КОРРУПЦИЯ-ИЧКИ ДУШМАН, СОҲТА ДЎСТ…

КОРРУПЦИЯ-ИЧКИ ДУШМАН, СОҲТА ДЎСТ…

          КОРРУПЦИЯ-ИЧКИ ДУШМАН, СОҲТА ДЎСТ…

Ассалому алайкум азиз юртдошим. Бугун яна бир ҳайрли тонг отди. Кечаги кун ортда қолиб, умримизнинг янги саҳифаси очилди. Бу қутлуғ тонг -Рамазон ойининг биринчи санаси…Шукрки, Яратгандан эзгу тилакларимиз ижобатини сўраб қўлларимизни дуога очдик. Ниятларнинг энг яхшисини қилдик. Юрт осойишталиги, ватан тинчлиги, оилаларимиз фаровонлиги, фарзандларимиз бахту камолини сўрадик. Ишларимизга ривож, хонадонларимизга қут-барака тиладик. Олган ва олаётган илмларимиз яхшилик йўлида сарф бўлмоқлигини чин дилдан ният қилдик.

Демакки, биз ҳамжиҳатмиз. Бир макон ва бир замонда яшаётган орзу ва мақсадлари, кўзлаган манзили бир инсонлармиз. Битта жамият дарахтининг мингта япроғимиз…Томирлари жуда чуқур илдиз отган шу жамиятнинг эртанги тақдири сизу бизнинг бугун ўз олдимизга қўйган мақсадларимизга боғлиқ. Сиз билан биз яшаётган бугунги жамият яна юз йиллардан кейин қайси ҳолатда бўлишини ўйлаб кўрганмисиз. Яна бир аср…катта фурсат тўғрими. Бироқ, умрнинг ҳар дақиқаси сувдай оқиб бораётган шу кунлар қадрини ҳамма ҳам бирдай ҳис этадими.

Шулар ҳақда ўйлаяпману, ҳаёлимнинг бир четида кундалик иш режамдан коррупцияга қарши саъю характларимиз тўғрисида мақола ёзиш вазифаси турибди.

Коррупция… бир сўз билан айтганда ҳамма нарсанинг офати, ниятларни пайҳон қиладиган, орзуларни топтаб ташлайдиган, адолат илдизига болта уриб, инсон қаддини букиб қўйишга қодир ички душман у…. Мен унга шу тонг шундай таъриф бердим.

Коррупция… инсон ақлини оздириб, нафси қулига айлантиришга қодир мўрт туйғу, ёлғонларларда ялтираб кўринган соҳта олтин, гуллаб турган ҳаёт рангини хиралаштирадиган, одамлар хавфсизлигига таҳдид солиб, уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа хунук ҳодисаларнинг илдиз отиб кетишига шароит яратиб берадиган соҳта юзсиз дўст у…

“Коррупция – аралашган жойда истеъдод чекиниб, бачканалик ўзини намоён эта бошлайди. Мағлубиятга мукофот тегиб, ютук ва малака ғолиблик майдонини тарк эта бошлайди. Амал курсисига ўрнашиб олган субитсизлик сабаб ривожланиш жараёни чириш босқичига кўчади…

Коррупция ва порахўрликнинг зарарли иллатлари ҳақида Ислом шариатида ҳам қаттиқ қораланади. Аввало, “Шаъриат” деганда– Ислом давлатларида ва барча мусулмон халқлари учун риоя этилиши қатъий бўлган, Қуръон ва Ҳадисга асосланган диний-ҳуқуқий ва ахлоқий қонун-қоидалар йиғиндиси тушунилади. Ислом шариатида коррупция ва порахўрлик қаттиқ қораланади. Бу ўринда бировнинг ҳаққини ноҳақ ейиш ҳамда пора берувчи ва пора олувчи ҳам оғир гуноҳкор бўлишлиги айтиб ўтилади.

Аллоҳ таоло Нисо сураси 29-оятида:

“Эй иймон келтирганлар, бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг”. Дея,марҳамат қилади:

Порахўрлик қанчалик ёмон иллат эканини ҳамма яхши билади. Ҳаммадан ҳам кўра бу ишнинг ёмонлигини мусулмон халқлар яхши тушунадилар. Чунки, бу иш улар учун нафақат бу дунёга, балки, охиратга ҳам тегишли масаладир. Аммо, афсусларки, ҳамон  кўплаб жамиятларда инсонлар порахўрлик исканжасидан қутила олмаяпти.

Порахўрлик сабаб, ҳақ ўрнини ноҳақлик, поклик ўрнини нопоклик, адолат ўрнини эса зулум, хиёнат эгаллаб келмоқда.

Назаримда бу офатлардан қутилишнинг ягона йўли андиша тарозиси ва ҳуқуқий саводхонлик. Ана шундагина бошқа кўплаб муаммолар қатори порахўрлик муаммосининг ҳам олди олинади.

Агар фарзандларимизга болалигидан покни нопокдан, ҳалолни ҳаромдан фарқлашни ўргата олсак биз бу муаммо ечимига олиб борадиган калаванинг учини топган бўламиз.

Демак, коррупцияга қарши курашиш биринчи навбатда оиладаги муҳит ва таълим-тарбиядан бошланади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан қабул қилинган «2019−2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури» да алоҳида вазифалар белилаб берилган.

Шунга кўра мана таълим муассасаларида ёшларга коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий таълим бериш бўйича чора-тадбирлар татбиқ этилди. Жумладан, Тошкен тиббиёт академиясида ҳам. Айни кунда Олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларида коррупцияга қарши мавзуларни янада кучайтириш махсус дастури асосида академия талабалар учун маъруза соатлари ажратилиб, етакчи мутахассислар билан талаба ёшларнинг очиқ мулоқотларига кенг ўрин берилган. Жамоатчилик ва етакчи экспертлар, шу жумладан, хорижий экспертларни жалб этган ҳолда «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасининг мазмун ва моҳияти тарғиб этилмоқда.

Мақсадимиз 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурини изчил рўёбга чиқариш, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган давлат сиёсатининг самарадорлигини оширишга ҳисса қўшиш. Ёшларни қонунийлик, холислик, ҳисобдорлик, очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида ишлайдиган етук мутахассислар сифатида келажакка тайёрлаш.

Тошкент тиббиёт академияи матбуот хизмати.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan