Бугун Тошкент тиббиёт академияси академик лицейида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигини тантанали нишонлаш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ «Мангуликдаги сўнмас қуёш» деб номланган тантанали адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди. Тадбирда ТТА Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Турдиқул Бобомуротов, ёзувчининг оила аъзолари Ўлмасхон Ҳошимова, Нодира Ҳошимова, шогирдлари шифокорлар, Турон фанлар академияси академиклари Алижон Зоҳидий, Қутбиддин Низомовлар иштирок этдилар.
Йиғилганларга ёзувчининг оила аъзолари ва шогирдлари томонидан буюк адибнинг ҳаёт йўлларига чизгилар, адолат ва ҳалоллик йўлидаги хизматлари, шох асарлари «Дунёнинг ишлари» қиссасининг ёзилиш тарихи, Она сиймосига эхтиром нашидаси тарихи,»Икки эшик ораси», «Тушда кечган умрлар» романларидаги асосий ғоя, асарнинг ечими, мазмунидаги бош ғоя ҳақида маълумот бериб ўтдилар. Адибнинг мангуликдаги сўнмас сиймосига назар солган холда у қолдирган адабий мерос зарварақлари варақланди, ибратли ҳаёт йўлларига назар ташланди.
Академик лицейнинг 20-03 ҳамда 20-09 гуруҳ ўқувчилари томонидан адибнинг «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» асаридан намуналар ёд олдилар, Шумлик туркумидан «Памилдори операцияси», «Шаҳарлик куёв» ҳажвиялари махорат билан саҳналаштирилиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлди. 20-08 гуруҳ ўқувчисининг дилторлар наволари кечага шукуҳ бағишлади.
Бугун академик лицейда чин маънода адабиёт тантанаси бўлиб ўтди. Ўткир қалам соҳибининг мангуликка муҳрланган асарлари асрлар давомида ҳамиша барҳаёт, миллионлаб китобхонларнинг қалбларида яшажакдир. Буюк сиймо Ўткир Ҳошимовнинг хотирасига хурмат бажо келтирилди, нурли ҳаёт йўли, сўнмас асарлари қайта ва қайта варақланди. Тадбирда ОАВ ходимлари иштирок этдилар. Тадбирни ташкиллаштиришда жонбозлик кўрсатган барча устозларга, ўқувчи ёшларга академик лицей маъмурияти номидан миннатдорлик билдирамиз.