Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 март куни ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз аҳолисининг 30 фоизи 14 дан 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун замонавий шароит ва имкониятлар яратилган. Шу билан бирга, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш долзарб масала ҳисобланади. Ёшлар қанчалик маънавий баркамол бўлса, турли ёт иллатларга қарши иммунитети ҳам шунча кучли бўлади.
Маълумки, давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди.
Биринчи ташаббус ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади.
Иккинчи ташаббус ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган.
Учинчи ташаббус аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган.
Тўртинчи ташаббус ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган.
Бешинчи ташаббус хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларини назарда тутади.
Мақоламизда ёритмоқчи бўлган янгилик-бу бешинчи ташаббус, яъни хотин-қизларимизни бўш вақтини мазмунли ўтказиш, қизларимизни оилавий хаётга тайёрлаш хамда уларни хунарли бўлишини таъминлаш мақсадида Ректоримиз ташабусси билан 4-сонли талабалар турар жойида тикувчилик хонаси очилди. Тикувчилик хонасида 6 та тикув машинаси ўрнатилган бўлиб, хона керакли жихозлар, тикувчилик анжомлари билан тўлиқ таъминланди. Қизларимизга тикувчилик сирларини ўргатиш учун малакали тикувчи-педагог хам ишга олинди. Тикувчилик курсига хозирги кунда академияниннг турли факультетларида тахсил олаётган 12 нафар қизимиз аъзо бўлдилар ва улар аллақачон тикувчилик сирларини ўрганишни бошладилар. Келгусида тикувчилик курсининг ишларини янада кегайтириб, ТТЖ учун ётоқ анжомларини тикиш, пардалар тикиш, талабалар турар жойида яшовчи талабаларнинг кийим-кечакларини таъамирлаш ишларини хам йўлга қўйиш мўлжалланган. Шу билан бирга, Олмазор тумани Шифокорлар шахарчаси худудида жойлашган “Хислат” махалласида истиқомат қилувчи кам таъминланган оилада истиқомат қилувчи хотин-қизларга тикувчилик илмини ўргатиб, уларни иш билан таъминланишида хисса қўшиш хам назарда тутилган.
Фурсатдан фойдаланиб биз талаба қизларимизни янги ташкил этилган тикувчилик курсига таклиф этиб қоламиз.
ТТА хотин-қизлар бошланғич ташкилоти раиси Л.К.Абдукадирова