Тошкент тиббиёт академиясида  талаба ёшларнинг 1-халқаро илмий амалий конференцияси…

Тошкент тиббиёт академиясида  талаба ёшларнинг 1-халқаро илмий амалий конференцияси ўказилди.

 

Халқаро анжуман Тошкент тиббиёт академияси ректори профессор А.Шодмоновнинг конференция иштирокчилари, хусусан талаба ёшларга қизғин табрик сўзи билан бошланди.

Дунёнинг турли мамлакатларидан бўлажак шифокорлар иштирок этган масофали илмий амалий анжуман турли мамлакатлар иқтидорли талаба ёшларининг илғор қарашларини ZOOM платформаси кўмагида бир макомда жамлай олди.

Акбар Собиров Тошкент тиббиёт академияси даволаш факультетининг

4-босқич талабаси. Бугунги талабалар конференциясида Акбар бошқа тенгдошлари сингари мамлакатимиздаги бошқа тиббиёт олийгоҳлари жумладан, Россия, Ураина, Белорусь, Қозоқистон, Тожикистон, Қирғизистон каби ҳамдўстлик давлатларининг тиббиёт олийгоҳлари талабалари билан эркин, ижодий-илмий мунозараларда қизғин бахсга кириша олди.

Унинг ”Туберкулёз микобактериясини янгича услубда аниқлаш” мавзусидаги маърузаси конференция иштирокчиларини бефарқ қолдирмади.

Биз Акбардан  мазкур долзарб  мавзуни танлашига нима сабаб бўлгани ҳақида сўраганимизда, У: –  “ТТАда ҳар йили анъана тусига кириб бораётган “талабалар илмий жамияти” анжуманидаги фаол иштироким”-дея жавоб берди.

Ҳа, бугун Акбар сингари иқтидорли ёшлар Академия босқичидаги илмий анжуманларда тобланиб, бугунги халқаро беллашувга астойдил тайёрландилар.

Конференцияда барча ҳамдўстлик мамлакатлари тиббиёт олийгоҳларидан  талаба ёшларининг фаол иштироки кузатилди. Эркин ижодий муҳитга асосланган масофали беллашувда  талаба йигит-қизларимиз энг яхши натижа учун астойдил интилдилар. Иштирокчилар тиббиётдаги энг долзарб муаммолар ечимини  ўзларининг долзарб мавзулари мисолидаги  қизиқарли маърузаларида  баён этдилар.

Масалан Тошкент тиббиёт академиясининг 2-босқич талабаси Нигина Дадаева “Фертел ёшдаги аёлларнинг пандемия шароитидаги саломатлиги муаммолари” мавзусидаги илғор маърузаси билан конференция бахс майдонида турли мамлакатлар шунингдек, юртимиздаги бошқа тиббиёт институтлари ёшлари диққатини ўзига жалб эта олди.

Унинг Олмазор туманидаги аёллар билан 3 ой давомида олиб борган кичик илмий амалий тадқиқоти бесамар кетмади.  Нигина мазкур маърузани тайёрлаш учун COVID-19 инфекциясига чалиниб, оғир касалликни бошидан кечирган аёллар билан суҳбатлашди. Уларнинг руҳий кечинмаларини ўрганиш асосида бугунги конференция учун танлаган мавзусига оид қарашларини шакллантирди.

Халқаро анжуманнинг яна бир иштирокчиси Элнора Шомуҳаммедова, ТТАнинг даволаш факультетида 5-курсида ўқийди.

Илмий раҳбари Дилбар Расулова бошчилигида тарқоқ склероз билан касалланган беморларга эрта ташҳис қўйиш таклифларини илгари сурди.

Унинг “Тарқоқ склерозда неврологик етишмовчиликлар оғирлигини аниқлаш”  мавзуга нисбатан янгича ёндашуви тенгдошларининг танлаган муаммоли мавзуга оид кўплаб саволларига сабаб бўлди.

Айтиш мумкинки, талабаларнинг халқаро илмий амалий анжумани фикрлар хилма-хиллиги билан ёш мутахассисларнинг инсон саломатлигини ҳимоялаш борасидаги илк илмий қарашларини шаклантирибгина қолмай, уларнинг келажакда турли мамлакат ёшлари  билан ўзаро дўстона муносабатларига  туртки бўлади.

Яна бир мулоҳаза:

Талаба ёшларнинг биринчи халқаро илмий-амалий анжумани ёш олимларнинг келгусида тиббиёт соҳасидаги муаммоларни  илмий жиҳатдан мустаҳкамлаб, келажакда  чуқур илмий назарияга асосланган жиддий тадқиқотлар устида изланиши ва шу тариқа фанга янгидан янги қарашларни олиб киришларига  ҳам сабаб бўлиши мумкин.

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan