Бугун Ўзбекистон Республикаси Давлат Герби қабул қилинганлигига 29 йил тўлди. Тошкент тиббиёт академияси илмий педагогик жамоаси барча юрдошларимизни ушбу сана билан табриклайди.
Герб бу – Ватан рамзи, давлатнинг юзи,
У билан ишончли миллатнинг сўзи.
Ҳар қайси ҳужжатда бор муҳр, изи,
У билан мангудир тизимнинг ўзи.
Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг мустақиллигини ифодаловчи муқаддас белгидир. Давлат рамзлари ҳамиша муқаддас ва улуғ саналади. Чунки у халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган ватаннинг ёрқин тимсолидир. Ҳақиқатан ҳам, ҳаётимизда рамз ва тимсолларнинг ўрни катта. Зеро, миллий рамзлар ор-номус, шон-шараф саналган. Туғини жонидан ортиқ асраган Тўмарис, Спитамен, Муқанна, Темур Малик, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби ўнлаб саркардалар ҳаёти ҳам бугун авлодларимизга катта ибрат. Аслида Ватан рамзларини кўзга суртиш, уни тўтиё қилиш – Ватанни севиш, унинг учун жонини фидо қилишга тайёр бўлиш деганидир.
Ҳаммамизга маълумки, ҳар бир давлатнинг Конституцияси, байроғи, герби, мадҳияси каби рамзлари мустақиллигининг муқаддас белгиларидир. Давлатимизнинг рамзлари Давлат байроғи (1991 йил), Давлат Герби (1992 йил), Давлат мадҳияси (1992 йил) қонун ҳужжатлари орқали мустаҳкамланган.
Шу рамзлардан бири Давлат гербидир. Герб – бу бир давлатни бошқалардан ажратиб турадиган нишони, рамзи ва тимсолидир. Герб қайси давлатга тегишли бўлса, ўша давлатнинг тарихий анъаналарини ифодаловчи рамзий аҳамиятга эга бўлган тасвирлар йиғиндисидан иборат.
Давлатимиз герби 1992 йил 2 июлда Ўзбекистон Республикасининг Олий Кенгаши томонидан қабул қилинган қонун билан тасдикланган. Шу сабаб, 2 июль – Ўзбекистон фуқаролари учун байрам сифатида қадрли ва унутилмас кунлардан бирига айланган.
Шу маънода, Ўзбекистон халқларининг шон-шарафи, ғурури, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассамлаштирган гербимиз жонажон Ватанимизнинг бетакрор тимсоли, ўзига хос ва ўзига мос давлат рамзларидан бири бўлиб қолгани бекорга эмас. Чунки гербимиз ҳам Ўзбекистонимиз каби бетакрор. Ундаги ҳар бир тасвир, ҳатто ҳар бир чизиқда мамлакатимиз салоҳияти, халқимизнинг эзгу орзу-умидлари мужассам. Тошкент тиббиёт академиясида хам хар йили давлатимиз рамзларига ифтихор билан қараш, уларга ҳурмат билан муносабатда бўлишга қаратилган турли мавзуларда тадбир ва учрашувлар амалга ошириб келинади. Ўзини жаннатмакон юрт ва табаррук замин фуқароси, олижаноб ва бағрикенг халқнинг муносиб фарзанди деб билган, ўз мамлакати, меҳмондўст халқи билан чексиз фахрланган ҳар бир инсон гербимизни, шу сингари бошқа бебаҳо ижтимоий-сиёсий қадриятларимиз бўлган давлат рамзларимизни Ватанимиз каби азиз ва муқаддас деб эътироф этиши, эъзозлаши ҳам фарз, ҳам қарздир.
Зеро, хар ёш Ўзбекистон Республикасида яшаши билан фаҳрланиши керак, тошкент тиббиёт академиясида ўқиши билан ғурурланиши керак.