Тиббиёт илм-фани янги босқичга кўтарилмоқда

Холис назар

Тиббиёт илм-фани  янги босқичга кўтарилмоқда

Бунга имкониятимиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам етади!

 

Инсон капитали табиий капиталдан устун! Буни Корея ва Япония давлатлари мисолида кўришимиз мумкин. Чунки ҳар иккисида табиий бойлик захиралари деярли йўқ. Лекин улар илм-фанни ривожлантириш орқали бундай бойликларга эга мамлакатлардан ҳам анча илғорлаб кетишган. Масаланинг туб моҳияти илм-фан ривожи билан боғлиқ.

Бугун дунёда глобаллашув жараёни янада жадаллашган. Бу эса муаммоларни ҳал этишда борган сари рақобат кучайишига олиб келмоқда. Натижада илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш, уларнинг ечими учун янги инструментларни қўллаш тақозо этиляпти. Бу, ўз навбатида, жамиятни юксалтириш ва халқаро майдонда рақобатбардош бўлиш омили ҳамдир.

Хўш, шундай шароитда юртимизда илм-фанни ривожлантириш учун қандай марралар қўйилган? Кўзланган мақсадларга эришиш учун нималар қилишимиз мумкин?

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 октябрдаги  “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонида бу борадаги устувор вазифалар белгиланган.

Бу орқали Ўзбекистонни 2030 йилга қадар глобал инновацион индекс рейтингида дунёнинг 50 та етакчи давлати қаторига киритиш мақсад қилинган. Шунга мувофиқ инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган стратегик режа эълон қилинди.

Агар биз халқаро майдонда рақобатбардош бўлишни истасак, албатта, халқаро илмий тилда гаплашишмиз керак.

Ҳозир “WEB of Science”, “SCOPUS” каби маълумотлар базасида индексация қилинадиган халқаро илмий журналларда чоп этилган мақолалар орасида Ўзбекистоннинг ялпи улуши 0,1 фоизга яқин. Беш мингдан ортиқ нашриётларнинг 22 минг номдаги илмий журналларини ўз ичига олган “Scopus” маълумотлар базаси асосида SJR (ScimagoJournal&CountryRank) ресурсининг таҳлилларига кўра, Ўзбекистон битта мақолага ҳаволалар кўрсаткичи бўйича жаҳоннинг 239 давлати ўртасида 220-ўринни эгаллаб (6,52), мамлакатимизнинг H-index кўрсаткичи 86 ни ташкил этмоқда.

Демак, бундай марраларга етишимиз учун олимларимизнинг илмий ишланмаларини халқаро даражага кўтаришимиз, уларнинг халқаро олимлар билан бир хил илмий тилда гаплашишини таъминлашимиз лозим.

Шу мақсадда сўнгги йилларда Тошкент тиббиёт академиясининг моддий-техник базаси янада мустаҳкамланяпти.

Аввало, кафедраларда ўқув-илмий лабораториялари ташкил этилди. Масалан, Анатомия кафедраси интеактив Пирогов столи билан таъминланди. Биофизика ва информатика кафедрасида компьютер-лаборатория жиҳозлари янгиланди. Тиббий ва биологик химия ҳамда Атроф-муҳит гигиенаси ва инсон саломатлиги кафедраларига эса замонавий ўқув-илмий лаборатория жиҳозлари ўтказилди.

Бинобарин, Симуляцион марказ ташкил қилиниб, унга академик инновациялар фондидан 200 минг АҚШ доллари, Германия Халқаро ҳамкорлик ташкилоти(GIZ)нинг томонидан 500 минг евро ҳамда академиянинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қарийб 1 млрд. сўмга итерактив панел ва доскалар, симуляцион виртуал робот-беморлар, Боди интеракт, Академикс 3D, Патолоджи 3D, лапораскоп, гистероскоп каби жиҳозлар харид қилинди.

Бугунги кунда марказий илмий-текшириш лабораториямизда 50 дан ортиқ таҳлилларни амалга ошириш имконияти мавжуд. Бундан ташқари, муассасамизга Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан 2 млн. 200 минг долларлик янги жиҳозлар олиб келинмоқда. Улар бош ўқув биномиздаги инновацион илмий лабораторияга жойлаштирилади.

Қолаверса, Жанубий Корея Республикасининг Корё Университети билан ҳамкорликда илмий-тадқиқот лабораторияси ишга туширилган бўлиб, бу ерда ҳар қандай биологик моддаларни текшириш мумкин.

Албатта, булар ўз ижобий натижасини бермоқда. Академиянинг сўнгги 3 йилда эришган кўрсаткичлари буни яққол тасдиқлайди. Хусусан, 2019 йилда 46 та,  2020 йилда 43 та, 2021 йилда 58 та, яъни уч йилда жами 147 та илмий иш ёқланган. Шундан 28 таси докторлик, 119 таси фалсафа доктори диссертацияларидир.

Шу даврда олимлар томонидан чоп этилган мақоалар сони 3000 дан ошади. Халқаро илмий базалардаги мақолалар ҳам сўнгги 3 йилда 22 тадан 152 тага, патентлар сони 3 тадан 13 тага, муаллифлик гувоҳномалари эса 24 тадан 177 тага  кўтарилди. Айни пайтда уларнинг иқтибослик даражаси Google Scholar — 11645, Scopus – 997,  Web of Science – 388 тани ташкил қилади.

Олий ўқув юртларида ишлаётган ҳар бир педагог ходим илмий иш билан шуғулланиши лозим. Акс ҳолда, уларнинг коллеж, лицей ёки мактаб ўқитувчисидан фарқи қолмайди. Шу сабабли ёш кадрларни ишга қабул қилиш жараёнида уларнинг илмга мойиллиги ўрганилиб, илмий иш билан шуғулланиш вазифаси қўйлади.

Биргина 2020-2021 ўқув йилида 11 та докторлик ва 47 та фалсафа доктори диссертациялари ҳимоя қилинди. 250 та диссертация мавзулари тасдиқланди. Шундан 68 таси фан доктори (DSc) ва 182 таси фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси учун тайёрланаётган диссертация мавзуларидир.

Ўтган йили Тошкент тиббиёт академияси мамлакатимиздаги тиббиёт олий ўқув юртлари орасида биринчи бўлиб дунёнинг энг таниқли ва мустақил халқаро рейтинглардан бири бўлган “Times High Education” рўйхатига кирди. Маҳаллий рейтингда эса тиббиёт таълим муассасалари орасида з номинацияда биринчи ўринни эгаллади.

Ҳозир муассасамизда антиплагиат тизими жорий қилинган ва барча илмий мақола ва илмий ишлар ушбу тизимдан ўтказилади.

Маълумки, мазкур замонавий усулда илмий иш ва мақолалар қанча кўп текширилса, шунча кўп камчилик чиқади. Айни сабабдан плагиатлик миқдори ошиб бораётгандек таассурот пайдо бўлади. Аслида эса Ўзбекистон илм-фани кейинги беш йил ичида янги босқичга чиқди.

Ҳар қандай ривожланиш олдин сон, кейин сифат билан ўлчанади. Бизда илмий маҳсулотларимиз миқдори билан бир қаторда, сифати ошишига ҳам катта эътибор қаратиляпти.

Ўйлашимча, Ўзбекистонда илм-фанни Корея ва Япония даражасига кўтариш ҳар бирмизга боғлиқ ва албатта, бу вазифани тўлақонли уддалаймиз.

 

Шуҳрат БОЙМУРАДОВ,

Тошкент тиббиёт академиясининг

ўқув ишлари бўйича проректори,

тиббиёт фанлари доктори,

 профессор

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan