Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда келтирилган.
Фармонга кўра, Пенсионерларни ижтимоий жиҳатдан янада қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ҳаётида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда уларнинг салоҳияти, тажрибаси ва билимини тўлақонли жалб қилиш, пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш, шунингдек, мазкур йўналишда халқаро тамойил ва стандартларни жорий этиш мақсадида, 2019 йил 1 январдан бошлаб барча ишловчи пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланиши белгиланган.
Шунингдек, 2019 йил 1 январдан пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдорини энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаридан 10 баробаригача ошириш (Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи миқдори 202 730 сўм) тўғрисидаги таклифлар маъқулланган.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси 2019 йил 1 январдан пенсияни ҳисоблашда қабул қилинадиган иш ҳақининг максимал миқдори оширилишини ҳисобга олган ҳолда пенсиялар миқдори қайтадан ҳисоблаб чиқилишини таъминлайди.
Қайд этиш керакки, президент бу ўзгариш ҳақида Конституция байрами куни ваъда берганди.
«Конституциямизда аҳолининг муҳим ижтимоий ҳуқуқи сифатида кафолатланган пенсия таъминоти келгуси йилларда ҳам энг долзарб масалалардан бири бўлиб қолади», – дея таъкидлаб ўтганди давлат раҳбари.
Президент 2019 йилдан бошлаб пенсия тўловининг юқори чегараси энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаридан 10 баробарига оширилиши ва ишлаётган пенсионерларга пенсиялар тўла миқдорда тўланишини қўшимча қилганди.
«Ўзбекистон Республикаси пенсия таъминоти тизимини ривожлантириш ва ислоҳ этиш истиқболлари» халқаро амалий семинарида иштирок этган БМТ вакилига кўра, ижтимоий ҳимояда пенсия масаласи доимо долзарб бўлиб келган.
«Мамлакат аҳолисининг асосий қисми ишга яроқли қатлам. Лекин, шунга қарамай пенсияга доимий эътибор қаратилиши лозим. Пенсия бўйича ислоҳотларни тартибли йўлга қўйиш мақсадида Жаҳон банки вакиллари билан ишлар олиб борилмоқда. Хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш керак. Мисол қилиб Польшани ҳам олиш мумкин», деган БМТ Тараққиёт дастури вакили Хуршид Рустамов.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрелида Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан ишлаб чиқилган давлат пенсия тизимини ислоҳ қилиш концепциясида Ўзбекистонда пенсия ёшини босқичма-босқич ошириш таклиф этилганди.
Бугунги кунда пенсия ёши Ўзбекистон Республикасида нафақат Европа, Америка, Осиё мамлакатлари орасида, балки МДҲ давлатлари ичида ҳам энг кичик ҳисобланиб, муддатидан аввал пенсияга чиқиш ҳуқуқини ҳисобга олган ҳолда, ўртача эркакларда 58 ёшни, аёлларда эса 53 ёшни ташкил этади. Муддатидан аввал пенсияга чиқиш ҳуқуқи ҳисобга олинмаганда эса, эркаклар 60 ёшда, аёллар 55 ёшда пенсияга чиқиши мумкин бўлади.
Манба: kun.uz