Тошкент тиббиёт академиясида янгича баҳолаш мезони…

Тошкент Тиббиёт Академиясида янгича баҳолаш мезони

Илм ўрганиш ва ўргатиш йўлидаги машаққатли ва шарафли меҳнат ҳар доим эътиборга, рағбатга лойиқ топилган. Тошкент тиббиёт академиясида баҳолаш  мезони ва индикаторларининг янгича ёндошувига асослангани боис, адолатли саралаш механизми пайдо бўлди. Бу эса  қатор ижобий натижаларга сабаб бўлмоқда.

Тошкент тиббиёт академиясининг бугунги Илмий Кенгаши Академия ректори А.Шадмоновнинг Наврўз табриги билан бошланди. Ректор табрик сўзи  аввалида  сафимизда меҳнат қилаётганларнинг энг илғорлари, энг натижадорларини саралаб уларни рағбатлантиришдан мамнунлиги билдирди.  Академия илмий жамоасининг  сўнги қисқа давр ичида эришаётган  ютуқ ва муваффақиятлари эътироф этилди.

Илмий кенгаш йиғилишида Наврўз байрами муносабати билан аввалроқ старт берилган номинациялар бўйича танлов натижалари эълон қилинди.
“Энг фаол факультет”, “Энг фаол бўлим”, “Энг фаол магистратура кафедраси”, “Малака ошириш соҳасида энг яхши йўналиш”, “Маънавий ишлар соҳасидаги энг фаол бўлим”, “Энг фаол ординатура йўналиши”,
“Ўқув ишлар соҳасидаги энг фаол бўлим”, “Илмий ишлар соҳасидаги энг фаол бўлим” ҳатто “Хўжалик соҳасидаги энг яхши ишлари учун” каби ўнлаб номинациялар ғолибларининг ташаббусли ҳаракатлари ва барчага ўрнак қилиб кўрсатишга арзигулик инновацион ғоялари ўзининг муносиб баҳосини топди.

Танлов натижаларига ичида “Энг яхши дарслик муаллифи”, “Энг яхши патент муаллифи” , “Энг яхши диссертация муаллифи” ва“Йилнинг энг долзарб грант лойиҳачиси” сингари эътирофларнинг борлиги Тиббиёт академиясида адолатли баҳолаш мезонлари сабаб илмий изланишлар салмоғи ва сифат даражаси ўсиб бораётганлигини билдиради.

Профессор Алишер Шадмонов илмий кенгаш томонидан тақдирланганларни қизғин муборакбод этиб, шу  йилнинг 24 март куни катта илмий анжуманга тайёргарлик кўрилаётганлигини эълон қилди.

Илмий Кенгаш йиғилиши сўнгида, эндиликда ҳар бир кафедра ва ҳар бир илмий ходимнинг ишлари  натижалари йил якуни эмас, ҳар чорак ва ҳар ойда  бўлиб ўтадиган ректорат йиғилишлари, илмий кенгашларда шу тарзда эълон қилиб борилиши ҳам айтилди.

Бу эса ўз навбатида Академия рейтингги,  обрўси ва имиджига  катта ҳисса  бўлиб қўшилиши билан бирга, нуфузли илмий жамоада меҳнат қилаётганларни эътироф этиш имконини беради.

Илмий тафаккур эъзозланса, яхши  ташаббуслар қўллаб қувватланиб, устозлар улуғланса шогирдлар қалбида  илм кишисига нисбатан 10 карра ортиқроқ ишонч уйғонади. Бундай  эътироф мезони академия илмий – педагогик жамоасини бир мақсад йўлида бирлаштириб, устоз ва шогирдлик анъаналарининг янада  чуқурроқ илдиз отишига сабаб бўлади.

 ТОШКЕНТ ТИББИЁТ АКАДЕМИЯСИ

МАТБУОТ ХИЗМАТИ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan