Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик фаолиятини жадал ривожлантириш, нодавлат ташкилотлар томонидан суд-экспертлик фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини шакллантириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг нодавлат суд-экспертиза ташкилотларини ташкил этишга рухсат бериш ва уларга 1-иловадаги рўйхатга мувофиқ суд экспертизаларининг айрим турларини ўтказиш ҳуқуқини бериш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.
2. Белгилаб қўйилсинки:
нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг суд экспертлари қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини пуллик асосда 2-иловага мувофиқ давлат муассасаларида ўтайдилар;
суд экспертизаси соҳасида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини тамомлаган шахсларга уларнинг касбий лаёқатини ва суд экспертларига тегишли ихтисослик бўйича қўйиладиган малака талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи суд эксперти сертификати берилади;
суд эксперти сертификатини олган шахслар ҳақидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида жойлаштириладиган Ягона реестрга киритилади;
нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг суд эксперти томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда суд эксперти сертификатини олмасдан туриб суд экспертизаси ўтказилишига йўл қўйилмайди;
нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертизасини ўтказишда давлат суд-экспертиза муассасалари каби функцияларни амалга оширади, улар каби ҳуқуққа эга бўлади, мажбуриятларни бажаради ва жавобгар ҳисобланади;
суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) нодавлат суд-экспертиза ташкилоти томонидан ўтказилган суд экспертизаси хулосасига қўшилмаган тақдирда, такрорий суд экспертизаси фақат давлат суд-экспертиза муассасалари томонидан амалга оширилади;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан унинг расмий веб-сайтида белгиланган тартибда жойлаштириладиган нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари рейтинги юритилади.
3. 2019-2020 йилларда суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирига:
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази (кейинги ўринларда – Марказ) ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан пуллик хизматлар кўрсатишдан келиб тушадиган ва бошқа бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан Марказнинг янги бўлинмаларини ташкил этиш ва қўшимча штатлар бирлигини жорий қилиш;
Марказ томонидан бажариладиган ишлар, кўрсатиладиган хизматлар бўйича тарифлар, нархлар ва қийматларни мустақил равишда белгилаш ҳуқуқи берилсин.
5. Давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари 2022 йил 1 январга қадар уларнинг фаолиятини таъминлаш учун четдан олиб келинадиган асбоб-ускуналар, реактивлар ва сарфлаш материаллари учун “Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУКнинг ижобий хулосаси олинган тақдирда божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинсин.
6. Белгилаб қўйилсинки:
Марказ ходимларининг Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра лавозим маошини белгилашда тариф коэффициентлари бир ярим баробар миқдорда қўлланилади;
ушбу бандда назарда тутилган тадбирлар билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Марказнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Марказга кўрсатилган пуллик хизматлардан тушадиган маблағларнинг 50 фоизигача бўлган қисмини Марказ ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантириш тадбирлари учун Бюджет ташкилотини ривожлантириш жамғармасига йўналтиришга рухсат берилсин.
7. Илмий тадқиқотлар натижаларини суд-экспертлик фаолиятига татбиқ этиш, суд экспертизаларини ўтказиш услубиётини такомиллаштириш, давлат суд-экспертиза муассасаларининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг устувор йўналиши этиб белгилансин.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг илмий-тадқиқот муассасалари ва олий таълим муассасалари Марказнинг тегишли бўлим ва лабораторияларига 4-иловага мувофиқ бириктирилсин.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Марказга малакали мутахассислар орасидан суд экспертларини танлаб олишда кўмаклашсин.
8. Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 мартга қадар Марказнинг ихтисослаштирилган янги биноси белгиланган тартибда фойдаланишга қабул қилинишини таъминласин.
9. Терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ходимлари суд экспертининг мустақиллиги тамойилларига сўзсиз риоя қилишлари ҳамда суд экспертларининг профессионал фаолиятига ҳар қандай кўринишларда, шу жумладан, ортиқча бюрократик сансалорлик ҳолатларини юзага келтириш ва асоссиз чақирувлар орқали таъсир кўрсатишга йўл қўймаслик ҳақида қатъий огоҳлантирилсин.
10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.К.Давлетов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2019 йил 17 январь
Translate: Рус