Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лиан Куппенс Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадмановга ЖССТнинг безгак касаллигини элиминация қилган давлат мақомини тасдиқловчи сертификатини тақдим этди.
Тадбир давомида Л. Куппенс хоним Ўзбекистон сўнгги йилларда ҳудудни безгакдан ҳоли қилиш борасида катта қадам ташлаганини қайд этиб, буни улкан ва тарихий ютуқ сифатида эътироф этди.
Бу натижага эришиш учун мамлакатимизда шифокор, санитария ва эпидемиология тизими мутахассислари томонидан безгакка қарши курашиш билан боғлиқ кенг кўламли иш олиб борилди. Мақсадли тадбирлар ўтказилиши натижасида юртимизда сўнги йилларда безгакнинг маҳаллий қайд этилиши умуман кузатилмаган.
Табиийки, безгак элиминацияси бўйича ҳалқаро сертифат олган ҳар бир давлат эришилган натижани сақлаб қолиш учун барча комплекс чора тадбирларни давом эттириш мажбуриятини олади. Мамлакатимизда ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2017 йилда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида 2017 –2021 йилларда безгакнинг қайта тикланишини олдини олиш бўйича миллий стратегия асосида бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда иш олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2017 йилда Ўзбекистонда қизамиқ ва қизилча касаллиги элиминация қилинганини халқаро миқёсда эътироф этган бўлса, эндиликда эса юртимизни безгакнинг маҳаллий қайд этилишидан ҳоли ҳудуд сифатида тан олди.
Аҳоли саломатлиги мамлакатимизнинг асосий бойлигидир. Шунинг учун юртимизда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилашга катта эътибор берилаётир. Шу мақсадда Ўзбекистонда юқумли касалликларнинг республика ҳудудига кирмаслигини таъминлаш борасида фаол эпидемиологик кузатув ўрнатилган.
Манба: Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Translate: Рус