ТАЪЛИМ СИФАТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

Таълим сифатини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Таълим сифатини назорат қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–5538-сон Фармонига мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (кейинги ўринларда – Давлат инспекцияси) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 1 мартдан бошлаб хорижий давлатларда берилган таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш (эквивалентлигини қайд этиш) тартибини жорий этиш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи:
а) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида алоҳида бўлинмалари (филиаллари) ва қўшма таълим муассасалари фаолият юритаётган хорижий таълим муассасаларида таълим олган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг (кейинги ўринларда – фуқаролар);
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Давлат инспекциясининг қўшма қарори билан рўйхати ҳар йили тасдиқланадиган халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education, Academic Ranking of World Universities) рейтингида олий таълим муассасалари орасида биринчи 1 000 ўринни эгаллаган хорижий олий таълим муассасаларида таълим олган фуқароларнинг;
тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идораларининг йўлланмалари асосида мутахассисларни мақсадли тайёрлаш учун хорижий давлатлар томонидан ажратилган квоталар (грантлар) ҳисобидан таълим олган фуқароларнинг;
1992 йил 1 январгача хорижий таълим муассасаларига ўқишга кирган фуқароларнинг;
Олий таълимда сифатни кафолатлаш Европа ассоциациясининг (European Association for Quality Assurance in Higher Education) тўлақонли аъзолари – ваколатли ташкилотлар томонидан аккредитация қилинган таълим муассасаларида таълим олган фуқароларнинг, рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган йўналишлар, мутахассисликлар ва касблар бундан мустасно;
Америка Қўшма Штатлари, Австралия Иттифоқи, Исроил Давлати, Канада, Сингапур Республикаси, Корея Республикаси, Япония давлатларининг ушбу давлатлар ваколатли ташкилотлари томонидан аккредитация қилинган таълим муассасаларида таълим олган фуқароларнинг, рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган йўналишлар, мутахассисликлар ва касблар бундан мустасно;
хорижий олий таълим муассасаларида мутахассисларни мақсадли тайёрлаш учун Ўзбекистон Республикасининг вазирлик ва идоралари томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан таълим олган фуқароларнинг;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳолларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларини тўғридан-тўғри (махсус синовларсиз) тан олиш ва нострификация қилиш (эквивалентлигини қайд этиш);
б) таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш (эквивалентлигини қайд этиш) тўғрисидаги аризаларни фақатгина Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Давлат инспекциясига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилсин:
Ўзбекистон Республикаси таълим муассасалари рейтингини тузиш ва расман эълон қилиш;
ўқувчиларнинг билим даражасини баҳолаш бўйича халқаро дастурлар ва тадқиқотларда Ўзбекистон Республикасининг иштирокини таъминлаш;
дунёнинг етакчи рейтинг ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш ва миллий олий таълим муассасаларининг ушбу рейтингларга киришига ҳар томонлама кўмаклашиш.
3. Миллий олий таълим муассасалари фаолиятини ўрганиш ҳамда ушбу муассасаларда кадрлар тайёрлаш сифатини, жумладан, халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани жорий этиш орқали ошириш юзасидан ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклифлар киритиб бориш учун масъул бўлган Давлат инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозими киритилсин.
Белгилансинки, Давлат инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади ҳамда мақоми, тиббий ва транспорт таъминоти шароитлари бўйича вазирнинг биринчи ўринбосарига тенглаштирилади.
4. Давлат инспекциясининг бошқарув ходимлари чекланган сони 108 нафардан иборат янгиланган ташкилий тузилмаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Давлат инспекциясининг бошлиғига, зарур ҳолларда, ходимларнинг ўрнатилган чекланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Давлат инспекцияси тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
5. Давлат инспекцияси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
таълим муассасаларининг рейтингини белгиловчи дунёнинг етакчи рейтинг ташкилотлари билан ҳамкорлик ўрнатсин;
2019 йил 1 апрелга қадар илғор хорижий тажрибани ўрганиш натижаларига кўра, таълим муассасаларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
2019 йил 1 июнга қадар таълим муассасалари, педагог ходимлар, таълим олувчилар, таълим-тарбия жараёни ва бошқа зарур ахборотлар тўғрисида ягона маълумотлар базасини шакллантиришни ўз ичига олган таълим сифатини таъминловчи ахборот тизимини жорий этиш бўйича таклифлар тайёрласин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
6. Белгилансинки, 2019 йил 1 февралдан:
педагог кадрларга биринчи ва олий малака тоифаси, етакчи ва бош ўқитувчи лавозими бериш, шунингдек, умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасаларида мазкур малака тоифасига ва лавозимига талабгорларга малака тоифасини беришда тўланадиган йиғимлардан тушадиган маблағнинг 50 фоизи Давлат инспекциясининг бюджетдан ташқари Ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади (кейинги ўринларда – Жамғарма);
Жамғармага тушадиган маблағларнинг 80 фоизгача бўлган миқдори Давлат инспекцияси бошлиғининг қарорига кўра, лавозим маошининг 200 фоизигача миқдорда ойлик устамалар тўлаш, моддий ёрдам кўрсатиш, хизмат вазифаларини виждонан ва ташаббускорлик билан бажарганлиги учун мукофот пули, шунингдек, мамлакат ичида ва ташқарисидаги хизмат сафарлари харажатларини тўлаш тарзида ходимларнинг моддий рағбатлантирилишига йўналтирилиши мумкин.
7. Давлат инспекциясига Жамғарманинг маблағлари ҳисобидан қуйидаги харажатларни тўлашга рухсат этилсин:
Давлат инспекциясига юклатилган вазифа ва функцияларни бажариш доирасида давлат органлари ва ташкилотлари, илмий ва олий таълим муассасалари, етакчи халқаро ва хорижий ташкилотларнинг малакали мутахассислари, шу жумладан, таълим соҳасидаги хорижий экспертлар ва хорижда яшаётган ватандошларни маслаҳатчилар сифатида жалб қилиш;
Давлат инспекцияси ходимларини илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасаларда, шу жумладан, хорижда ўқитиш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш;
Давлат инспекцияси, унга идоравий мансуб ташкилотлар ва ҳудудий бўлимларининг фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш.
8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ва Давлат инспекцияси тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ Давлат инспекциясининг бино ва иншоотларини реконструкция қилишни Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг келгуси йиллардаги давлат дастурларига киритилишини таъминласин.
9. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимовга – юклатилган вазифаларнинг лозим даражада бажарилиши юзасидан вазирлик ва идораларни мувофиқлаштириш, шунингдек, ушбу қарорнинг бажарилишини мунтазам кўриб чиқиш юзасидан;
Давлат инспекциясининг бошлиғи У.Н.Ташкенбаевга –мазкур қарорга мувофиқ жорий этиладиган хорижий мамлакатларда берилган таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш (эквивалентлигини қайд этиш) тартибининг амалда рўёбга чиқарилишини таъминлаш, мазкур соҳадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича сифатли ва пухта ишлаб чиқилган таклифларни киритиш юзасидан шахсан жавобгар эканликлари кўрсатиб ўтилсин.
10. Давлат инспекцияси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
а) қуйидаги бўйича янги йиғимлар миқдорларини тасдиқлаш:
хорижий мамлакатларда берилган таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш (эквивалентлигини қайд этиш);
миллий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари томонидан берилган расмий ҳужжатларга апостиль қўйиш;
б) қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2019 йил 16 январь

Translate: Рус

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan