Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрларни мақсадли тайёрлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди (https://regulation.gov.uz/uz/document/3423).
Ҳужжат билан Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиши мумкин.
Низомга кўра, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни мақсадли тайёрлаш идора ичида, идоралараро ҳамда давлатлараро шаклда амалга оширилади.
Олий таълим ёки илмий-тадқиқот муассасаси идоравий мансуб вазирлик ёки идораси тасарруфидаги бошқа ташкилот, олий таълим ёки илмий-тадқиқот муассасаси учун кадрлар тайёрлаши идора ичидаги мақсадли докторантура шаклида амалга оширилади.
Олий таълим ёки илмий-тадқиқот муассасасининг бошқа вазирлик, идора ва ташкилотлар учун кадрлар тайёрлаши идоралараро мақсадли докторантура шаклида амалга оширилади.
Бир мамлакатнинг олий таълим ёки илмий-тадқиқот муассасаси бошқа мамлакатнинг олий таълим ёки илмий-тадқиқот муассасаси учун кадрлар тайёрлаши давлатлараро мақсадли докторантура шаклида амалга оширилади.
Юқори малакали илмий ва илмий педагогик кадрларга эҳтиёжи мавжуд бўлган олий таълим ёки илмий-тадқиқот муассасаси, шунингдек вазирлик, идора ёки ташкилот буюртмачи ташкилот ҳисобланади.
Докторантларни идора ичида ва идоралараро мақсадли тайёрлаш учун олий таълим ёки илмий-тадқиқот муассасаси ва буюртмачи ташкилот ҳамда докторант ўртасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уч томонлама шартнома тузилади.
Давлатлараро мақсадли докторантура халқаро шартномалар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан тартибга солинади.
Идора ичида ва идоралараро мақсадли докторантурага қабул қилинган изланувчиларга таянч докторантура ва докторантурага қабул қилинган изланувчилар каби қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда стипендия тўланади ҳамда таътил берилади.
Мақсадли докторантурага қабул қилинган шахслар докторантура даврида диссертация ишини ҳимоя қилиши ёки ҳимоя қилиш учун топширишлари лозим.
Қонун ҳужжатларида назарда тутилган олий ўқув юртидан кейинги таълим талабларини бажарган ва белгиланган тартибда диссертация ҳимоя қилган ҳамда давлат намунасидаги тегишли дипломни олган шахс уни ўқишга юборган буюртмачи ташкилотда камида 3 йил ишлаб бериши лозим.
Белгиланган тартибда диссертация ишини ҳимоя қилмаган шахс билан меҳнат муносабатлари буюртмачи ташкилот ва докторант билан келишилган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Мақсадли докторантурага номзодлар буюртмачи ташкилот томонидан тавсия этилади. Бунда, бир ўринга юборилаётган номзодларнинг сони камида 2 нафар бўлиши лозим.
Буюртмачи ташкилот тегишли мутахассисликлар бўйича илмий даража ва илмий унвонли профессор-ўқитувчилари мавжуд ҳамда замонавий илмий-тадқиқот базасига эга бўлган олий таълим ёки илмий-тадқиқот муассасасига тегишли ихтисослик бўйича мақсадли докторантурага квота ажратиш юзасидан хат юборади.
Хатга буюртмачи ташкилот биринчи раҳбари томонидан имзоланган мақсадли докторантурага кириш учун номзодларга берилган тавсияномалар илова қилиниши лозим.
Олий таълим ёки илмий-тадқиқот муассасаси тегишли ихтисослик бўйича мавжуд имкониятларидан келиб чиқиб, мақсадли докторантурани амалга ошириши ёки амалга ошира олмаслиги тўғрисида буюртмачи ташкилотга ёзма жавоб юборади.
Мақсадли докторантурага қабул қилувчи олий таълим ёки илмий-тадқиқот муассасаси ҳар йили 1 майга қадар ўзлари тизимига кирадиган вазирлик, идора ёки ташкилотга мақсадли докторантурага қабул қилиш юзасидан квота ажратиш бўйича мурожаат қилади.
Тасарруфида олий таълим ёки илмий-тадқиқот муассасаси бўлган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ҳар йили 15 майгача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига юқори малакали илмий, илмий-педагогик кадрларга бўлган эҳтиёжлар, амалдаги олий ўқув юртидан кейинги таълим институтларининг самарадорлиги, таълим олаётган докторантлар ва мустақил изланувчилар контингенти, илмий раҳбарлар ва илмий консультантларнинг самарали ишлари, шунингдек мазкур Низомда белгиланган, битта илмий раҳбар ва битта илмий консультантга бириктириладиган докторантлар сонидан келиб чиқиб, кейинги йилдан бошлаб таянч докторантурага, докторантура ва мақсадли докторантурага Ўзбекистон Республикаси давлат бюджет маблағлари ҳисобига ўқитиш учун қабул квотаси бўйича асосланган таклифлар билан мурожаат қиладилар.
Вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар бўйича қабул квотаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 майдаги 304-сон қарори билан тасдиқланган Олий ўқув юртидан кейинги таълим тўғрисидаги низомга асосан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланади ва ҳар йили 1 июндан кечикмасдан тегишли равишда тасарруфида олий таълим ёки илмий-тадқиқот муассасаси бўлган вазирликлар, идоралар ва ташкилотларга юборилади.
Вазирлик, идора ва ташкилотлар тегишли ихтисослик бўйича тасдиқланган қабул квотаси тўғрисидаги маълумотни тасарруфида бўлган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасасига ҳар йили 15 июнгача етказадилар.
Мақсадли докторантурага ўқиш учун талабгорлардан ҳужжатлар олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси қабул комиссияси томонидан 15 сентябрдан 15 октябргача бўлган даврда қабул қилинади.
Мақсадли докторантурага кириш имтиҳонларини ташкил этиш, номзодлардан талаб қилинадиган ҳужжатлар, ўқиш муддати, докторантурадан четлатиш, илмий раҳбар ва консультантларни тайинлаш ва четлатиш, ҳужжатларни расмийлаштириш ва ҳисобот тақдим этиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 майдаги 304-сон “Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган таянч докторантура ва докторантурага қўйилган талаблар ва муддатлар асосида амалга оширилади.
Мақсадли докторантурага қабул қилувчи олий таълим ёки илмий-тадқиқот муассасаси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
докторантнинг илмий фаолиятини назорат қилиш ва ҳисобот материалларини сўраб олиш;
илмий раҳбарнинг докторантни хорижий етакчи илмий марказларга илмий хизмат сафарига юбориш тўғрисидаги илтимосномаси асосида илмий хизмат сафарига юборишнинг мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш;
шахсий режаларини бажармаган докторантларни Коллегиал орган (илмий кенгаш, кенгаш, илмий-техник кенгаш, илмий-мувофиқлаштирувчи кенгаш ва ҳ.к.) қарори билан докторантурадан четлатиш ва бу ҳақда буюртмачи ташкилотга хабар бериш.
Мақсадли докторантурага қабул қилувчи олий таълим ёки илмий-тадқиқот муассасаси қуйидаги мажбуриятларга эга:
мақсадли докторантурага фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун магистр даражаси ёки клиник ординатура (тиббиёт фанлари учун) ёки олий маълумот (мутахассислик дастурлари бўйича) тўғрисидаги дипломга эга бўлган, фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) ёки унга тенглаштирилган хорижий мамлакатларда олинган илмий даражаларга эга бўлган шахсларни танлов асосида қабул қилишни таъминлаш;
фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун номзодларнинг малакавий имтиҳонларини топшириши, умумназарий тайёргарлиги ва илмий-тадқиқотлар ўтказиши учун зарур шароитларни яратиб бериш;
докторант билан илмий раҳбар ёки консультант ўртасида илмий изланишлар бўйича жиддий келишмовчиликлар юз берганда Коллегиал органда (илмий кенгаш, кенгаш, илмий-техник кенгаш, илмий-мувофиқлаштирувчи кенгаш ва ҳ.к.) докторантнинг илмий раҳбарини ёки консультантини алмаштириш тўғрисидаги асосланган аризасини кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш;
ҳар йили докторантнинг шахсий режасини амалга ошириш тўғрисидаги ҳисоботини тинглаш ва ҳисобот натижалари бўйича хулоса бериш ҳамда хулоса нусхасини буюртмачига тақдим этиш.
Буюртмачи ташкилот қуйидаги ҳуқуқларга эга:
докторантнинг илмий фаолиятини назорат қилиш ҳамда ҳисобот материалларини сўраб олиш;
диссертация ишини ҳимоя қилолмаган шахслар билан меҳнат муносабатларини улар билан келишган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этиш.
Буюртмачи ташкилот қуйидаги мажбуриятларга эга:
мақсадли докторантурага юборилаётган номзодларнинг тегишли ихтисослик бўйича тавсия этилишини, бунда, бир ўринга юборилаётган номзодларнинг сони камида 2 нафар бўлишини таъминлаш;
мақсадли докторантурага қабул қилинган шахслар билан мақсадли докторантурага қабул қилинганлик тўғрисидаги буйруқ ёки ундан тасдиқланган кўчирма асосида меҳнат шартномасини бекор қилиш.