Эътирозга расмий жавоб…

Эътирозга расмий жавоб.

Учта йўл билимга олиб боради: фикрлаш йўли — бу энг олижаноб йўл, тақлид қилиш йўли — бу энг енгил йўл, тажриба йўли — бу энг оғир йўл.” .

Конфуций.

Куни кеча, ижтимоий тармоқларда Тошкент тиббиёт академиясининг бир гуруҳ талабалари курсда қолдирилганликларидан норозилик билдирилган видео мурожаат тарқалди. Унда бир гуруҳ талабалар ва уларнинг яқинлари гўёки, Академия раҳбарияти Президент фармон ва қарорларига риоя қилмаганлиги ва айрим талабаларга 0,1 балл етмаганлиги важини келтиришган. Бунга нисбатан Тошкент тиббиёт академияси куйидаги   РАСМИЙ ЖАВОБ ни тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 3069-рақами билан рўйхатдан ўтган Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2018 йил 9 августдаги  19-2018-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизими тўғрисида”ги низомга кўра талабага оралиқ ва (ёки) якуний назорат турини қайта топшириш учун берилган муддат давомида талаба томонидан қайта топширишлар сони 2 мартадан кўп бўлмаслиги кераклиги, оралиқ назорат турини топширмаган, шунингдек ушбу назорат тури бўйича «2» (қониқарсиз) баҳо билан баҳоланган талаба якуний назорат турига киритилмаслиги белгиланган.

Академияда таҳсил олаётган талабалар сони 5570 тани ташкил қилиб, ўтган 2020 йилнинг 16 мартидан бошлаб барча талабалар пандемия туфайли масофавий таълим олишди ва 2019-2020 ўқув йили учун баҳорги семестрни масофавий якунлашди.

2020-2021 ўқув йили кузги семестрни сентябрь ойида талабалар масофавий таълим билан бошлаб, октябр ойидан анъанавий таълимга ўтдилар.

Жорий йилнинг 11 январидан 31 январига қадар бўлган давр оралиғида талабалар фанлар бўйича якуний назоратлар турларини топшириб кузги семестрни якунлашди.

Аммо, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июндаги              ПҚ-3775-сонли қарорига мувофиқ қабул қилинган Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2018 йил 9 августдаги 19-2018-сон буйруғи билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизими тўғрисида” ги низомга асосан фанларни ўзлаштира олмаган ҳамда оралиқ ва якуний назорат турларини топшира олмаган талабаларга баҳорги семестрни бошида, яъни 2021 йилнинг феврал ойида тўлиқ қайта топшириш учун Академия кафедраларида навбатчиликлар ташкил қилиниб, талабалар учун қўшимча маслаҳатлар каби имкониятлар яратилди.

Қайта топшириш учун берилган муддат давомида академик қарздор талабалар ҳақида ҳар ҳафтанинг шанба куни ўтказиладиган координацион кенгашда муҳокамалар олиб борилиб, унда деканат ходимлари томонидан фанларни белгиланган муддатда ўзлаштира олмаган талабаларни ҳар бири академик қарздорлиги тўғрисида огоҳлантирилган.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 2021 йилнинг январ – феврал ойларида Ўқув ишлари бўйича проректор талабалар билан йиғилиш ўтказиб, қонунчиликда белгиланган муддатда фанларни ўзлаштирмаган ҳамда оралиқ ва якуний назорат турларини топширолмаган талаблар курсда қолдирилиши тўғрисида огоҳлантирилган ва бу тўғрисида ота-онасини огоҳлантириш ҳақида тушунтириш берилган.

Бироқ, Низомда белгиланган имкониятлар тугаган бўлсада, Ректор Шадманов Алишер Каюмович талабалар билан шахсан ўзи учрашиб, Академия кенгашидан уларга яна бир бор имконият бериш ташаббуси билан чиқганидан кейин, Кенгаш қарори билан талабаларга 2021 йилнинг 11 мартига қадар қайта қарздорликларини қайта топшириш учун қўшимча вақт ва учинчи маротаба имконият берилган.

Кузги семестр якунига қадар академик қарздор талабалар сони минг нафарга яқин бўлган.

Академия томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2018 йил 5 -июндаги ПҚ-3775-сонли қарорига мувофиқ Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2018 йил 9 августдаги 19-2018-сон буйруғи билан тасдиқланган Низом талабларига риоя қилинганидан сўнг, қайта топшириш имкониятидан учинчи марта ҳам ўта олмаган талабаларнинг умумий сони 216 тани ташкил қилди. Улардан 8 нафари грант асосида ва 208 нафари контракт асосида таълим олмоқда.

Академик қарздор талабларга қуйидаги кесимда курсда қолдириш тўғрисдаги буйруқ чиқарилди:

– даволаш факультети бўйича 173 (7 та грант) та талаба. Шундан, 2-курсда 79 та (2 та грант),  3-курсда 90 та (5 та грант), 6-курсда  5 та талаба;

– тиббий педагогика факультети бўйича 23 та (1 та грант). Шундан, 2-курсда 7 та,  3-курсда 15 та, 6 курсда 1 та талаба;

– тиббий профилактика факультетида 19 та (2 та грант). Шундан, 2-курсда            9 та, 3-курсда (2 та грант) талаба.

Ҳар бир ота-она ўз фарзандини ёшлик чоғларидан бошлаб илму-маърифатга қизиқтириб, ўргатиб бориши лозим бўлади. Илму фанни чуқур эгаллаш учун қизиқишнинг ўзи камлик қилади.Мақсад сари интилиб, ўқиб-ўрганганиш билангина ўз оиламиз, халқимиз, Ватанимиз учун манфаат келтирадиган инсонлар қаторидан жой олишимиз мумкин.

Дунёда шифо истаб шифокорга мурожаат қилмаган, шифокордан маслаҳат олмаган инсон бўлмаса керак.

Оқ ҳалат кийиб, шифокор деган шарафли номга сазовор бўлиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Уни эгаллаш учун йиллаб мукаммал билимни эгаллаб, тажриба орттирилгандан сўнг мазкур улуғ касб вакили шарафига муяссар бўлиш мумкин.

Шифокорнинг асосий тамоили – мамлакат аҳолисини жисмонан соғлом, бақувват ҳолда узоқ умр кўриши учун ўз хизмати ва маслаҳатларини аямасликдир.

Афсуски оҳирги 20 йил оралиғида тиббиёт ходимларининг йўл қўйган касбий хатолари натижасида инсонлар бутун умрга мажрух бўлиб қолиши ёки оламдан ўтиши ҳолатлари кескин кўпайиб бормоқда. Жумладан, яқин ўтмишда Хоразм вилоятининг Гурлан тумани (https://m.aniq.uz/y/17787/t) ва  Хива шаҳарлари (https://t.me/aniquz/54868), Қашқадарё вилояти, Миришкор тумани https://daryo.uz/k/2019/08/02/mirishkorlik-3-nafar-ayol-tuguruq-paytida-shifokorlar-aybi-bilan-vafot-etgani-aytilmoqda/,), Тошкент шаҳрида ((http://jahon.uz/index.php?newsid=488) ва бошқа кўплаб хомиладорлар, бу ёруқ оламни кўришга улгурмаган чақалоқлар, ўн гулидан бир гули очилмаган ёшларнинг уволига айнан шундй илми саёз ва масъулиятсиз тиббиёт ходимлари қолмоқда.

Бу каби кечириб бўлмас хатолардан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси билан тегишли тартибда суднинг ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этилган шифокорларнинг оила аъзолари ҳам хулоса чиқарсалар бўлмайдими.

Тошкент тиббиёт академияси жамоаси нафақат юртимиз балқи, ҳамдўстлик давлатларига ҳам билимли, серғайрат, одамларга нафи тегишини умр мазмунига айлантирадиган шифокорларни етказиб беришни мақсад қилган.

Шу сабабли Академия администрацияси академик қарздор бўлган талабалардан кимларгадир тақлид қилмасдан бор кучи ва иқтидорини билим олишга сарфлаб ўз танлаган  соҳаларини мукаммал эгаллашларини сўраб қолади.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan