Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 22-апрелдаги “Тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан Тошкент давлат тиббиёт университети (Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва Тошкент давлат стоматология институти негизида) ташкил этилди. Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда ушбу олийгоҳда таҳсил олаётган Ҳиндистонлик 1-курс талабасининг таълим сифати борасида билдирган эътирозларига оид хабарлар тарқалди. Унда кўтарилган масалалар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги махсус ишчи гуруҳи томонидан ўрганилди. Ўрганишлар натижаси бўйича қуйидагилар маълум қилинади. Жумладан:
Тошкент давлат тиббиёт университети таълим сифати ҳақидa
ТДТУда хорижлик талабаларга мўлжалланган ўқув дастурлари ишлаб чиқилган бўлиб, дарслар тўлиқ инглиз тилида олиб борилади. Олийгоҳда 439 нафар фан номзоди, 198 та фан доктори, 87 нафар профессор ва 209 та доцент фаолият юритади. Дарс берувчи профессор-ўқитувчиларнинг барчаси камида B2 даражасидаги тил билиш сертификатига эга. Дарс жараёнлари доимий назорат қилинади, тил барьерини бартараф этиш мақсадида «Тил ўргатиш маркази» орқали мунтазам малака ошириш ишлари олиб борилади. Халқаро факультет талабаларининг дарс жараёнларига тизимли равишда Ҳиндистондан юқори малакали мутахассислар ҳам жалб қилинади. Масалан, 2025 йил апрель ойида Тошкент давлат тиббиёт университетига анатомия фанидан дарс бериш учун ҳиндистонлик мутахассис
Др. Прашант Пандуранг жалб қилинган (https://t.me/tma_official/16771). Бундан ташқари, хорижий талабаларга инглиз тилида дарсларни сифатли ташкил этиш мақсадида шарт шароитлар доимий яхшилаб борилмоқда.
Инглиз тили дарслари ҳақида
Постда билдирилганидек, талабаларга “алифбо ва грамматика” ўргатилмайди. Тошкент давлат тиббиёт университетида хорижий талабаларга мўлжалланган махсус “Medical English” фани ўқитилади. Бу фан орқали талабалар тиббиёт атамалари, илмий мулоқот, тақдимот ва мақола тайёрлаш кўникмаларини эгаллайдилар.
Анатомия фани ҳафтада нечи маротаба ўтилади?
“Анатомия” фани ҳафтасига жами 6 академик соат (4 соат амалиёт, 2 соат маъруза) тарзида олиб борилади. Қўшимча машғулотлар ва тўгараклар ҳам йўлга қўйилган.
Дарслар бекор қилиниши ёки онлайн ўтказилиши ростми?
ТДТУда барча таълим дастурлари WFME (Бутунжаҳон тиббий таълим федерацияси) талаблари асосида халқаро аккредитациядан ўтган (https://t.me/tma_official/18019). Ўқув жараёни тасдиқланган жадвал асосида олиб борилади ва тюторлар томонидан доимий назорат қилинади.
Ётоқхонадаги шароитлар
Талабалар турар жойларида санитария-гигиена талаблари доимий равишда таъминланади, жумладан, ҳиндистонлик талабалар истиқомат қилаётган ётоқхонада ҳам. Фаррошлар, тарбиячи-педагоглар ва комендант томонидан ётоқхона тозалиги доимий назорат қилинади. Талабалар билан гигиена бўйича маърузалар мунтазам ўтказилади.
Шунингдек, ётоқхонага жойлашишдан олдин хорижий талабалар эмланганлик тўғрисидаги сертификатларни тақдим этадилар. Юқумли касаллик кузатилган ҳолатларда Санитария-эпидемиология назорати хизматининг талабларига кўра, улар ва контактда бўлган шахсларни дарҳол эмлаш чоралари кўрилади.
Имтиҳон жараёнлари ҳақида
Имтиҳонлар замонавий – автоматлаштирилган тест тизими орқали ўтказилади. Тестлар назарий билим билан бирга клиник фикрлашни ҳам баҳолайди. 2025 йилда тестдан ўта олмаган 18 нафар хорижий талаба ўқишдан четлаштирилган. Бу талабаларнинг билим даражаси баҳолаш мезонларига тўлиқ асосланган ҳолда аниқланган.
ТДТУнинг халқаро мақоми
Олийгоҳ WFME халқаро аккредитациясига эга бўлиб, бу Ҳиндистон Миллий тиббиёт кенгаши (NMC) томонидан ҳам тан олинади. Бугунги кунда университетда 25 дан ортиқ давлатдан келган хорижий талабалар таҳсил олмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ижтимоий тармоқларда, хусусан “Reddit” платформасида келтирилган маълумотлар ўз тасдиғини топмагани, мақолада мурожаат муаллифи сифатида кўрсатилган исм-шариф бўйича ТДТУда таҳсил олаётган талаба мавжуд эмаслигини маълум қиламиз. Бу эса ушбу хабар манбаи аноним, ишончлилиги эса шубҳали эканини кўрсатади. Билдирилган фикрлар бирёқлама ва субъектив бўлиб, олий таълим муассасасида олиб борилаётган таълим жараёнининг объектив ҳолатини акс эттирмайди.
Шу ўринда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалаётган ҳар қандай мурожаатни эътиборсиз қолдирмайди ва барча эътироз ва мурожаатлар юзасидан объектив ёндашув асосида тегишли чораларни кўриб боради.
Тошкент давлат тиббиёт университети ахборот хизмати
2025 йил 6 май