Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда улар раҳбарлари фаолиятини аниқ кўрсаткичларга эришиш самарадорлигига асосланган баҳолашнинг асосий мезонлари тўғрисида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди (https://regulation.gov.uz/uz/document/2324).
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 28 январдаги «Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик вазифалари амалга оширилиши самарадорлиги учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг масъулиятини оширишга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5644-сон фармонининг 3-банд 3-хатбошиси ва 4-банд 3-хатбошиси ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қарор лойиҳаси билан ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда улар раҳбарлари фаолиятини аниқ кўрсаткичларга эришиш самарадорлигига асосланган баҳолашнинг асосий мезонлари тасдиқланади.
Ижро этувчи ҳокимият органлари ва улар раҳбарлари фаолиятининг баҳолаш мезонлари энг аввало, Ўзбекистон Республикаси президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисга мурожаатномаси, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, Ўзбекистон Республикаси президентининг ҳудудларга ташрифи мобайнида берилган топшириқлар, қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардан келиб чиқадиган муҳим ва устувор вазифаларни амалга оширишга қаратилганлиги белгиланади.
Шу билан бирга, қарор билан баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби тасдиқланади. Унга кўра:
– ижро этувчи ҳокимият органлари ҳар йил январь ойининг 10-санасигача қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда, ўз фаолиятининг баҳолаш мезонлари бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади;
– Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи органлари томонидан тақдим этилган баҳолаш мезонларини иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва бошқа соҳаларни стратегик ривожлантиришнинг яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган дастурларини амалга оширилиши натижадорлиги жиҳатидан танқидий кўриб чиқади;
– Вазирлар Маҳкамаси баҳолаш мезонларини тасдиқлаш бўйича ваколатли орган сифатида белгиланади ва уни тегишли меъёрий ҳужжат билан ҳар йилнинг 20-февралигача тасдиқлайди.
Шунингдек, лойиҳада ижро этувчи органларнинг баҳолаш мезони юзасидан тизимли мониторинг ва назорат, жумладан Парламент назорати ўрнатилади. Хусусан:
– вазифаларни амалга оширилиши юзасидан чораклик Вазирлар Маҳкамаси Раёсатида кўриб чиқилади;
– Олий Мажлис палаталарида ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг ва улар томонидан мақсадли вазифаларга эришишда амалга оширилган чоралар бўйича доимий ҳисоботларни эшитиш амалиётини жорий этилади;
– Вазирлар Маҳкамаси томонидан ижро этувчи органларнинг баҳолаш мезони юзасидан мониторинг натижаларини чуқур таҳлили асосидаги чораклик маълумотларни Ўзбекистон Республикаси президенти Админстрациясига киритиб бориш амалиёти жорий этилади.
Қайд этилишича, мазкур ҳужжат лойиҳасини қабул қилиниши барча даражадаги ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда улар раҳбарлари фаолиятини аниқ кўрсаткичларга эришиш самарадорлигига асосланган ҳолда баҳолаш мезонини жорий этишга мустаҳкам замин яратади.
Манба: kun.uz