Мультифокал атеросклероз ва қон айланиш касалликлари

Шу йилнинг 11 февраль куни Тошкент тиббиёт академияси 1 клиникасида мультифокал атеросклероз ва қон айланиши касалликларини олдини олиш ва даволашга замонавий қарашлар мавзусида анжуман бўлиб ўтди.

Анжуманда профессор ўқитувчилар, соҳа мутахассислари, талабалар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Конференцияда Тошкент тиббиёт академияси олимлари атеросклерозга олиб келувчи генетик омиллар ва холестерин метаболизмининг бузилишларини ашёвий далилашган. Яъни қуён ва каламушларда ўтказилган экспериментлар, “Мультифокал атеросклероз ва қон айланиш касалликлари клинико-биокимёвий, морфологик ва патогенетик муаммолари, уларнинг асоратларини ташхислаш ва даволаш” мавзусидаги фундаментал лойиҳа доирасида қилинаётган илмий-тадқиқот натижалари таҳлил қилинди.

Конференциянинг амалий қисмида ташкилотчилар томонидан, маҳаллий журналистларга беморларни даволашдаги янгиликлар борасида маълумотлар берилди, яъни қон айланиши касалликларини аниқ ташхисловчи, хусусан, бош мия инсультини ташхислашда ва касалликни прогнозлашда муҳим бўлган “Цереброкардиомиополиграфик ускуна тақдимоти бўлиб ўтди.

– Ушбу замонавий диагностик мослама бир вақтнинг ўзида миянинг турли шикастланган ва соғлом тўқимаси функционал ҳолатига баҳо беради, юрак ва фалажланган мушаклар ўзгаришларини солиштиради, даволаш самарадорлигини назорат ва таҳлил қилишга имкон беради, — дейди ТТА неврология ва тиббий психология кафедраси профессори Мақсуд Асадуллаев. — Бу каби даволаш ва диагностика ускуналарини амалиётга киргизиш бемор тезроқ оёққа туришига замин яратади. Ангиографик ўзгаришлар, инсульт ва инсульт олди касалликларини чуқур ўрганиш, замонавий биокимёвий ва коагулологик ускуналар орқали олинган натижалар солиштирилади, кўпроқ натижа берадиган даволаш усуллари амалиётга киргизилаётгани соғлиқни сақлаш соҳасидаги ютуқлардан бири саналади. Биз ушбу ускуна билан инсультга учраган одамларда ўлим кўрсаткичини камайтиришга эришамиз.

Зеро, бугунги кунда юқорида айтиб ўтилган касалликларни олдини олиш, уларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш учун чуқурроқ илмий изланишлар ва янги технологияларни ривожлантириш талаб этилади. Шу боис, ушбу соҳадаги илмий тадқиқотлар ўлим хавфи юқори бўлган касалликларни олдини олиш, аниқлаш ва самарали даволашнинг янги усулларини ишлаб чиқиш учун ҳам муҳимдир.

Зулхумор АКБАРОВА

https://yuz.uz/news/multifokal-ateroskleroz-va-qon-aylanish-kasalliklari

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan