ВАҚТ ИЗМИГА БЎЙСУНМАГАН ШИЖОАТ

Ҳар лахза замонлар умридек узун,
Асрлар тақдири лаҳзаларда хал,

Умрдан ўтажак ҳар лаҳза учун
Қудрат қўли билан қўяйлик хайкал.

 Кулманова Муножат Усмановна

“Инсон ҳаётидаги вақт нима?” деган саволга донолар шундай жавоб берганлар: Вақт–гўё ҳаёт кийими тўқиладиган иплар бўлиб, унинг пишиқ ва нафислигига қараб ҳаёт азиз ҳамда бебаҳо бўлади. Иплар қанчалик сифатли ва тартибли бўлса, ҳаёт шунчалик мазмунли ва халоватли кечади. Келажак авлод инсон ҳаётига баҳо берар экан, унинг қанчалик узоқлигига эмас, балки қанчалик мазмунга эга эканлигига эътибор қаратади. Шунинг учун инсон дунёга келибдики ўз ақл-заковати ва меҳнати билан инсоният тарихида ўзига хос из қолдиришга ҳаракат қилади. Шундай инсонлар борки ҳаётга чақмоқдек кириб келади ва қисқа вақт мобайнида ўз шижоати билан сермазмун ҳаёт кечиради, лекин афсуски бизни эрта тарк этади. Ана шундай вақт измига бўйсунмаган инсонлардан бири устозимиз ва хамкасбимиз Кулманова Муножат Усмановнадир.

М.У. Кулманова 1978 йилнинг 9 ноябрида   Тошкент шаҳрида зиёли оиласида  таваллуд топди. Отаси Усмон ака узоқ йиллар хозирда Тошкент тиббиёт академияси деб аталувчи даргоҳда талабаларга математика ва информатика фанидан дарс бериш билан бир қаторда турли масъул лавозимларда ишлаб, меҳнат жамоаси орасида хурматга сазовор инсон эдилар. Онаси Маърифатхон ая стомотолог бўлганлар. Ота ва онасига хавас килган ёш Муножатхоннинг қалбида шифокор бўлиш орзуси уйғонди. 1995 йил ўрта мактабни тамомлаб хужжатларини Иккинчи Тошкент Давлат тиббиёт институтига топширди ва имтихонлардан муваффақиятли ўтиб ўзи танлаган йўналиши бўйича талаба бўлишга муяссар бўлди. Талабалик йиллари давомида тиббиёт илмига қизиқиши ва иқтидорлилиги билан тенгдошлардан ажралиб турар ва айниқса талабалар илмий жамиятининг фаол аъзоси эди. 2001-йилда Иккинчи Тошкент Давлат тиббиёт институтининг тиббий профилактика факультетини битиргач, ундаги интилувчанлик ва илмга чанқоқликни тўғри фаҳмлаган устозлари уни институтнинг биоорганик ва биологик кимё кафедрасига ассистент лавозимига таклиф қилишди. Тўрт йил давомида тиббий педагогик маҳоратини ва биокимё фанидан билимини айнан шу кафедра бойитди ва мукаммаликка интилувчи ёш олима 2005-2007-йиллар мобайнида эндиликда Тошкент тиббиёт академияси деб аталувчи олийгоҳда лаборатория ташҳиси мутахассислиги бўйича магистратурани тамомлади. Шу йилнинг ўзида ўз кафедрасига қайтиб келиб педагогик фаолият билан биргаликда номзодлик диссертациясини химоя қилиш бўйича илмий изланишларини олиб борди ва профессор Р.А.Сабирова раҳбарлигида  2009 йилда “Состояние защитного барьера желудочно-кишечного тракта при гелиотриновом гепатите и пути его коррекции” мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлади. М.У.Кулманова ташкилий ишларда ҳам фаоллигини кўрсатиб “Тиббий биокимё” мутахассислиги бўйича магистратура йўналиши очилишида қатнашди ва унда талабаларга дарс бера бошлади. Ундаги ташкилотчилик ва илмий салоҳиятни фаҳмлаган академия раҳбарияти ёш бўлишига қарамасдан 2012 йилдан Тиббий ва биологик кимё кафедрасига мудир қилиб тайинлади.

 

 

М.У.Кулманова Тиббий ва биологик кимё кафедраси ходимлари билан (2016 Тошкент)

М.У.Кулманова шу лавозимда умрининг охирига қадар фаолият олиб бориб, биологик кимё фанига бўлган талабаларнинг қизиқишини орттиришга эришди. Фанни ўргатишда турли педагогик усулларни ишлаб чиқиб 2015 йил Олий таълим муассасалари ўртасида ўтказилган “Йил ўқитувчиси” Республика танловида ғолиб чиқиб фаҳрли биринчи ўринни эгаллади.

Кулманова М.У. талабаларга маъруза ўқимоқда

 

Шу билан биргаликда 2016 йили “Роль факторов апоптоза для реализации защитно-барьерной функции слизистой оболочки желудка и кишечника при сальмонеллезной инфекции и хроническом гепатите”  мавзусида докторлик диссертациясини муваффақият билан ҳимоя қилиб тиббиёт фанлари доктори илмий даражасига эга бўлди. 2017-2018 йиллар давомида Тошкент тиббиёт академияси Тиббий профилактика факультети декани лавозимида ишлади ва ўз илмий йўналишида ёш олимларга илмий раҳбарлик қила бошлади.

Кулманова М.У. амалий машғулот жараёнида

Аммо бедаво дард ёш олиманинг ўз шогирдлари камолини к

ўришига тўсқинлик қилди. 2021 йил 18 февраль куни истеъдодли олима, серғайрат ташкилотчи ва меҳнатсевар инсон Кулманова Муножат Усмоновна бевақт вафот этди. Қисқа умри давомида олима 2 та шогирд  тайёрлади, 3та дарслик, 1та монография, 1та ўқув қўлланма ва 100 дан ортиқ илмий мақола ва рисолалар нашр қилди. Ҳозирги кунда устознинг илмий изланиш ишларини шогирдлари давом этдириб,  улар ҳам ўз устозларига муносиб шогирд бўлишга интилиб келмоқдалар.

 Мўйдинов О.Х. – тиббий ва биологик кимё кафедраси катта ўқитувчиси

Сабирова Р.А. – тиббий ва биологик кимё кафедраси профессори

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan