Магзумов Башир Хикматуллаевич (1917-1999) – Республика учун муҳим ўринни эгаллаб турган ва тиббиётнинг асосий мактабларидан бири ҳисобланган Ижтимоий гигиена ва соғлиқни сақлашни ташкил қилиш (ҳозирда Жамоат саломатлиги) фанининг етакчи асосчиси ва йирик ташкилотчилардан бири ҳисобланади. Б.Х.Магзумов таниқли олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган врач, соғлиқни сақлаш ташкилотчиси, тиббиёт фанлари доктори, профессор, у нафақат республикада, балки унинг чегараларидан ташқарида хам тиббиёт сохасида машхур инсон бўлган.
Б.Х. Магзумов 1 октябрь 1917 йилда Тошкент шахрида хизматчи оиласида дунёга келди. 1930-йилда тўлиқсиз ўрта мактабни тугатгач, Тошкент шахридаги Й.Охунбобоев номидаги тиббиёт билим юртида, хозирда эса “2-Республика тиббиёт коллежи” деб номланган билим масканида, 1936-1941 йиллар мобайнида Тошкент тиббиёт институтида тахсил олди. Ўз мехнат фаолиятини талабалик даврларидаёқ Тошкент шахридаги 4-сонли болалар поликлиникасида мактаб шифокори лавозимидан бошлаган. Институтни аъло баҳолар билан битиргандан сўнг, Сирдарё вилоят Боявут кишлоғидаги участка касалхонасининг бош шифокори этиб тайинланди ва меҳнат фаолияти жараёнида у ўзининг ташкилотчилик фазилатларини, тиббиёт сохасидаги чуқур билимларини амалиётда намоён эта олди. Б.Х. Магзумов 1943 йилда Сирдарё тумани соғлиқни сақлаш Бош бошқармасига ва 1948 йилда Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи вазифаларига тайинланди ва ушбу лавозимларда Башир Хикматуллаевич 1953 йилгача фаолият олиб борди. Сўнгра Республика сил касаллигига қарши диспансерга бош шифокор этиб тайинланди ва мазкур диспансерда кичик илмий ходим вазифасида ўз илмий фаолиятини бошлади. 1959 йилда “Ичак сили” мавзуси бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя килди. Тошкент зардоб ва вакцина тайёрлаш илмий Текшириш институтида директор лавозимида ишлаган. Башир Хикматуллаевич ўзини ишчанлиги, принципиаллиги, ўзи ва атрофдигиларга нисбатан талабчанлиги, ташкилотчилиги, ўз касбига вафодорлиги билан ажралиб турарди. Ушбу фазилатларни сезган Ўзбекистон Республикаси рахбарияти Башир Хикматуллаевични аввал Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари ва бир оз вақт ўтгандан сўнг эса Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинлади, бу лавозимларда 1960-1966 йилларда фаолият курсатди.
Собик иттифок Соғлиқни саклаш вазирининг ўринбосари вазифасига ҳам тавсия этилган, бу эса Башир Хикматуллаевичнинг Соғлиқни саклаш тизимининг етук ташкилотчиси бўлганлигига далолат эди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигида ишлаган йиллари Башир Хикматуллаевич Магзумов соғлиқни сақлаш муассасалирининг моддий-техник базасини мустахкамлашга, Ўзбекистонда иттифоқлараро экспериментал жаррохлик институтининг филиалини, Андижонда вилоят касалхонаси ва силга қарши диспансери, 16–сонли шахар касалхонаси, Тошкент давлат тиббиёт институтини морфология корпуси қурилишига ва бошка кўплаб тиббий даволаш муассасаларини ташкил этилишига катта ҳисса қўшди. Шуни алоҳида таъқидлаш жоизки, Б.Х.Магзумов Қорақолпоғистон Республикасида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. 1963 йилда Қорақолпоғистонда лепра (мохов) касаллигини ўрганишга қаратилган дерматовенерология илмий-тадқиқот институтининг филиали ташкил этишда фаол қатнашди, институтда олиб борилган изланишлар ушбу худудда моховни бартараф этишга имкон берди. 1965 йилда Хоразм вилоятида ва Қорақолпоғистон Республикасида вабо эпидемияси билан курашиш учун ташкил этилган штабнинг бошлиғи бўлиб, ушбу касалликни киска муддат ичида бартараф этишда бевосита иштирок этди.
1966-1968 йй. Б.Х.Магзумов Санитария, Гигиена ва касб касалликлари илмий текшириш институтида, илмий ишлар бўйича директор муовини вазифасини бажариб келди, шу билан бирга докторлик диссертацияси устида хам иш олиб борди ва 1967 йилда “Кораколпоғистон ва Хоразм вилоятларида вабо тарқалишини бартараф этиш тажрибаси” мавзуси бўйича докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.
Б.Х.Магзумов 20 йилдан ортиқ (1969-1991йй.) Тошкент тиббиёт институти “Ижтимоий гигиена ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш” кафедрасини бошқарган. Бир вақтнинг ўзида (1970-1978 йй.) ушбу институтнинг санитария-гигиена факултетининг декани эди. Бу ерда хам ишига ситқидилдан ёндошиб нафақат кафедранинг, балки бутун санитария-гигиена факультетининг ўқув-методик ва илмий базасини ривожлантиришга катта хисса қўшди. Ушбу факултет кўпчилик Ўрта Осиё республикалари ичидан фақат Тошкент Давлат тиббиёт институтида мавжуд эди. Илмий изланувчилик ишлари, ўқув-педагогик ишлари билан узвий боғланиб кетган бўлиб, у ҳам маърузачи, моҳир педагог, ташкилотчи сифатида ўқув амалиётида янги маълумотларни ва фаннинг замонавий ютуқларини тадбиқ этишга жиддий эътибор берар эди. Институтда фаолият кўрсатган йиллар мобайнида Башир Хикматуллаевич Республика ва бошқа Республикалар учун кўплаб соғлиқни сақлаш ташкилотчиларини тайёрлаб берган ва ижтимоий гигиена ва согликни саклашни ташкил этиш фанини ривожланишига катта ҳисса қўшди. Кўп йиллар давомида Башир Хикматуллаевич “Ижтимоий гигиенист ва соғлиқни сақлаш ташкилотчилари” илмий жамиятининг, “Ижтимоий гигиена ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш” Ихтисослаштирилган илмий кенгашнинг, ушбу ихтисос бўйича муаммоли ва методик комиссия раиси бўлиб келди.
Кафедранинг нуфузини ошириш борасида олиб борган фаолиятида барча Республикалардаги энг машхур олимлар, яъни академиклар Н.Н.Жуков – Вережников, Ю.П.Лисицын, А.В.Серенко, О.В.Гринина, Я.С.Миндлин, В.З.Кучеренко, Л.Г.Розенфельд, М.А.Подлужная, И.С.Безденежных ва бошқалар билан алоқаларни кенгайтирди ва мустаҳкамлади.
Башир Хикматуллаевични нафақат моҳир бошқарувчи, ташкилотчи, балки “Ижтимоий гигиена ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш” йўналиши бўйича илм-фанни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшган билимдон олим деб билишади. Устоз рахбарлигида 5 докторлик ва 27 номзодлик диссертациялар ҳимоя қилинган. Улар 120 дан ортиқ илмий, илмий-амалий, уқув-услубий рисолалар, шунингдек 2 монография, 450 дан ортиқ илмий мақолалар марказий ва махаллий матбуотда чоп этган.
Соғлиқни сақлаш тизимида кўп йиллик ташкилотчилик, илмий-педагогик фаолиятини ситқидилдан олиб борган Б.Х.Магзумовнинг меҳнатлари хукумат томонидан муносиб баҳоланиб, кўплаб орден ва медаллар, фахрий ёрлиқлар, тўрт марта “Хурмат белгиси” ордени, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган врач” унвони билан тақдирланган.
Б.Х.Магзумов нафақат тўғри сўз, талабчан бошқарувчи, бағри кенг устоз, балки яхши турмуш ўртоқ, меҳрибон ота, бобо бўлганлар.
Устоз Башир Хикматуллаевич Магзумов 82 ёшида бу дунёдан кўз юмиб кетганлар, лекин доимо ҳамкасблари, шогирдлари, қариндошлари хотирасида таниқли олим, доно муаллиф, ҳалол ва ажойиб инсон бўлиб мангу қолади.
Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими