УМУМИЙ АМАЛИЁТ ВРАЧИ БЎЛМАСДАН ТУРИБ, ЯХШИ МУТАХАССИС БЎЛИШ ҚИЙИН…

УМУМИЙ АМАЛИЁТ ВРАЧИ БЎЛМАСДАН ТУРИБ, ЯХШИ МУТАХАССИС БЎЛИШ ҚИЙИН.

Муҳтарам Президентимиз яқинда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида клиник ординатурада ўқитишнинг янги тизимини жорий этиб, келгуси ўқув йилидан қабул квотасини икки бараварга ошириш бўйича берган топшириқлари бежиз эмас, албатта. Эндиликда таклиф этилаётган янги тизим бўйича ўқув жараёнининг маълум қисмини олийгоҳлар ва ихтисослашган марказларда, маълум қисмини эса иш жойида давом эттирилиши бўйича зарур ҳуқуқий асослар яратилади.
Дарҳақиқат, умумий амалиёт врачи бўлмасдан туриб, тиббиёт соҳасининг яхши мутахассиси бўлиш мушкул. Бунинг учун аввало ўқиб ўрганиш, тажриба орттириш шунингдек, ҳаётимизнинг турли соҳаларидаги муаммо ва камчиликлар, йўлимизда катта ғов бўлиб турган тўсиқларни бартараф этиш мақсадида бирлашиб, кенгашиб иш кўрмоқ керак. Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек, ишнинг катта кичигигига қараб эмас, муҳимлик даражасини инобатга олиб, виждон амри билан бажариш ҳар биримизнинг қалб хитобимизга айланмоғи лозим.
Энди бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Тиббиётнинг қуйи тизимида шу кунгача мавжуд бўлган иш услуби, қай даражада ўзини оқлай олди. Кун сайин аҳоли саломатлиги ҳимояси йўлида бажарилиши лозим бўлган ишлар, хусусан тиббиёт тизимидаги тор мутахассисликларга бўлган талаб ва эҳтиёж қанчалик долзарблик касб этмоқда.
Тан олиш керак ҳозирги кунга қадар республикамизда тор мутахассислар магистратура ва клиник ординатура орқали тайёрланиб келинмоқда. Сабабии Республикамизда тор мутахассисларга бўлган эҳтиёжни таъминлаш асосан клиник ордингатура орқали амалга оширилади. Статистик маълумотларга кўра, айни кунда ҳудудларда 10 минг нафар тор доирадаги мутахассислар етишмайди. Бу эса мазкур соҳа фаолиятида туб бурилиш пайти бўлганлигига ишорадир.
Бўлиб ўтган видеселектор йиғилишида масалага жиддий ёндашиб, муаммонинг долзарблигидан келиб чиққан ҳолда ишга янгича муносабат даври келганлиги айтилди.
Ҳақиқатдан ҳам ҳозирги кунда нафақат республикамиз пойтахти Тошкент шаҳридаги тиббиёт олий ўқув юртлари ва ихтисослашган марказларда, балки бутун вилоят ва туманларда ҳам тиббиёт соҳасида моддий техник базалар тубдан ўзгартирилмоқда. Айни кунда деярли барча ҳудудларга янги, замонавий тиббий техникалар кириб келди. Клиник ординаторларнинг худудларда ўқиш ва амалиёт жараёнларини олиб боришлари учун махсус лабораториялар фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Шунинг учун бу йўналишда таҳсил олаётган клиник ординаторлар ўз мутахассисликлари бўйича амалиётларини худудларда ўтаб келмоқдалар.
Барча тиббий олий ўқув юртлари ва ихтисослашган марказларда клиник ординаторлар тайёрлаш умумий квота асосида амалга оширилмоқда. Шунингдек, вилоятларда мутахассисларга бўлган эҳтиёжидан келиб мақсадли квота ўринлари ажратилмоқда.
Бу борада Тошкент тиббиёт академияси етакчи олий ўқув юртларидан бири ҳисобланиб 43 та мутахассислик йўналишлари бўйича йилига 220-250 нафар клиник ординаторларни тайёрлаб беради. Академияга берилган грант асосидаги ўринларнинг деярли барчаси вилоятлардаги эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда мақсадли ўринлар учун ажратилган. Мақсадли ўринлар учун қабул қилинган шифокорлар ўзаро шартнома тузиб, ўқиш тугагандан кейин 3 йил мобайнида ўша худудда ишлаб келганидан кейингина диплом берилмоқда.
Шундан ҳам кўриниб турибдики, вилоятларда тор мутахассисларга бўлган талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда кўпроқ мақсадли грант ўринларининг ажратилиши бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир. Мақсад, ординатура квотасини икки маротаба ошириш эвазига аҳолига яқин ва қулай бўлган тиббиёт хизматининг замонавий ва ҳаммабоплик касб этадиган янги сифат даражасига эришиш.
Бу мақсадларимизга бир ёқадан бош чиқариб, бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, виждон амри ва ватанга садоқат руҳидаги ҳалол меҳнатимиз билан етишимиз мумкин.
ГУЛЧЕҲРА МИРЗАЕВА,
Тошкент тиббиёт академияси матбуот котиби.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan