Murabbiylik kengashi

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан кўтарилган ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 та ташаббус юзасидан олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида амалга ошириладиган ишлар (PDF)


МУРАББИЙ ЖУРНАЛИ-2019 (PDF)

Олий таълим муассасаларида гуруҳ мураббийларини, уларнинг фаолияти самарадорлигига қараб рағбатлантириш. (PDF)

Мураббийлик иш режаси 2019-2020 й.(PDF)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та устувор ташаббуси бўйича Тошкент тиббиёт академиясида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот. (PDF)


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ ТОШКЕНТ ТИББИЁТ АКАДЕМИЯСИ

«МУРАББИЙЛАР ҲАҚИДА»ГИ

НИЗОМ

УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

Республикамизнинг ижтимоий, сиёсий, маънавий таракқиётидаги муҳим ўзгаришлар мустақиллигимизни мустаҳкамлашга асос бўлиб хизмат қилмоқда. Халқимиз озод, адолатли демократик, ҳукуқий давлат ва фуқаролик жамияти қуриш йўлини танлаб, ўз ички имкониятларига таянган ҳолда янги тарақкиёт пойдеворини яратмоқда. Бу жараён ўзига хос маънавий-маърифий ишларимизни миллий истиқлол ғояси руҳига мослаб кенг миқёсда олиб боришни тақазо этмоқда.

«Таълим тўғрисида»ги қонун, «Кадрлар тайёрлаш Миллий дастур»и талаба-ёшларга замонавий таълим бериш ва уларни комил инсон қилиб тарбиялаш, юқори малакали кадрларни тайёрлашни ўз ичига қамраб олган.

Талаба-ёшларни етук маънавиятли ва маърифатли, ўз касбининг моҳир мутахассислари этиб тарбиялашда ўқув гуруҳларида иш олиб борувчи мураббийларнинг ўрни беқиёсдир.

Академияда фаолият юритаётган курс мураббийлари (кейинги ўринда мураббий ) – курсдаги талабалар билан доимий муносабатларда бўладиган, уларга интеллектуал, маънавий-маърифий ва ахлоқий жиҳатдан тўғри тарбия бера оладиган, шунингдек, ёшларда ижтимоий – иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатдан юзага келаётган муаммоларни бартараф этишга кўмак берадиган шахсдир.

МУРАББИЙЛАРНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

Мураббий  тарбиявий йўналишда доимий иш олиб боради ва ҳар бир талабанинг ўқув, илмий, ижтимоий фаолиятига катта эътибор беради. Мураббийнинг асосий вазифалари:

1.1. Миллий истиқлол ғояси ва мафкурасининг мазмун моҳиятини ёшлар қалбига сингдириш.

1.2. Талаба-ёшларни ватанпарвар ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш.

1.3.Талаба-ёшларни баркамол инсон бўлиб шаклланишига ҳисса қўшиш.

1.4. Бозор иқтисодиёти талаблари даражасидаги юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш.

1.5. Талаба-ёшларни янги жамиятнинг фаол бунёдкорлари этиб тарбиялаш.

Мураббий тарбиявий йўналишда доимий иш олиб боради ва ҳар бир талабанинг ўқув, илмий, ижтимоий фаолиятини оширишга катта эътибор беради.

1.6.  Талаба-ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини яратиш мақсадида спорт тўгараклари ва турли клубларга жалб этиш. Ногирон ва кам таъминланган талабаларга алоҳида ҳомийлик қилиш.

1.7. Талаба-ёшларнинг билими, ижтимоий ҳаётнинг ҳодисаларини билиш, уларда ижодий фикрлашни шакллантириш, ижтимоий-гуманитар фанларга қизиқтириш, талабаларни илмий фаолиятга йўналтириш.

1.8. Академия раҳбарияти ва деканатларнинг буйруқлари, фармойишлари, эълонлар ва Академия янгиликларидан гуруҳдаги талабаларни хабардор қилиш ҳамда ижросини назорат қилиш.

1.9. Талаба-ёшларнинг ўз-ўзини бошқаришини ривожлантириш, уларнинг Академиядаги ижтимоий-сиёсий,маданий ва спорт тадбирларида иштирокини фаоллаштириш.

1.10. Меҳнат интизомини мустаҳкамлаш, талабаларга “Академия ички тартиб қоидалари” ва “Академия одоб-ахлоқ қоидалари” ни тушунтириш.

1.11. Талаба-ёшларнинг ўз-ўзини бошқаришини шакллантириш, уларнинг Академиядаги  ижтимоий-сиёсий, маданий ва спорт тадбирларидаги иштирокини фаоллаштириш.

1.12. Бириктирилган гуруҳ билан давра суҳбатлари, кечалар, экскурсиялар, тажрибали профессор-ўқитувчилар ва бир неча йиллар Академияда ишлаган фаҳрийлар билан учрашувлар ташкил этиш.

1.13. Талабаларнинг дарсларга қатнашишини текшириб бориш.

1.14. Ҳар ойда гуруҳ талабаларининг ҳар бири билан бир академик соат давомида якка тартибда суҳбат ўтказиш.

1.15. Гуруҳдаги талабаларнинг интизомини мунтазам кузатиб бориш.

1.16. Ўқитувчи ва талаба ўртасидаги зиддиятларни олдини олиш.

1.17. Талабаларни давлат, номдор стипендияларга тавсия этишда фаол иштирок этиш.

1.18. Талабаларнинг ота-оналари билан мулоқот қилиб бориш.

1.19. Ҳар бир талабанинг шахсий қизиқиши тўғрисида маълумотга эга бўлиш.

1.20. Ўтказилган машғулотлар ҳусусида мураббийлар кенгашига ҳисобот бериш.

1.21. Доимо гуруҳдаги вазиятни баҳолаб бориш, соғлом муҳитни таъминлаш.

1.22. Талабалар турар жойлари ва ижарада турадиган талабаларнинг яшаш шароити билан танишиб бориш, махалла йиғини раиси, участка нозирлари билан ҳамкорликда иш олиб бориш.

1.23.Тасдиқланган жадвал асосида “Маънавият ва ахборот соатлари”  ва мураббийлик соатини олиб боришдан иборат.

1.24. Талабаларни маънавият кунлари доирасида музей, кино-театр, тарихий обидаларга олиб бориш.

1.25. Гурухдаги талабаларни бадиий адабиётлар ўқишига, китобхонликка қизиқтириш, китоб мутоаласига доир тақдимотлар уюштириш. 

МУРАББИЙЛАРНИ ТАЙИНЛАШ

2.1. Академия гуруҳларидаги мураббийлар етакчи ва тажрибали педагоглардан тавсия қилиниб, академиянинг ёшлар билан ишлаш бўйича проректори тавсияси асосида ректор буйруғи билан тасдиқланади.

2.2. Мураббий ўз ишини Низом қоидалари асосида ташкил қилиб, гуруҳда ўқув йили давомида фаолият кўрсатади. Мураббий ўз гуруҳидаги ҳар бир талабанинг шахсий хислатларини,  табиатини,   феъл-атворини  атрофлича  ўрганиб,  таълим  ва тарбия жараёнини олиб боради.

  • Мураббийларга, уларнинг иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, шахсий иш режасида белгиланган 100 соатгача юклама ажратилади.

2.4. Мураббийлик вазифасидан озод этиш сабаби кўрсатилган ҳолатда факультет декани ва мураббийлар кенгаши тавсиясига кўра ёшлар билан ишлаш бўйича проректор томонидан  амалга оширилади.

2.5. Мураббий фаолияти академия «маънавият ва маърифат» бўлими ҳамда мураббийлар кенгаши томонидан назорат қилинади. Факультет декани мураббийнинг иш фаолиятини мунтазам тарзда кузатади, гуруҳда олиб бораётган ишини назорат қилади, факультет кенгашида ҳисоботини тинглайди, мураббийлар орасида тажриба ва фикр алмашиш жараёнини ташкил қилади, турли хил маънавий-маърифий, ўқув-услубий, илмий тадқиқот тадбирларини уюштиришга ёрдам беради.

III. МУРАББИЙ ИШИНИ РЕЖАЛАШТИРИШ

3.1. Мураббий ўқув йили мобайнида гуруҳ сардори билан тузилган иш режаси асосида фаолият кўрсатади.

3.2.   Мураббий  иш  режаси дарс бошлангандан сўнг икки ҳафта мобайнида   тузилиб, гуруҳда муҳокама қилинади, “маънавият ва маърифат” бўлими томонидан мураббийлар кенгаши билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

3.3. Мураббийлар иш режаси факультет иш режаси асосида тузилади ва унда маънавий-маърифий, тарбиявий, ўқув-услубий, илмий – тадқиқот йўналишларида ўтказиладиган тадбирлар ва уларнинг бажарилиш муддати кўрсатилади.

IV. МУРАББИЙ МАЖБУРИЯТИ

4.1.   Мураббий гуруҳ  фаоллари  билан  биргаликда  гуруҳда  ўқув, ижтимоий-сиёсий, маданий ҳаёт ва соғлом муҳитни ташкил қилади.

4.2. Мураббий фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилар:

4.2.1.  Ахборот йўналиши: талабаларни талабалик бурчи ва академия ички тартиб-қоидалари билан таништириш.

4.2.2. Ташкилий йўналиши: гурухда сиёсий ахборот дарси, суҳбат, баҳс, савол-жавоб, учрашувлар ўтказиш; гуруҳлараро мусобақалар ташкил этиш; талабаларни академия кафедраларининг маънавий-маърифий, илмий-тадқиқот ва жамоат ишларига жалб этиш.

4.2.3.  Тарбиявий йўналиши: шахсий (индивидуал) ва гуруҳда (умумий) суҳбатлар ўтказиш; фаол талабаларни рағбатлантириш, муҳтожларга моддий ёрдамни ташкил этиш; ўқув интизоми бузилиши ва турли хил ноқонуний оқимлар, ташкилотларга қўшилишнинг олдини олиш ва бошқалар.

4.2.4 Назорат йўналиши: талабаларнинг руҳий, ахлоқий, маънавий-маърифий хусусиятларини ва у ҳақидаги шахсий маълумотларни ёритувчи кундалик ҳамда мураббий дарси ва иш режадаги турли ҳил тадбирларни қайд қилиш журналини тутиш.

4.3. Мураббий иш фаолиятининг услублари:

4.3.1.   Ҳужжат тузиш ва ўрганиш (шахсий варака, маълумотнома,  талабанинг ижтимоий  психологик портрети ва ҳ.к.)

4.3.2.   Кузатиш (ўқишда, жамоат жойида ва х.к.)

4.3.3. Фикр алмашиш (талабалар  ва  уларнинг  ота-оналари, ўқитувчилар билан суҳбат-мажлис ўтказиш).

4.3.4.  Сўров (анкета ва интервью)

4.4. Мураббий талабаларнинг дарсга қатнашиши, ўзлаштиришини назорат қилишга мажбурдир. Талабалар ҳақидаги деканатга тушаётган маълумот асосида гуруҳ сардори билан биргаликда ўқитувчи билан суҳбатлашиши лозим. Ўзлаштириши паст талабаларга ёрдам уюштириш, аълочи талабаларни унга бириктириш, қўшимча дарс ташкил этиш, суҳбат, маслаҳат, тавсия, фанлар бўйича қарзларини маълум муддатда топширишини белгилаш, гуруҳнинг умумий фикрини шакллантириши зарур.

4.5. Мураббий фаол талабалар билан гуруҳда мажлис ўтказиши, гуруҳдаги вазиятни баҳолаб бориши лозим.

4.6. Мураббий гуруҳда мунтазам равишда маънавий-маърифий тадбирларни  ўтказиши керак, (музей, театр, концертларга  бориш, мутахассислар, шоир-ёзувчилар билан учрашувлар уюштириш).

4.7. Мураббий хусусий хонадонларда ва «Талабалар турар жойи»да истиқомат қилувчи талабаларнинг турмуш тарзи билан тез-тез танишиб туриши керак.

4.8.   Мураббий  талабаларни   илмий-амалий   анжуманларга  жалб қилиши, ҳозирги даврнинг долзарб мавзулари бўйича уларнинг маърузаларини тайёрлаши ва иштирокини таъминлаб бериши лозим.

4.9.    Тасдиқланган   дарс   режаси   бўйича   гуруҳларда   ҳафтада   бир маротаба бир жуфтлик мураббий дарслари ўтади.

 МУРАББИЙ ҲУҚУҚЛАРИ

5.1. Мураббий қуйидаги ҳуқуқларга эга:

5.1.1.  Мураббийлик гуруҳининг барча дарсларига ўқитувчи ва кафедра мудири билан келишилган ҳолда кириш.

5.1.2. Талабаларнинг  ўқув-услубий,   илмий-тадқиқот,  маънавий-маърифий, маданий-маиший ҳаётини яхшилашда ўз фикр ва таклифини киритиш.

5.1.3.  Ўкув – тарбиявий соҳалардаги муаммоларни бартараф этишни деканатдан сўраш ва унга эришиш.

5.1.4. Деканат ва академия Кенгашида талабалар масаласи кўрилганда унда иштирок этиш.

5.1.5.  Маданий тадбир ва спорт мусобақаларини ўтказишда академия раҳбариятидан ёрдам сўраш.

5.1.6.   Талабаларни ўз-ўзини бошқарув  жараёнида  иштирок этишга жалб қилиш.

5.1.7.  Ўз педагогик тажрибаларидаги янгиликларни амалиётда қўллаш, ёқлаш ва оммалаштириш.

5.1.8. Талабаларга тавсифнома ва академ таътил бериш масаласини ҳал этишда иштирок этиш.

5.1.9.   Талабалар   томонидан   интизомсизлик   ва   ахлоқсизликка   йўл қўйилганда унга нисбатан  чора кўриш тўғрисида  факультет,  Академия раҳбариятига таклиф киритиш.

5.1.10. Талабалар хақидаги деканатдаги маълумотлардан тўла фойдаланиш.

5.1.11. Лозим бўлганда талабалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш.

5.1.12. Талабага тавсифнома ва тавсиянома бериш.

5.1.13. Талаба ва ўқитувчи ўртасидаги муаммоли вазиятни адолатли ҳал этишда иштирок этиш.

5.1.14. Талабанинг ота-онасига мурожаат қилиш ва унинг ҳатти-ҳаракати ҳақида маълумот бериш.

5.1.15. Талабани рағбатлантириш бўйича раҳбариятга мурожаат этиш.

МУРАББИЙЛАР ФАОЛИЯТИНИ БОШҚАРИШ

6.1. Мураббийлар фаолиятини мураббийлар кенгаши бошқаради. Мураббийлар кенгаши ёшлар билан ишлаш бўйича проректор, деканат тавсиясига кўра академия маънавият ва маърифат  бўлими билан келишилган ҳолда ректор томонидан буйруқ орқали тасдиқланади.

6.2. Академия миқёсида мураббийлар фаолиятини ёшлар билан ишлаш бўйича проректор бошқаради.

6.3. Мураббийлар кенгаши таркибига талабалар билан ишлашда тажрибага эга бўлган профессор- ўқитувчилар киритилади.

6.4. Кенгаш раиси ва аъзоларининг рўйхати факультетда декан, Академия миқёсида ёшлар билан ишлаш бўйича проректор томонидан тасдиқланади.

6.5.  Мураббийлар кенгаши йиллик режа асосида фаолият кўрсатади ва Академия ректорати мажлисида ҳисобот беради.

6.6.  Мураббийлик кенгашининг вазифалари:

– мураббийларни танлаш ва уларнинг заҳирасини тайёрлаш юзасидан таклифлар киритиш;

– мураббийларнинг йиллик иш режаларини тасдиқлаш;

– мураббийларнинг иш фаолиятига амалий ёрдам бериш, уларнинг ўқув-тарбиявий ишларда эришган ютуқларини оммалаштириш;

– кенгаш йиғилишларида мураббийларнинг уларга бириктирилган гуруҳ талабалари билан бажарган ишлари бўйича ҳисоботларини муҳокама қилиш, Академия раҳбариятига мураббийлик фаолиятини яхшилаш борасида таклифлар киритиш;

– мураббийларни рағбатлантириш ёки чора кўриш бўйича Академия раҳбариятига таклиф киритишдан иборат.

Мураббийлар учун

ЭСЛАТМА

  1. Гуруҳ билан махсус тасдиқланган режа асосида иш олиб бориш.
  2. Иш режасини гуруҳда муҳокама қилиб бориш.
  3. Гуруҳ билан ишлаш жараёнида иш журнали доимо қўл остида бўлиши лозим.
  4. Талабалар билан суҳбат ёки тадбир мавзусини аввалдан белгилаб қўйиш.
  5. Талабалар билан учрашувда ҳафта янгиликлари ва Академияда ўтказилган тадбирларда талабаларнинг иштирокига эътибор бериш.
  6. Талабалар билан учрашувда уларнинг назорат нуқталари (имтиҳонлари, ишлари)ни топшириш ва олинган баллар журналда ўз ифодасини топганлигига эътибор бериш.
  7. Ҳар бир талабалар ҳақида, унинг ота-оналари ва ҳомийлари ҳақида улар билан боғланиш усуллари ҳақида маълумотларга эга бўлиш.
  8. Талабаларнинг турар жойлари, турмуш шароитлари, уларнинг ҳамхоналари ёки оила аъзолари билан муносабатлари ҳақида маълумотларга эга бўлиш.
  9. Академия миқёсида ўтказиладиган тадбир ва учрашувларда талабалар билан бирга қатнашиш.
  10. Талабаларнинг ўтилаётган барча фанлар бўйича дарсга қатнашиши ва ўзлаштириши ҳақида тўлиқ маълумот олиб туриш.
  11. Талабаларнинг моддий шароитлари ва руҳий аҳволидан хабардор бўлиб туриш.
  12. Имкон даражасида талабаларнинг ота-оналари ёки яқин кишилари билан мулоқот олиб бориш.
  13. Гурухдаги талабаларни бадиий адабиётлар ўқишига қизиқтириш, китоб мутоаласига доир тақдимотлар уюштириш.
  14. Талабаларни маънавият кунлари доирасида музей, кино-театр, тарихий обидаларга олиб бориш. 

Тошкент тиббиёт академиясиинг «Мураббийлар ҳақида»ги низоми  академиянинг 2018 йил 27 августдаги 1-сонли илмий кенгашида тасдиқланган.

Мураббийларга қўйиладиган талаблар

Бизга маълумки, кадрлар тайёрлаш соҳасида давлат сиёсати инсонни интеллектуал ва маънавий – ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш билан узвий боғлиқ бўлган узлуксиз таълим тизими орқали ҳар томонлама баркамол шахс-фуқарони шакллантиришни назарда тутади. Шу тарзда фуқаронинг энг асосий конституциявий ҳуқуқларидан бири билим олиш, ижодий қобилиятини намоён этиш, интеллектуал жиҳатдан ривожланиш, касб бўйича меҳнат қилиш ҳуқуқи рўёбга оширилади.

Педагог-мураббийлик  фаолият ёш авлодни ҳаётга, меҳнатга тайёрлаш учун халқ олдида, давлат олдида жавоб берадиган, талабаларга таълим – тарбия беришга махсус тайёрланган одамларнинг меҳнат фаолиятидир. Мураббий шахсининг хусусиятлари асосан икки соҳада:

Педагогик касби соҳасида, талабаларни севиш ва улар билан ишлашга қизиқиш, педагогик ишни севиш; руҳий – педагогик зийраклик ва кузатувчанлик, педагогик такт, педагогик тасаввур; ташкилотчилик    қобилияти; ҳаққонийлик;  дилкашлик;ўзини тута билиш ва касбий лаёқатлилик.

– Ғоявий соҳада, илмий дунёқарашва эътиқод; ижтимоий эҳтиёж ва ахлоқий заруриятларни чуқур тушуниш; ижтимоий ва фуқаролик бурчини англаш; ижтимоий – сиёсий фаоллик.

Демак, бу ғоялар илмий – назарий умумлашмалар, хусусан, кадрлар тайёрлашнинг миллий модели шахс; давлат ва жамият; узлуксиз таълим; фан; ишлаб чиқариш уйғунлаштирилганда кўзланган мақсадга эришиш мумкин бўлади.

Мураббийлар талабаларнинг ички ва ташқи дунёсини ўрганиши асосий вазифаларидан ҳисобланиб, бундан мақсад талабаларнинг билим олиб, баркамол инсон бўлиб етишишини таъминлашдир, зотан, устоз ўз йўлидан адашса, жамият ўзлигини йўқотади.

Маълумки, ҳамма касбларни ҳам аввало мураббий ўргатади. Дастлабки сабоқни ҳам мураббий беради. Дастлабки она – Ватан сўзларининг маъносини, моҳиятини ҳам мураббий ўргатади. Шунинг учун ҳам барча касблар ичида ўқитувчилик, мураббий касби ўта шарафли ва масъулиятли ҳисобланади. Мана шу ўринда табиий равишда савол туғилади. Хўш, ўқитувчи-тарбиячи ким? У қандай сифатларга эга бўлмоғи керак? Хусусан, бугунги кун мураббийси ва ўқитувчи-тарбиячиси қандай малакалар билан қуролланмоғи ва қандай талабларга жавоб бермоғи керак?

Биринчидан – мураббий педагогик фаолиятга қобилияти бор, ижодкор, зиёли, диёнатли, ишбилармон, талабаларни яхши кўрмоғи;

Иккинчидан – миллий ва умуминсоний қадриятларни яхши англайдиган ва мукаммал эгаллаган, диний ва дунёвий билимлардан огоҳ, маънавий – ахлоқий баркамол инсон сифатида обрў – эътиборга эга бўлмоғи;

Учинчидан – имон-эътиқоди бутун, ҳар қандай оқимларга ва кўринишларга ўзининг қатъий муносабатини билдира оладиган, собит дунёқарашга эга бўлган, энг муҳими Ўзбекистоннинг мустақил давлат сифатида майдонга чиқишига ишонадиган ва бошқаларни ҳам ишонтира оладиган бўлиши;

Тўртинчидан – мураббий қалби, онги ватанпарварлик ғояси билан суғорилган бўлмоғи ва ўз тарбияланувчиларини ҳам ана шу йўлда фидокорликка ундамоғи;

Бешинчидан – мураббий педагоглик касбига доир билимларни яъни психологик, педагогик малака ва маҳоратни, илмий-назарий ва амалий билимларни пухта эгаллаган бўлиши;

Олтинчидан – талабаларни севиши, улар руҳиятини яхши билиши, шунингдек, уларнинг ёши ва индивидуал хусусиятини ҳисобга олган ҳолда улар билан муомалага кириша олиши;

Еттинчидан – мураббий эркин ва ижодий фикрлай олиши, талабчан, адолатли бўлмоғи;

Саккизинчидан – мураббий одобли, иболи ва ҳаё соҳиби бўлиш билан бирга, ўз тарбияланувчиларини ҳам ана шундай сифатлар билан қуроллантиришга ҳаракат қилмоғи;

Тўққизинчидан – мураббий ўз сўзига ва қилаётган ишига талабаларни ишонтира оладиган, обрў – эътиборли шахс бўлмоғи;

Ўнинчидан – мураббий ўткир сухандон, мантиқий фикрловчи, талабаларга берилиши лозим бўлган маълумотни изчил ва кетма – кетлик принципи асосида етказиши;

Ўн биринчидан – мураббий маданиятли, эстетик диди баланд бўлиши билан ўзининг тарбияланувчилари учун ибрат бўлиб қолмоғи керак.

Агар мураббий ана шундай сифатларни ўзида мужассам қила олса Кадрлар тайёрлаш миллий моделида қайд этилган мураббий тамойилига қўйилган талабларга тўлиқ жавоб бера олади дейиш мумкин.

Мураббий замон билан ҳамнафас одим ташлаши, фан-техника   ютуқларини, барча янгиликларни тарғиб этиши керак. Мураббий одамлардан бир қадам олдинда юриб, уларни ўз ортидан эргаштира олиши керак. 

Мураббийнинг тарбиячилик маҳорати 

Талабаларга тарбия бериш тарбиячининг энг муқаддас бурчидир. Мана шу эзгу вазифани бажариш учун ўқитувчилар педагогик жиҳатдан маҳоратли бўлишлари лозимдир. Тарбиячи маҳорати кўп қирралидир. Маҳорат касбий тайёргарликдан, назарий билим ва иш тажрибасини доимо ошириб боришдан, талабаларга бўлган муҳаббатидан келиб чиқади. Тарбиячи маҳорати – бу талабаларга таълим – тарбия беришни юксак даражада ва доимий равишда такомиллаштириб  бориш санъатидир.

Ҳар бир тарбиячи педагогик техника ва технологияларни, қобилиятларни ривожлантириб, янги билимлар билан бойитиб борсагина педагогик маҳоратни муваффақиятли эгаллаши мумкин. Тарбиячи маҳорати педагогнинг ўз предметини мутлақо яхши билишини, тарбия ва таълимнинг қонунийлигини тушунтиришни, унда зарурий педагогик малака ва кўникмалар мавжудлигини кўзда тутади. Ўз касбининг устаси бўлган педагог, талабалар ва уларнинг ота – оналари, ўз ҳамкасблар билан ҳақиқий ахлоқий, чуқур инсоний муносабатлар ўрната олади ва у талабалар учун намуна бўлади.

Талабаларни ўрганиш қатор талабларга жавоб берган тақдирдагина, у ўз олдига қўйиладиган мақсадга эришади ва лозим бўлган натижаларни беради. Таълим муассасасида тарбиявий ишларнинг ташкил этилиш, тажрибаларни ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида талабаларни ўрганишда амал қилиниши лозим бўлган талабларни шундай ифодаламоқ мумкин:

  1. Талабаларни ўрганиши, уларга тарбия ва таълим бериш сифатини оширишга бўйсундирилмоғи лозим. Талабаларни мунтазам тарзда ўрганиш асосида уларга тарбиявий таъсир этишнинг янада самарали усул ва методларини танлаб олишга ижодий ёндошиш мумкин. Буни ўрганиш асосида, талабаларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиб, булар билан олиб бориладиган тарбиявий ишни ташкил этиш муҳимдир. Ўз талабаларини яхши ўрганиш – демак, ўз тарбиявий ишини кўп даражада енгиллаштириш, бу тарбиявий ишни янада аниқ ва мақсадга йўналтирилган тарзда олиб бориш зарур эканлигини ҳар бир тарбиячи билмоғи лозимдир.
  2. Талабаларни ўрганиб, уларга тарбиявий таъсир кўрсатиш. Талаба шахсини ўрганиш пировардида уларга тарбия ва таълим бериш учун зарурий шарт – шароитдир. Одатда тажрибали мураббийлар “ўрганаётиб тарбиялаб бориш ва тарбиялаётиб ўрганиб бориш” қоидасига амал қиладилар.
  3. Талабаларни ўрганишни режали тарзда ва мунтазам олиб бориш билан бирга уларнинг ҳулқ – атворида учрайдиган айрим ва тасодифий воқеа-ҳодисаларни ҳамда хусусиятларни ўрганмоқ керак. Шуни ҳисобга олиш мумкинки, талабалар ҳамма вақт янги билимларни ўзлаштириб, камол топиб, уларнинг қизиқишлари доимо ўзгариб, ички дунёлари ҳам доимо бойиб боради.
  4. Талабаларни табиий ҳаёт ва иш фаолият шароитида, таълим жараёнида ижтимоий – фойдали меҳнатда ва жамоат ишида ўрганиш лозим. Талабаларнинг мураббийлар ва талабалар жамоаси билан, ота – оналар ҳамда теварак – атрофдагилар билан киришадиган муносабатларини ўрганиш жуда муҳим аҳамият касб этади.
  5. Талабаларни ўрганиш усуллари қанчалик турли-туман бўлса, уларни шунчалик тўла ва асосли ўрганиш мумкин бўлади. Талаба шахсини ўрганишнинг асосий усулларидан бири унинг иш фаолияти ва хатти-ҳаракатини ўрганишдан иборатдир.
  6. Талабаларни ўрганиб, улар ҳаёти ва турмуш шароитлари билан танишиш. Талабаларнифақат ўқув – тарбия ҳамда меҳнат жараёнида ўрганиш билангина чекланиб қолиш мумкин эмас. Талабаларнингахлоқий хислатлари, ютуқлари ва камчиликлари энг аввало унинг таълим ва тарбия олиш жараёнида ижтимоий – фойдали фаолиятда намоён бўлади.
  7. Моҳир тарбиячи талабалар билан ишлаш мазмунини етарлича эгаллаши, жамоа билан киришиб кетиши, билимларни доимо тўлдириб бориш тарбиянинг маҳорат йўлидан муваффақиятли олға силжишини таъминлайди.

Мураббий одоби 

Мураббий одобининг моҳияти, асосий мазмуни педагогик фаолият учун муҳим бўлган ахлоқий сифатларда ифодаланади. Умуминсоний  ва миллий – ахлоқий фазилатлар барчаси кишилар, ҳамма касб эгалари, жумладан, мураббийлар учун ҳам жуда зарурдир.

Мураббий умуминсоний ва миллий–ахлоқий фазилатларни ўзлаштириб олиши, тажрибада қўллаши, ўзининг дунёқараши, мафкураси ва ахлоқий тажрибаси билан таққослаши лозим. Фикрлаш ва ҳис этиши, турмушда синаб кўриш натижасида умуминсоний ва миллий – ахлоқий сифатлар, қоидалар, нормалар мураббийнинг ахлоқий фазилатига эътиқодига айланади.

Мураббий одобининг нормалари ҳар бир педагогнинг шахсий фикрига, ахлоқий фазилати ва эътиқодига айланиши лозим. Ахлоқий эътиқод ва сифатлар мураббийнинг дарс бериш жараёнида, тарбиявий ишларида, ҳамкасблари, ота-оналар ва бошқа кишилар билан муомала, муносабатларида кундалик турмушда ўзининг шахсий намунаси билан ахлоқий таъсир ўтказишида кўзга ташланади. Педагогик такт мураббий ахлоқининг амалий кўринишларидан биридир. Педагог хулқининг натижалари унинг ёшларга ахлоқий таъсирининг самарадорлигида, ахлоқий тарбия соҳасида ва эришган ютуқларда намоён бўлади.

Мураббийлар одобининг асосий сифатлари умуминсоний ва миллий-ахлоқий фазилатлар тушунчаларига мос келиши ва уларни педагогик фаолияти билан боғлиқ тарзда бир қадар ойдинлаштириши керак. Инсонпарварлик, ватанпарварлик, миллий ғурур, адолат, яхшилик қилиш, бурч, қадр-қиммат, масъулият, виждон, ҳалоллик, ростгўйлик, поклик, талабчанлик каби ахлоқий фазилатлар мураббий одобидан жой олиши керак.

Баъзан бир киши битта болага тарбия беришга ожизлик қилади, устоз эса бир тўда талабаларга илму одоб ўргатади. Бу жараёнда устоз кўп азият чекади, машаққатларни бошидан кечиради. Шунинг учун шогирдлар устоз олдида умрбод қарздор эканликларини ҳис этишлари лозим. Шогирд юқори мартабага эришса ҳам устозга қуллуқ қилса арзийди.

Навоийнинг «Маҳбуб-ул – қулуб» асарида ўқитувчи одобига доир қуйидаги талаблар баён этилган:

– мударрис ота-онасининг мансаби, бойлигига қараб болага муомала қилмаслиги лозим;

– муаллим болаларга билган нарсаларини ўргатиши, билмаган илмларини ўргатишга уринмаслиги керак;

гердайиш, манманлик, таъмагирлик, нодонлик каби иллатлар ўқитувчи ахлоқига ёт сифатлардир;

– муаллим ярамас ишлардан, нопокликдан йироқ бўлиши керак;

– халқ назарида олим ҳисобланадиган мударрислар ёмон ишлардан, фисқу фасоддан ўзларини тия билишлари зарур.

Мураббийнинг бурчи

Умуминсоний ва миллий ахлоқда бурч тушунчаси ҳар бир кишининг ўз вазифасини тўлиқ бажариши, бошқаларга тўғри муносабатда бўлишини ифодалайди. Бурчда шахснинг жамиятга бўлган муносабати намоён бўлади. Ўз бурчига содиқлик ҳар бир кишига обрў, шон-шараф келтиради. Кишининг ўз бурчига содиқлиги жамиятга, Ватанга, меҳнатга, оилага, фарзандларига бўлган муносабатида билинади.

Бурч асосан, қонунларга риоя этиш, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр қимматини ҳурмат қилиш, Ўзбекистон халқининг тарихий, маданий ва маънавий меросини авайлаб асраш ва атроф – табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Бурчга содиқлик ҳар бир кишининг одоби, ахлоқини кўрсатади. Катта ёшдаги кишиларни ҳурматлаш ёшларнинг бурчидир.

Ижтимоий бурчни юксак даражада англаш мураббийнинг ахлоқий фазилати ҳисобланади. Мураббий талабаларга ўргатадиган ғоялар уларнинг қалбидан жой олиб, дунёқарашини ўзгартиришга асос бўлиши зарур. Ҳар бир ишда, ҳар бир масалада мураббий ўз бурчига содиқ, қатъий принципли бўлиши, ҳар қадамда унга амал қилиши зарур. Мураббийнинг мафкураси фуқаролик руҳи билан суғорилган бўлса, ижтимоий бурчни виждонан ҳис қилишга, интизомлилик, хатти-ҳаракатларини назорат қила билиш, камтарлик, инсонпарварлик, ўз қадр-қимматини тўғри баҳолай олишига имкон беради.

Мураббийнинг бурчи таълим – тарбия ишларини бажаришга ва муаллимнинг шахсига нисбатан жамият қўядиган ахлоқий талаблар ва йўл-йўриқлар мажмуидир. Мураббийлар, касбдошлари, ота – оналар билан хушмомала, яхши муносабатда бўлиш, танлаган касби учун педагоглар жамоаси ва жамият олдидаги масъулиятини ҳис этиш шулар қаторига киради.

Мураббийлик масъулияти

Мураббий зиммасига талаба шахсини ҳар томонлама камол топтириш масъулияти юкланади. Мураббий талабага таълим-тарбия бериши, уни ҳаётга, меҳнатга тайёрлаши лозим. Шу билан бирга, у талабадаги мавжуд лаёқат ва қобилиятларни пайқаб, индивидуал муносабатда бўлиши, унда мавжуд бўлган ижобий ахлоқий сифатларни авайлаб ўстириши шарт.

Ўқитувчининг масъулияти унинг ҳулқини тартибга солиб турадиган, бошқарадиган куч, ўқитувчиларга таъсир ўтказиш даражасининг асосий мезони ҳисобланади. Яхшилик, адолат, шаън, қадр-қиммат, инсонийлик кабиларнинг мавжудлигига болада ишончни вужудга келтириш ҳам ўқитувчининг масъулиятига боғлиқ.

Мураббийлик шаъни ва қадр – қиммати

Умуминсоний ва миллий ахлоқнинг муҳим фазилатларидан бири инсонлик шаъни, қадр-қимматидир. Кишининг қадр-қиммати, аввало, умумий ишга қўшаётган ҳиссасининг салмоғи ва сифати билан белгиланади. Инсон ўз меҳнатининг салмоғи ва сифати билан, ақлий ва жисмоний меҳнатининг самараси билан, ишбилармонлиги билан қадрланади. Ҳалол меҳнат кишининг қадрини, иззат-ҳурматини оширади. Киши ўз меҳнатининг қадрига етиши, у бажараётган иш жамиятда аҳамиятли эканлигини тушуниши лозим. Кишининг умумий ишга қўшаётган ҳиссасининг салмоғи, у қайси вазифани бажараётганлигида эмас, балки, ўз ишини қанчалик яхши, сидқидилдан бажаришига боғлиқ. Инсоннинг қадр-қиммати унинг мансаби, касби-коридан кўра ҳам кўпроқ ўз касбини қандай бажаришига, унинг одоби ва ҳулқ – атворига боғлиқдир.

Аввало, мураббий ўз ишининг устаси, камтар бўлиши, шу билан бирга педагоглар ва талабалар жамоасида ўзини тута билиши муҳимдир. Талабалар билан муомалада уларнинг инсоний қадр-қимматларини ҳурматлаш, талабчанликни инсонпарварлик билан узвий боғлай билиш, талабаларнинг қобилияти ва кучига ишонч билан қараш, уларга бажара оладиган ва аста–секин тобора мураккаблашиб борадиган вазифалар бериш катта тарбиявий аҳамиятга эга.

Шаън тушунчаси билан қадр – қиммат узвий боғлиқдир. Қадр – қиммат киши теварак – атрофидаги одамларнинг ҳурматига сазовор бўлгани жамоатчилик томонидан тан олинишидир. Жамоанинг шаъни ва қадр-қиммати, касбнинг шаъни ва қадр – қиммати каби тушунчалар одамлар онгида мустаҳкам қарор топса, айрим кишиларнинг шаъни ва қадр – қиммати ҳам тан олинади.

Педагоглик ишида бошқа касбларга нисбатан субъектив фактлар ҳар бир кишининг шаъни ва шахсий қадр-қимматини эътиборга олиш кўпроқ талаб этилади. Педагог аввало, ўз қадр-қимматини ўзи сақлай билмоғи керак, педагоглар жамоасидаги урф-одатлар, анъаналар, ахлоқий муносабатлар ҳам мураббийлик шаъни ва қадр – қимматини асрашга қаратилмоғи лозим. Педагоглик шаъни ва қадр-қимматини нотўғри тушуниш таълим-тарбия ишида салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини унутмаслик керак.

Мураббий ва ота-онанинг тарбиявий ҳамкорлиги

Олий таълим муассасасининг том маънода тарбия марказ ролини ўйнаши учун мураббий билан ота-оналарнинг мақсад ва вазифалари, уларнинг амалий фаолиятлари бир-бирлари билан чамбарчас боғланган бўлиши шарт. Бу борада олий таълим муассасасининг энг муҳим вазифаси ота-оналарга тарбия ишида ва болаларнинг меҳнати ва дам олишини кўнгилдагидек уюштиришда амалий ёрдам беришдир.

Олий таълим муассасасининг ота-оналар жамоатчилиги билан алоқа қилишида мураббий ва тарбиячиларга яқиндан ёрдам берувчи бўғин олий таълим муассасасида ота-оналар йиғилишидир. Мазкур қўмита қабул қилинган умумий қоидалар асосида ота-оналар жамоатчилигини олий таълим муассасаси ҳаётидаги тарбиявий ишларга жалб қилиши лозим.

Аҳоли ва ота-оналар ўртасида ижтимоий тарбиявий муҳитни соғломлаштириш борасидаги ишларни жонлантириш ва такомиллаштириш оила ва олий таълим муассасаси алоқасини мустаҳкамловчи омилдир. Тарбиявий маданиятнинг самарадорлигини оширишда таълим муассасаларида ўтказиладиган ота-оналар мажлиси муҳим аҳамият касб этади. Мақсадга мувофиқ, мазмунли ташкил этилган мажлисларда тарбияга оид мунозаралар бўлади, ўзаро ёки жамоа таъсир кўрсатишнинг йўл ва усуллари меҳнатсеварлик, виждонли бўлиш, мустақиллик, яхшиликка меҳр-муҳаббат, дўстлик ҳақида фикр юритилади.

Болаларни баркамол инсон қилиб етиштиришда олий таълим муассасасини оила билан мустаҳкам боғламай туриб, тарбия соҳасидаги бутун ишларни муваффақиятли амалга ошириб бўлмайди. Шу мақсадда ота-оналар ўртасида таълим-тарбияга оид ташвиқот ишларини кенгайтириш уларни олий таълим муассасасининг фаол ёрдамчиларига, талабаларнинг барча ишларида ҳар томонлама фойдали ташкилотчиларига айлантириш зарур.

Талаба, олий таълим муассасасида мураббийлари, ўртоқлари ва юқори курс талабалари билан танишиш давомида уларда қандай маънавий – ахлоқий фазилатлар, тушунчалар мавжудлигини ва булар қандай шароитда шаклланганлигини ўрганиб, билиб боради. Талаба ўқишга қабул қилинганининг дастларбки кунларида устоз – мураббийси билан танишади. Мураббий билан ота – онанинг муомаласи, алоқалари ҳам ана шу танишувдан бошланиб, мураббий билан ота-оналар ўртасидаги ахлоқий – педагогик муносабатлар талаба ўқишни битиргунча давом этади. Педагогик амалиётдан маълумки, устоз – мураббийлар кўпинча тарбиясида айрим оқсоқликлар сезилган талабаларнинг ота – онаси билан алоқа ўрнатадилар. Аксинча, мураббий барча талабаларнинг ота-оналари билан яқиндан алоқа ўрнатиб, фарзанди ҳақидаги психологик муносабатларни ушбу вақтдан бошлаб ўрнатишлари керак бўлади.

Ҳар бир талабани яхши инсон қилиб тарбиялашдан мураббий ҳам, ота – она ҳам манфаатдор. Мақсад бирлиги мураббийни ота – оналар билан боғлаб туради. Талаба қандай характерга эга бўлишидан қатъи назар унинг ота – онаси билан доимий алоқада бўлиб туриш мураббийнинг вазифасига киради. Мураббийнинг ота – оналар орасидаги обрўси кўпинча талабанинг фикри, мулоҳазалари асосида шаклланади. Шунингдек, мураббийнинг ота – оналар тўғрисидаги фикри ҳам талабанинг суврати ва сийратидан олган таассуротларига асосланади. Мураббийнинг одоби жамоадаҳам, ота – оналарда ҳам нотўғри фикр, таассурот қолдирмаслигини тақозо қилади.

Мураббий талабалар билан ўтказиладиган тарбиявий соатлар ҳамда амалий машғулотларда ота-онани ҳурмат қилиш, итоаткорлик кўрсатиш, қариганда суяб, уларга қараш, ҳолидан хабар олиш кабилар фарзанднинг бурчи, вазифаси эканини уқтириб боришлари лозимдир. Шунингдек, талабалар билан қуйидаги саволлар юзасидан баҳс-мунозаралар олиб боришлари ҳам мақсадга мувофиқдир:

  • Ота-онага нисбатан фарзандлик муносабати нима билан ифодаланиши мумкин?
  • Ота-онанинг меҳри, муҳаббати, меҳнати, фидойилигини қандай ҳолатларда қалбан ҳис қилгансиз? (бетоблигида, жудоликда, бошга оғир иш тушганда, бирон бир кишининг ўз ота-онасини хўрлаганини кўрганда).
  • Сизнингча, қандай пайтларда ота ёки она ҳурматга нолойиқ ҳисобланади?
  • Ота-онангизнинг қайси жиҳатлари сизга ёқади ёки аксинча?
  • Онангизга ўхшашни истайсизми?
  • Ота-онангиз билан фахрланасизми?
  • Марҳум ота ёки онангиз руҳини шод этиш учун нималар қилдингиз, нималар қилмоқчисиз? Уларнинг яқин қариндошлари, дўстлари, ўртоқлари билан муносабатни давом эттираяпсизми?
  • Ота ёки онангиз уйда йўқлигини билдирмаслик мақсадида опангиз, укаларингиз кўнглини кўтариш учун нималар қилиш мумкин?
  • “Онасини кўриб, қизини ол”, “Отасини кўриб, қиз бер” деган нақлларнинг мағзини чаққанмисиз?
  • Ота-онангизга ачинасизми? Оғирини енгил қилиш учун нималар қилиш мумкинлигини ўйлаб кўрганмисиз?
  • Ота-онангизга қилган муомала-муносабатингизнинг яхши, ёмонлигини ўйлаб кўрганмисиз?
  • Жаҳл устида ёки болаликка (ёшликка) бориб отангиз ёки онангизни ранжитганмисиз? Шунақа пайтларда виждон азобини тортганмисиз? Ноҳақ эканингизни тушунганингизда кечирим сўраганмисиз?
  • “Ота тузи”, “она сути”ни оқлаш ибораларини сиз қандай тушунасиз? “Ота рози – худо рози” нақлини-чи?
  • Ота-оналар шаъни мадҳ этиладиган қандай шеър, қўшиқ ёки ашулаларни биласиз?
  • “Онангга бошингни ҳам қил, отангга гапингни кам қил”, “Ота-онанинг дуоси ўтга, сувга ботирмас” ҳикматларини қандай тушунасиз?
  • Ота-онангиз олдидаги фарзандлик вазифангизни қандай бажараяпсиз? Бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
  • “Қариси бор уйнинг париси бор”, “Отанг ўтирган томнинг устига чиқма” деган нақлларнинг маъносини чақиб кўрганмисиз?
  • Сизнинг ота-онангиз олдидаги фарзандлик бурчингиз нималардан иборат деб биласиз? Агар ҳис қилган бўлсангиз қандай адо этмоқдасиз?
  • Оилада мавқеингиз, обрўйингиз қандай?
  • Ота-онангизга нима ишларда ёрдам берасиз?

Мураббий юқоридаги савол-жавоблар асосида масалани ўрганиши, ҳикматлардан мақсадга мувофиқ фойдаланиши, талабаларнинг бу борадаги фикр-мулоҳазалари, ҳаётий тажрибаларини аниқлаб, ота-оналар ҳақидаги нақл, ҳикмат, ривоятларнинг мазмун-моҳиятини талабалар диққатига ҳавола қилиб бориши керак. Ушбу ўтказилган тарбиявий соатлар ҳам ота-она билан мураббий ҳамда устоз билан шогирд орасидаги муносабатларни ижобий томонга ўзгаришга турки бўлиши шубҳасиздир.

Оилаларни ҳар томонлама ўрганиш, уларнинг фаолиятларини қиёсий таҳлил этиш ва баҳолаш мақсадида кўплаб оилаларда табиий кузатишлар олиб борилди, оилавий маросимларда иштирок этилади.

Фарзанди олий таълим муассасасида таҳсил олаётган оилалар билан олиб борилган кузатишлар натижасида қуйидаги хулосаларни чиқариш мумкин:

– Оилавий тарбия самарадорлигини ошириш омилларидан бири бола шахсини камолотга етказиш учун уни ҳар томонлама ўрганиш, шунингдек, оилавий тарбия усуллари ва шаклларига ижодий ёндашиш, уни такомиллаштиришдир. Ёшларни ҳар томонлама ўрганиш уларни ўқишга, меҳнатга, ўз-ўзига, ўраб турган муҳитга, инсон камолоти учун зарур бўлган сифатлардан энг муҳимларини ажрата олишга ўргатиш имконини беради.

– Ота-оналар ўртасида тарбияга оид билимларни тарғиб қилиш, айниқса, оилавий тарбияда қийинчиликка учраётган ота-оналарга жамоатчилик ёрдамини кучайтириш лозим.

– Оилавий тарбияда ижобий ютуқларни қўлга киритган ота-оналарнинг тажрибаларидан фойдаланиш учун уларни олий таълим муассасининг кенгайтирилган йиғилишларига, ота-оналар қўмиталарининг мажлисларига таклиф этиш ва ўз тажрибалари билан ўртоқлашишни йўлга қўйиш ниҳоятда муҳимдир. Улардан унумли фойдаланиш учун олий таълим муассасаларда ташкил этилган ота-оналар куни ишини жонлантириш.

– Ота-оналар қўмиталари раҳбарларининг бевосита бошчилигида  радиоалоқаларни ташкил этиш. Бунда “Ота-оналар – илк тарбиячи”, “Ота-оналарнинг бола тарбиясидаги шахсий намуналари ва уларнинг аҳамияти”, “Ёшларни меҳнатга, ҳаётга, турмушга ўргатиш ва тайёрлашда олий таълим муассасасининг ўрни бўйича эшиттиришларни тайёрлаб, изчил ўтказиш.

– Талаба-ёшларда маънавий-ахлоқий тарбияни жонлантиришда кенг шахобчаларга эга маданий-маърифий ташкилотлар музей, кутубхона, ахборот ресурс марказлари, клуб, истироҳат боғлари, маданият саройлари, халқ оғзаки ижоди билан боғлиқ ташкилотлар, турли хил тўгараклар, замонавий ахборот технологиялари ва интернет тармоғи ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан узвий фаолият олиб бориш катта ижобий натижаларни беради.