Устознинг ёрқин хотираси ҳамиша ёдимизда…

Гистология ва тиббий биология кафедраси профессори К.А.Зуфаров хаёти ва ижоди хақида.

Гистология ва умумий генетика билан биология кафедралари 1920 йилда Ўрта Осиё давлат университетининг тиббиёт факультети қошида ташкил этилди. Бу даврда 2 кишидан иборат кафедрани Москвалик гистолог олим Е.М.Шляхтин бошқарди (1920-1938 йй.). Кафедра ходимларининг асосий эътибори ўқув жараёнини ташкил қилиш, кафедрани кенгайтиришга қаратилди. Кафедрада ўқув адабиётлари, ўргатиш учун гистологик препаратлар йўқ эди, ўқув микроскоплари сони атиги 15 тани ташкил қиларди. Кафедра ходимларининг сайъ-ҳаракатлари билан зарур гистологик препаратлар, намойиш материаллари тайёрланди. Профессор Е.М.Шляхтин гистология курси бўйича маърузалар ёзди ва улардан талабалар қўлланмалар сифатида фойдаландилар.

Кейинчалик кафедрага раҳбарлик қилган профессор З.К.Рахматуллин (1941–1944 йй.)  ва профессор С.М.Миленковлар  (1944-1952йй.) кафедранинг илмий изланиш ишларида нейрогистологик йўналишнинг ривожланишига катта эътибор бердилар. Кафедра ходимлари хайвон организмидаги турли аъзо ва тўқималарда рецептор аппарат морфологиясини ўрганиш билан шуғулландилар, янги гистологик усулларни эгалладилар. Кафедра ўқув препаратлари, микропрепаратлар, чизмалар билан бойиди.

1950-йиллар охирида кафедрада янада нозикроқ замонавий цитологик ва гистологик текширув усулларини эгаллаш бошланди. К.А.Зуфаровнинг 1962 йилда ёқлаган диссертацияси бу борадаги илк ишлардан бири бўлди.

1962-2002 йилларда гистология кафедрасига профессор К.А.Зуфаров раҳбарлик қилди. Бу даврда гистология кафедраси институтнинг энг илғор назарий кафедраларидан бирига айланди. Ўқув препаратлари ва жадваллар коллекцияси бутунлай янгиланди, аксарият ўқув хоналари микропроекторлар билан таъминланди. Электрон микроскоп ва янги тизимдаги ультрамикротомлар билан жиҳозланган муаммоли биофизик лаборатория ташкил қилинди.

1965-1971 йилларда ТошДавТИ ректори лавозимида фаолият кўрсатган.

Ўқув жараёнида асосий эътибор кафедрада олиб борилган илмий тадқиқотлар билан чамбарчас боғлиқ холда цитология, гистохимия ва электрон микроскопия соҳасидаги оҳирги ютуқларга қаратилди. Ўқув жараёни интеграциясини таъминлаш мақсадида биология ва анатомия кафедралари билан ҳамкорликда мунтазам равишда   фанннинг турли бўлимлари бўйича комплекс интеграцион маърузалар ўқилди.  Бериладиган материалларни қайталанишини олдини олиш мақсадида мазкур кафедраларда маъруза ва амалий машғулот дастурларини   профессор К.А.Зуфаров томонидан мувофиқлаштирилди.

1970-йилларда гистологлар мактаби шаклланиб, унга Ўзбекистон гистологлар мактаби ташкилотчиси, Беруний мукофоти совриндори, дунёдаги энг нуфузли Пуркинье медали соҳиби, МДҲ давлатлари анатомлар, гистологлар, эмбриологлар Ассоциацияси раиси муовини, Ўрта Осиё ва Қозоғистон морфологларининг Координацион хайъати раиси, ЎзССР ФАнинг ҳақиқий аъзоси, ЎзССРда хизмат кўрсатган фан арбоби профессор К.А.Зуфаров раҳбарлик қилди.

Проф. Зуфаров К.А., Парпиев А.П., Тўхтаев Қ.Р., Гонтмахер В.М.,Расулев Қ.И., Йўлдошев А.Й.

Собиқ совет даврида у томонидан биринчи марта  «Гистология» дарслиги ўзбек тилида чоп этилди ва ҳозирги даврда ушбу дарсликнинг учинчи нашри чиқди. Китобдаги нодир схемалар ва гисторасмлар Москва ва Тошкента нашр этилган дарслик ва атласларга киритилган. 26 март 1987 йил Давлат реестрида «Ингичка ичакдан қонга сўрилган экзоген оқсилларни буйракда парчаланиши» кашфиёти қайд этилди.

Академик К.А.Зуфаров бошчилигида  яратилган мазкур илмий ихтиро она сути оқсилларини гўдаклар ичагида пиноцитоз ёрдамида сўрилиши ва буйракда парчаланишига бағишланган бўлиб, у янги илмий изланиш ишларини олиб боришга кенг илмий ва амалий имкониятлар очиб берди. Мазкур мактаб кейинчалик «Зуфаров мактаби» номини олиб, бутун дунёга танилган илмий мактабга айланди. Гистология кафедраси ТошДавТИнинг кафедралари ва клиникалари, шунингдек Тошкент, Москва, Ленинград, Ростов, Одесса, Тбилиси ва бошқа бир қанча мамлакатларнинг илмий текшириш институтлари ва  кафедралари билан ҳамкорликда илмий текшириш ишларини олиб борди.

Проф.Зуфаров К.А. Морфологларнинг Бутуниттифоқ съездига тайёргарлик

1977-1978 йилларда Ўзбек Миллий энциклопедияси бош мухаррири лавозимида ишлайди ва унинг рахбарлигида миллий энциклопедиямизнинг           14 жилди охиригача чоп этилади.  К.А.Зуфаров рахбарлигида 56 фан доктори ва 156 фан номзодлари тайёрланди.  Аждодлар руҳига ҳурмат халқимизнинг энг олий фазилатларидан биридир.  Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ. Ўтганларни, уларнинг хайрли ишларини, жасоратини ёдга олмоқ, эъзозламоқ халқимизга хос эзгу фазилатлардандир. Хотира – тириклик чашмасидир. Ундан имон-эътиқод билан сув ичганлар авлоди қудратли ва салоҳиятли бўлади. Шундай экан, устозимизни ҳамиша хотирлаб, бизларга қолдириб кетган бой илмий меросларини ўрганиб, ҳаётимизга изчил татбиқ этиб соҳа йўналишида илмий изланишлар олиб бориш шогирдлар зиммасидадир. Илм фан йўлида заҳмат чекиб фидокорона меҳнат қилган  азиз устозимизнинг ёрқин хотираси хамиша ёдимизда мангудир.

 

Курязова Саодат

Гистология ва тиббий биология кафедраси катта ўқитувчиси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan