Ҳеч кимга сир эмаски, илм-маърифат, маънавият йўлини тутган одам саодатга эришади, ҳаётнинг моҳиятини англаб боради. Адабиёт эса ҳар бир халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини боғловчи таъсир кучига эга муҳим воситадир. Унда ҳар битта миллатнинг маданияти, урф-одати, дунёқараши, маънавияти акс этади. Демак, адабиёт яшаса миллат яшайди, унинг шаъни улуғланади, қадриятлари қадр топади.
Бундан роппа роса уч йил олдин Давлатимиз томонидан ана шундай эзгу мақсадларга ҳизмат қилувчи яна бир йирик лойиҳага қўл урилган эди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 18 апрелда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида Адиблар хиёбони ташкил этиш бўйича қарори қабул қилинди. Бунёдкорлик ишлари натижасида пойтахтимиз марказидаги Адиблар хиёбони яратилди ва адабиётимизнинг забардаст вакиллари хотирасини абадийлаштириш мақсадида ҳайкаллари ўрнатилди.
Мунтазам равишда Тошкент тиббиёт академияси талабалари, профессор-ўқитувчилари томонидан Адиблар ҳиёбонига ташрифлар уюштирилиб, Зулфияхоним ижодини чуқур ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган бадиий кечалар, шеъриятхонликлар ўтказилиб келинмоқда.
19 апрел куни маърифат масканига ташриф буюриб, ТТАнинг ижтимоий фанлар, ўзбек ва хорижий тиллар кафедраси профессор-ўқитувчилари, кафедраларнинг маънавият бўйича масъуллари ва иқтидорли талабалари иштирокида “Эркин ёш авлодлар сенга зўр қанот” шиори остида адабий кеча ўтказилди. Шоира хотираси ёд этилиб, пойига гуллар қўйилди. Талабалар иштирокида баҳри-байт мушоиралари, профессор-ўқитувчилар томонидан Зулфия ижодига мансуб шеълар ўқилиб, “Наво-шифо” ансамбли аъзолари томонидан дилторлар куй ва қўшиқлар ижро этилди.