Вирусдан сақланишнинг ягона йўли — вакцинация…

Исроиллик олимларнинг тадқиқотлари натижалари Covid-19 га қарши икки маротаба эмланганларга антитаналар титри бир маротаба эмланганлардагига нисбатан 6-12 марта кўпроқ эканини кўрсатди.

Инсон умрининг узоқ бўлишига, аввало, атроф-муҳит, иқлим, ирсият, турмуш тарзи, турли касалликлар каби омиллар бевосита таъсир кўрсатади. Ўтган аср бошларида дунёда одамларнинг ўртача умр ёши 35 йил бўлган бўлса, замонавий тиббиёт ва янги технологияларнинг ёрдами туфайли бугунги кунда ушбу кўрсаткич 72 ёшни ташкил этмоқда.

Одамзот азалдан ўлат, вабо, чинчечак, полиомиелит каби юқумли касалликлар билан касалланган ва катта талафотлар кўрган. Янги минг йилликда бу касалликлар батамом тугатилиб, уларнинг ўрнига одамлар илгари кўрмаган ва билмаган, кўплаб ўлимларга олиб келадиган, ўта хавфли вирусли касалликлар пайдо бўлмоқда.

Атроф-муҳит, иқлим ва аҳоли турмуш тарзининг ўзгариши, миграцион жараёнлар фаоллашуви баъзи вирусли юқумли касалликларнинг дунё бўйлаб эпидемия, пандемия тарзида кенг тарқалишига олиб келаётир.

Ўтган йилдан буён давом этаётган Covid-19 пандемияси инсоният тарихида халқаро аҳамиятга эга бўлган ўта хавфли фавқулодда вазият сифатида тан олинди. Табиат ва жамиятда янги-янги вируслар пайдо бўлиши, одамлар орасида тарқалиши ва касаллик чақириши табиий ҳолат. Инсоният ва жаҳон тиббиёти ушбу касалликларга қарши курашишга, уларнинг олдини олишга ҳар доим тайёр турмоғи лозим.

Covid-19 пандемияси бутун дунё соғлиқни сақлаш тизими олдига ўта муҳим ва жиддий муаммоларни қўйди. Ўзбекистонда эпидемиологик вазият нисбатан турғун бўлишига қарамай, дунёдаги таҳликали вазият, вирусларнинг янги-янги штаммлари пайдо бўлиши зудлик билан улар тарқалишининг олдини олиш чораларини кўришни тақозо қилади.

Мазкур инфекцияга қарши курашишнинг энг самарали усули — аҳолини оммавий эмлаш. Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 апрелидан аҳолини бепул оммавий эмлаш ишлари бошлаб юборилди. Бу “ZF-UZ-VAC 2001”, “СПУТНИК V”, “AstraZeneca” каби вакциналар ёрдамида амалга оширилмоқда. Учала вакцина ҳам клиник синовлардан ўтказилган.

Covid-19 инфекциясининг оғир кечиши, кўплаб ўлим юз бериши, жиддий асоратлар қолдириши кўпчиликка маълум бўлиб улгурди. Касалликни дори-дармонлар ёрдамида даволаш ҳам катта самара бермайди. Шундай экан, унинг олдини олиш, касалликдан сақланишда вакцинация биринчи планга чиқмоқда.

Аҳолини кўпгина юқумли касалликларга қарши профилактик эмлаш узоқ йиллардан буён қўлланиб келинади. Эмлаш туфайли чинчечак, полиомиелит, дифтерия каби юқумли касалликлар батамом тугатилган, кўкйўтал, қизамиқ, қоқшол, паратит каби касалликлар кескин камайтирилган. Бу, аввало, иммунопрофилактиканинг самараси.

Иммунопрофилактика юқумли касалликларга қарши курашда энг самарали тадбирлардан биридир. Бу борада эришилган ютуқлар айнан эмлаш ишлари билан боғлиқ.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг юқумли касалликларга қарши курашиш, айрим юқумли касалликларни батамом тугатиш, баъзиларини кескин камайтириш дастури ҳам айнан иммунопрофилактикага асосланади.

Ўзбекистонда эмлаш дастурини амалга ошириш борасида муайян ютуқларга эришилган. Аҳолини юқумли касалликларга қарши эмлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, иммунопрофилактика стратегияси мамлакатимизнинг амалдаги қонунлари, ЖССТ тавсияларига асосланган. Шунингдек, бу жараён қулай, бепул ва аҳолининг кенг қатламларини қамраб олади.

13 июль ҳолатига кўра, дунё аҳолисининг 13 фоизи Covid-19 га қарши эмланган. Ўзбекистонда бу кўрсаткич 10 фоизни ташкил этади. Эмланганларда эмлашдан кейин жиддий асоратлар ва ўлим ҳолатлари кузатилмади.

Эмланганда касаллик юқмайди, деган тушунча кўпчиликнинг онгига сингиб кетган. Аслида эса профилактик эмлаш касаллик юқишини тўлиқ бартараф этмаслигини эслатиш жоиз. Вирус эмланган кишиларга ҳам юқиши мумкин, аммо уларда касаллик енгил шаклда, асоратларсиз кечади.

Эмлаш жараёнида мавҳум, ишончсиз ва асоссиз тарғиботларга ҳам дуч келинмоқда. Тиббиёт мутахассиси бўлмаган баъзи кишилар ижтимоий тармоқлар орқали эмлашга қарши, айниқса, янги вакциналар ҳақида ҳар хил хабарлар тарқатмоқда. Шунинг учун эмлаш ва вакциналар ҳақидаги маълумотлар ишончли, асосланган манбалардан олиниши мақсадга мувофиқ.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Covid-19 га қарши 200 дан ошиқ вакцина ишлаб чиқилган, уларнинг кўпчилиги клиник синовлардан ҳам ўтказилган, шундан 15 таси амалиётга тавсия этилган.

Аксарият фуқаролар 2-3 маротаба эмлаш нима учун керак, деб сўрашади. Вакциналар одатда эмланувчи организмга бўлиб-бўлиб (2-3 марта), муайян муддат оралиғида киритилади. Бундай тартибда эмлаш тиббиётда азалдан бор. Вакцинани организмга қайта киритиш эмлашнинг самарадорлигини оширади, антитана ҳосил бўлиши кучаяди ва у узоқ сақланади. Бу, ўз навбатида, эмланган кишининг инфекцияга қарши курашиш қувватини кучайтиради.

Covid-19 га қарши вакциналарнинг деярли барчаси икки ёки уч марта эмлашга мўлжалланган.

Дунёдаги кўплаб тиббиёт муассасаларида ўтказилган илмий тадқиқотлар натижаларига кўра, “Covid-19”га қарши бир неча марта эмланиш вакцинанинг ҳимоя кучини бир неча баробар оширади. Биринчи маротаба эмлангандан икки ҳафта кейин касалликдан ҳимояланиш даражаси 52 фоиз экани кузатилган. Исроиллик олимларнинг тадқиқотлари натижалари Covid-19 га қарши икки маротаба эмланганларга антитаналар титри бир маротаба эмланганлардагига нисбатан 6-12 марта кўпроқ эканини кўрсатди.

Covid-19 га қарши вакцинани қайси ҳолатларда олиш керак? Қайси ҳолатларда эмлаш керак эмас? Бу саволлар ҳам аҳолини энг кўп қизиқтирмоқда.

Мутахассислар фикрича, ҳар қандай касалликка қарши эмлашда унинг фойдаси ва зарарини ҳисобга олиш лозим. Covid-19 бўйича эмлашда ҳам қарши кўрсатмалар мавжуд. Хусусан, 18 ёшга тўлмаганлар, ҳомиладорлар, эмизикли оналар, ўткир касалликлар хуружи давридаги беморлар ва вакцина оқсилларига ўта сезувчанлиги бор кишилар эмланмайди.

Шунингдек, фуқаролар эмлангандан кўра касалланиб ўтиш яхши эмасми, деган саволни ҳам кўп беряпти. Тўғри, эмланиш масаласини ҳар ким ўзи мустақил ёки даволовчи шифокори иштирокида, мавжуд эпидемиологик вазият ва ўзининг саломатлик ҳолатидан келиб чиққан ҳолда ҳал қилади. Шуни назарда тутиш керакки, агар қарши кўрсатма бўлмаса, эмлаш соғлиқ учун кўпроқ фойда келтиради. Чунки эмлашдан кейин пайдо бўладиган иммунитет касалланиб ўтгандан кейинги иммунитетдан кучлироқ бўлади. Эсдан чиқармаслик керакки, ер юзи аҳолисининг 22 фоизи ёки беш нафаридан бирида Covid-19 нинг оғир клиник шаклига сабаб бўлувчи қўшимча касалликлар мавжуд. Касалликдан кейинги асоратлар, иш кунлари йўқотилиши, қўлланиладиган дориларнинг ножўя таъсири, касалликнинг оила аъзоларига юқиши каби салбий оқибатлар беморларни даволагандан кўра аҳолини эмлаб, касалликнинг олдини олиш ниҳоятда афзал эканини кўрсатади.

Юртдошларимиздан Covid-19 инфекциясига эрта ташхис қўйиш, даволаш ва касалликнинг олдини олиш ва унга қарши эмлашда мутахассислар фикрларига, илмий асосланган тавсияларга амал қилишларини сўраймиз.

Алишер ШОДМОНОВ,

Тошкент тиббиёт академияси ректори

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan