ХАМКАСБИМ ВА ДЎСТИМНИ ЭСЛАБ ! ! !

Ўтган 2020 йил COVID-19 пандемияси сабабли бутун дунё, жумладан, Ўзбекистон аҳолиси учун ҳам оғир йил бўлди. Ушбу касаллик ва унинг оғир асоратлари оқибатида барча мамлакатларда қатор беморлар аҳволи ёмонлашди ва кўплаб инсонлар оламдан ўтди. Бизнинг кафедрамизда ҳам катта жудолик юз берди.

Бевақт ўлим орамиздан дўстимиз, хамкасбимиз, талантли педагог ва тажрибали шифокор ажойиб инсон Абдунаби Абдурашидовични олиб кетди.

А.А. Разиков 1958 йилнинг 21 июнида Тошкентда зиёлилар оиласида таваллуд топган эдилар. Андижон давлат тиббиёт институти ташкил қилиниши муносабати билан оталари Абдурашид домлани тажрибали педагог сифатида ўқув жараёнини тезроқ йўлга қўйиш мақсадида Андижонга кафедра мудири лавозимига ишга юборишади. Абдунаби Абдурашидович Андижон шахрида ўрта мактабда ўқишни давом эттиради ва уни аъло баҳолар билан тугатади. Ота изидан бориб 1975 йилда Андижон давлат тиббиёт институтига ўқишга киради ва 1981 йилда муваффақиятли якунлайди. Ундан сўнг клиник ординатурада тахсил олиб 1993 йилга қадар институтни ички касаллик кафедрасида ассистент лавозимида фаолият кўрсатди.

1993 йилда Абдунаби Абдурашидович профессор А.Гадаев раҳбарлигида I Тошкент давлат тиббиёт институтида янгидан ташкил этилган ва кейинчалик умумий амалиёт врачи тайёрлаш кафедрасига айлантирилган даргохга ишга таклиф этилди. Ушбу кафедрадаги фаолияти давомида у профессор А.Гадаев раҳбарлигида мохир петагог ва талантли шифокор бўлиб етишди. Аввал Абдунаби Абдурашидович юқори курс талабаларига, сўнгги йилларда эса кардиология йўналишидаги магистрларга дарс берди. Уларда юксак педагогик маҳорат билан бирга оддийлик, камтарлик ва меҳрибонлик мужассамлашган эди. Бу хусусиятлар Абдунаби Абдурашидович талабалар, ходимларга беминнат моддий ёрдам кўрсатишларида яққол намоён бўлар эди. Шунинг учун аксарият талабалар уларнинг гуруҳларида билим олиш учун интилишлари табиий бир хол эди. Мен узоқ йиллик бирлагикдаги фаолиятим даврида бирор марта ҳам Абдунаби Абдурашидовични ҳамкасблари, талабалар ва беморлар билан баланд оҳангда гаплашганини эслай олмайман.

Улар доим хозиржавоб, меҳнаткаш, меҳрибон инсон эдилар. Ҳеч кимдан ўз ёрдамларини аямасдилар, Республикамизнинг қатор ҳудудларида хизмат сафарларида бўлиб, тиббиёт олийгохларида ўқув жараёнини яхшилашда, беморлар кўригида фаол қатнашиб ўз хиссаларини қўшганлар.

2000 йиллардан бошлаб биз кафедрамиз қошида талабалар учун “ЭКГ” бўйича тўгарак ташкил этдик. Мен ушбу тўгаракга раҳбарлик қилишни Абдунаби Абдурашидовичдан илтимос қилдим. Уларнинг зукколик билан қилган раҳбарликлари натижасида тўгарак иштирокчилари кўлами йил сайин  кенгайиб бориб, нафақат I ТошМИ, балки бошқа тиббиёт  институтларининг талабалари ҳам қатнаша бошладилар.

Тошкент тиббиёт академияси ташкил этилгандан сўнг тўгарак аъзоларининг сони кескин ошиши муносабати билан машғулотлар бир неча гуруҳларга бўлиб олиб борилди. Тўгаракни юқори курс талабалари ва амалиётда ишлаётган шифокорлар орасида бундай оммалашиб кетишининг асосий сабаби Абдунаби Абдурашидовични кўплар учун мураккаб ҳисобланган ЭКГни тўгарак қатнашчиларига содда, биринчи синф болаларига алифбони ўргатгандек тушунтиришлари эди.

Кафедрамизда тўгарак ўтиш жараёнидаги кўп йиллик тажрибаларимиз ва кузатувларимиз асосида Абдунаби Абдурашидович хаммуаллифлигида Ўзбекистонда илк бор ўзбек тилида “Амалий электрокардиография” номли китоб кўп нусхада нашр қилинди. Айни пайтда ушбу қўлланма магистр – кардиологлар, амалиётда ишлаётган шифокорларнинг доимий ҳамроҳига айланган.

Республикамиздаги кўп сонли врачлар Абдунаби Абдурашидовични ўзларини устозлари деб биладилар. Бунга сабаб уларни кўпчилиги улардан нафақат “ЭКГ” балки ички касалликлар сирларини ўрганганлар.

Клиникамиз кенгайиб кардиореанимация бўлими ташкил қилингандан сўнг тажрибали шифокор сифатида улар ушбу бўлимга даволаш ишлари бўйича жавобгар этиб тайинландилар. Бу даврда Абдунаби Абдурашидович ўнлаб ёш шифокорлар ҳамда кардиолог магистрларга устозлик қилдилар. Ҳозирги вақтда  нафақат бизнинг кардиореанимация бўлимида ишлаётган врачлар балки бошқа қатор тиббиёт муассасаларида фаолият кўрсатаётган шифокорлар ҳам Абдунаби Абдурашидовичнинг мактабларида тахсил олганлар. Улар амалиётда кўп учрайдиган оғир касалликлар, жумладан, миокард инфаркти, ритм бузилишлари ҳамда бошқа қатор оғир ҳолатларда беморларга тўғри ташхис қўйиш ва даволаш сирларини Абдунаби Абдурашидовичдан ўрганганлар.

Абдунаби Абдурашидович жуда камтарин инсон, юқори савиядаги шифокор бўлиши билан бир қаторда юксак педагогик маҳорат ва талант эгаси ҳам эдилар. Улар мунтазам ўз устиларида ишлар, ўқиб – ўрганар доимо тиббиёт оламидаги янгиликлардан хабардор бўлиб турардилар.

Дўстим А.А. Разиков жисмонан орамиздан кетган бўлса ҳам ҳамкасблари ва кўп сонли шогирдлари қалбида абадий яшаб қолади.

                                                             

  Профессор А. Г. Гадаев

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan