш эт.

Дунёнинг энг гўзал шаҳарларини…

 Миллий театримиз саҳнасида, элимиз ардоғидаги уста санъаткорларимиз, Ўзбекистон халқ артистлари томонидан самимий байрам табриклари янгради.

Тошкент тиббиёт академияси ректори профессор Алишер Шадмонов академия аёллари айниқса меҳнат фахрийлари бўлмиш устоз профессор ва ўқитувчиларнинг оила ва жамиятдаги муносиб ўрнини юксак баҳолади.

Самарали илмий изланишлари билан барчага ўрнак бўлаётган ўқитувчилар, профессорлар, ишчи ва ходималар, иш юритувчи, ҳисобчи, тарбиячилар ва талаба қизлар “Йилнинг фаол аёли” номинацияси бўйича ғолиблар сифатида эътироф этилиб, академия ректори томонидан  муносиб тақдирландилар.

Аёл, она, опа-сингил, нақадар улуғ, мўътабар ва дилга яқин сўзлар. Оналардан тоғлар маҳобатли виқорни, қуёш иссиқ ва ёқимли ҳароратни , гуллар  эска гўзал тароватли табассумни ўрганган десак муболаға бўлмас. Оналаримизнинг иссиқ нафасидан чиқаётган  илиқлик, кўзларида порлаётган  меҳр нури жумлаи жаҳонга меҳр деб аталмиш муҳаббатни улашади. Байрам тадбирида бир қўли ила дунёни, бир қўли ила бешикни тебратишга қодир муҳтарама аёлларимиз шаънига энг муносиб сўзлар айтилди. Театр жамоаси томонидан намойиш этилган саҳна кўриниши Тошкент тиббиёт академияси аёлларига байрамона кайфият улашди.

Онамга ўхшайди оқ рўмол ўраб,

Кўкламга кўрк берган Баҳор кунлари.

Синглимдай суюкли пуштиранг, оппоқ,

Чучмома еллари, бодом гуллари.

 

Тонгларингдай оппоқ бокира,

Шарқироқ сойларинг гўзал боғларинг,

Бунчалар Аёлга   ўхшаб кетмаса,

Шафақдай қизарган гул ёноқларинг…

Илоҳо дунё тургунча туринг… муҳтарама оналар, азиз опа сингиллар.Тонгда қилаётган дуоларингиз ижобатини топиб, юртимиздан файз-барака аримасин. Эзгу ниятли халқимизни бирдамлик, ҳамжиҳатлик асло тарк этмасин.

Гулчеҳра Мирзаева

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan