Мангуликдаги сўнмас қуёш
Катта истеъдод аввал халқ эътиборини, кейин халқ муҳаббатини ва ниҳоят халқ эътиқодини қозонади. Аслида мана шу уч босқичнинг ҳар бири бир умрга тенг. Ўзбек адабиётининг энг йирик вакили, буюк адиб, асарларида халқ дарди куйланган содда , самимийлик билан қалам тебратиб миллионлаб юракларни забт этган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов чин маънода ҳаёт йўлларида сўнмас из қолдирган ижодкордир.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов “Баҳор қайтмайди”, ”Дунёнинг ишлари”,”Нур борки, соя бор”,”Икки эшик ораси”,”Тушда кечган умрлар”каби роман, қисса ва теран ҳикоялари билан миллионлаб мухлислар қалбидан жой олган,буюк сиймодир. Воқеликни ҳаёт ҳақиқатига омихта қилиб, асар қаҳрамонларининг ички оламини ҳар томонлама мукаммал, тўғри ва аниқ тасвирлаш ва унга ўқувчини ишонтира олиш адибнинг етуклик чўққиси ҳисобланади. Ёзувчининг асарларида инсон тақдири, унинг ўй ҳаёлларининг нозик қирралари ўзининг бадиий ифодасини топган. Адиб қаламга олган мавзуларда инсоф, андиша, меҳр каби инсонга хос фазилатлар одоб-ахлоқ, маънавий олам, миллий қадриятлар, ўзликнинг тараннуми, халоллик ва поклик ҳар бир виждони уйғоқ одамни бахсга чорлайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига биноан Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигини Республикамиз миқёсида тантанали нишонланмоқда. Жумладан, Тошкент тиббиёт академияси академик лицейида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигини тантанали нишонлаш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ «Мангуликдаги сўнмас қуёш» деб номланган тантанали адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди. Тадбирда ТТА Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Турдиқул Бобомуродов, ёзувчининг оила аъзолари Ўлмасхон Ҳошимова, Нодира Ҳошимова, шогирдлари шифокорлар, Турон фанлар академияси академиклари Алижон Зоҳидий, Қутбиддин Низомов, ТТА академик лицейи директори А.Шермуратов, тиллар кафедраси аъзолари ўқувчи ёшлар иштирок этдилар. Йиғилганларга ёзувчининг оила аъзолари ва шогирдлари томонидан буюк адибнинг ҳаёт йўлларига чизгилар, адолат ва ҳалоллик йўлидаги хизматлари, шох асарлари «Дунёнинг ишлари» қиссасининг ёзилиш тарихи, Она сиймосига эхтиром нашидаси тарихи,»Икки эшик ораси», «Тушда кечган умрлар» романларидаги асосий ғоя, асарнинг ечими, мазмунидаги бош ғоя ҳақида маълумот бериб ўтдилар. Адибнинг мангуликдаги сўнмас сиймосига назар солган холда у қолдирган адабий мерос зарварақлари варақланди, ибратли ҳаёт йўлларига назар ташланди. Академик лицейнинг 20-03 ҳамда 20-09 гуруҳ ўқувчилари томонидан адибнинг «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» асаридан намуналар ёд олдилар, Шумлик туркумидан «Памилдори операцияси», «Шаҳарлик куёв» ҳажвиялари махорат билан саҳналаштирилиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлди. 20-08 гуруҳ ўқувчисининг дилторлар наволари кечага шукуҳ бағишлади.Бугун академик лицейда чин маънода адабиёт тантанаси бўлиб ўтмоқда. Ўткир қалам соҳибининг мангуликка муҳрланган асарлари асрлар давомида ҳамиша барҳаёт, миллионлаб китобхонларнинг қалбларида яшайди. Буюк сиймо Ўткир Ҳошимовнинг хотирасига хурмат бажо келтирилди, нурли ҳаёт йўли, сўнмас асарлари қайта ва қайта варақланди
Адиб “….. китоб ёзсангки, уни ўқиган китобхон ҳамма нарсани унутса, асар қаҳрамонинг ҳаёти билан яшаса….” деб орзу қилган. Бугун ёзувчининг китобхонлар кўнглини забт этган , уларни ўйлашга, тафаккур қилишга ундовчи шох асарлари чин маънода эртамиз эгаларининг порлоқ истиқболини нурафшон шамчироқ каби ёритажакдир. Буюк ижодкорнинг асарлари ҳамиша асрлар давомида мангуликдаги сўнмас қуёш янглиғ нур таратиб бораверали.
ТТА академик лицейи
Ёшлар билан ишлаш, маънавий ва маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари
Нигора Ҳакимова