КОРОНАВИРУС ИНФЕКЦИЯСИ ЭПИДЕМИОЛОГИЯСИ ВА ПРОФИЛАКТИКАСИ

Ҳозирги  пайтда, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг расмий маълумотига кўра, Хитой халқ республикасида коронавируснинг янги типининг эпидемияси юзага келган.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан 2020 йилнинг 4 феврал куни олинган расмий маълумотларга кўра Хитой Халқ Республикасида жами 20471 нафардан ортиқ фуқаролар касалланиб, кунлик ўсиш 18,8 фоизни (3233 нафар) ташкил этмоқда. 425 нафар фуқаро ушбу касалликдан вафот этган. Жорий йилнинг 3 феврал куни  Агентликнинг вирусология лабораториясига 60 нафар фуқародан коронавирус инфекцияси лаборатория таҳлили учун намуналар келтирилди. Январь ойидан бошлаб коронавирус инфекциясига 215 нафар фуқаролардан намуналар келган. Ушбу намуналарда коронавирус инфекцияси топилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг коронавирусга қарши марказий штаби жорий йилнинг 6 февраль ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикасида коронавирус касаллиги умуман қайд этилмаган.

2020 йилнинг 4-5 февраль кунлари Ўзбекистонга Хитой Халқ Республикасининг Пекин шаҳридан 2 та ҳамда Ухань правинциясидан 1 та чартер рейслар амалга оширилди.

Дастлабки рейс Пекин шаҳридан амалга оширилди ҳамда унда 250 нафар фуқароларимиз олиб келинди. Бирламчи текширувларда уларнинг ҳеч бирида коронавирус аломатлари аниқланмади.

Хитойдан олиб келинган ватандошларимиз коронавируснинг Ўзбекистонга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, хавфсиз санитария-эпидемиологик ҳолатни таъминлаш ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида махсус тайёрланган тиббиёт муассасасига жойлаштирилади.

Махсус тайёрланган муассасаларда барча зарур шароитлар яратилган. Жумладан, ўрин-жойлар, озиқ-овқатлар, зарур дори-дармонлар, диагностика, дезинфекция ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган.

Фуқароларнинг барчаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра  14 кун давомида (касалликнинг яширин даври давомида) лаборатория ва тиббий текширувлардан ўтказилади. Мазкур тадбирларга Соғлиқни сақлаш вазирлигидан соҳанинг еткачи мутахассислари жалб этилган, улар тегишли тартибда касбий тайёргарликдан ўтказилган.

-ТТАнинг барча факультетлари ва педагоглари коронавирус инфекцияси ҳақида, касалликнинг клиникаси ва эпидемиологик хусусиятлари, олдини олиш  чоралари ҳақида ахборот олишмоқда.

-Маърузаларда ва амалий машғулотларда ушбу касаллик ҳақида қисқача ахборот бериш уюштирилган.

-Ўқитувчилар ва талабалар тўпланадиган хоналарда махсус ҳимоя ниқобларида бўлиши тавсия этилган.

 

Коронавирусли инфекция (Coronavirosis)

Коронавирусли  инфекция (КВИ)- ўткир  респиратор  касаллик  бўлиб,  у юқори нафас йўлларининг яллиғланиши ва суст намоён бўладиган умумий заҳарланиш  белгилари  билан  кечадиган  касалликдир.  Коронавирус этиологияли ўткир респиратор касалликлар 5-10% ҳолда учрайди.

Этиологияси. Касаллик РНК-сақловчи, катталиги 80-220 нм га тенг келадиган  коронавируслар  томонидан  чақирилади.  Коронавирусларнинг 4 хил  антигени  мавжуд.  Вируснинг  ташқи  қобиғи  ворсинкалар  билан қопланган. Бу ворсинкалар орқали вирус ҳужайрага бирикади (шунинг учун

бу вируслар оиласи Cоrоnоviridae деб номланади.). Вируслар юқори нафас йўллари эпителийсининг цитоплазмасида кўпаяди. Бу вирус ҳужайра ичига киргач 4-6 соатдан кейин кўплаб вирионларни ҳосил қилади. Коронавируслар ташқи  муҳитга  чидамсиз.  Улар  ўзининг  ташқи  қобиғида  бемор  қонидаги ҳамда гипериммун зардоб таркибидаги комплементни боғлаб олади.

Эпидемиологияси.Асосий инфекция манбаи ёввойи ва уй ҳайвонлари, ҳамда бемор одам ҳисобланади. Касаллик ҳаво – томчи йўли орқали юқади.

Ушбу касалликка қарши бугунги кунда вакциналар ишлаб чиқилмаган.

Иккиламчи юқтириш ҳолатлари (бемордан-соғлом одамга) тиббиёт ходимлари ва беморлар оила аъзолари ўртасида кузатилган. Барча ҳолатларда инфекция бемор билан яқин мулоқотда бўлган шахсларда кузатилган.Атипик пневмония билан касалланган бемор эпидемиологик нуқтаи назардан атрофдагилар учун  бутун яширин давр давомида, касаллик даврида  ва соғайгандан кейин 10 кун мобайнида  хавфли ҳисобланади. Клиник соғайгандан 10 кундан кейин  атрофдагилар учун хавфсиз ҳисобланади.

Касаллик  ер  юзида  кенг  тарқалган  бўлиб  катта ёшдаги  инсонларнинг  80% ида  вирусга  қарши  антителонинг  борлиги аниқланган. Мавсумга қараб коронавирус инфекцияси барча юқори нафас йўллари  касалликларининг10-35%  ини  ташкил  қилади.  Коронавирус инфекцияси  кузнинг  охири,  қиш  ва  баҳорнинг  бошларида (риновирусли инфекция кам учраганда) кўп учрайди.

Клиникаси: Касаллик клиникаси вирус юққандан сўнг 2-14 кун ўтгандан кейин  намоён  бўлади.  Касаллик  ўткир,  тана  ҳароратининг  ошиши,  яққол ривожланмаган умумий заҳарланиш белгилари билан бошланади. Шунингдек, болаларда нафас олганда кўкрак қафасида оғриқ, йўтал, қуруқ ҳуштаксимон хириллашлар эшитилади. Коронавирус  инфекцияси ўткир пневмония билан асоратланиши мумкин.  Кўкрак қафаси рентгенографиясида ўчоқли ёки интерстициал инфильтратлар аниқланади.  Оғир  ҳолларда  нафас  олиш  аъзолари  фаолияти  ёмонлашиб, иккинчи  ҳафтада  касаллик  респиратор  дистресс-синдром  ривожланиши,  катталарда  бу  турли  аъзолар  дисфункцияси  билан  кузатилиши  мумкин.  Баъзан бўйин лимфа тугунлари катталашади. Коронавирус  инфекциясининг ўткир гастроэнтерит кўринишида кечиши ҳам аниқланган. Бу касаллик1-3 кун давом этади ва бемор тўлиқ тузалади.

Коронавирусли инфекцияларнинг ташхис таянч белгилари:

– гуруҳли касалланиш, асосан бир оила вакиллари ёки болалар орасида;

– мавсумийлик– қиш ва баҳор фасллари;

-яширин даври- 2-14 кун;

-касалликнинг  ўткир  бошланиши;

-етакчи  симптомокомплекс-интенсив ринит, баъзида ларинготрахеит белгилари ривожланиши мумкин;

-доимий бўлмаган иситма, кам ифодаланган умумий заҳарланиш белгилари;

-касаллик кечиши ўткир

Кўпинча короновируснинг янги тури (NCoV) ўртача оғир ҳолатда кечади. Лекин хавфли гуруҳларда ушбу касаллик оғир кечади ва асоратлар вужудга келиши мумкин. Касалликни оғир кечиши кузатиладиган хавфли гуруҳларга куйидагилар киради: ҳомиладор аёллар, айникса  III-декадасида, туғишдан кейинги даврдаги аёллар, болалар ва катта ёшдаги одамлар (икки ёшдан кичик ва 65 ёшдан юқори), ортиқча вазнли беморлар ҳамда сурункали касалликлари мавжуд беморлар (ўпка касалликлари, бронхиал астма, сурункали бронхит, юрак-қон томирлари касалликлари, қандли диабет ва бошқалар).

Касалликни олдини олиш қоидалари

  • Коронавирус келтириб чиқарадиган касалликлар қайд этилган давлатларга боришдан олдин эҳтиёт чоралари билан батафсил танишиш.
  • Тирик ҳайвонлар билан савдо қилинаётган бозорларга ташриф буюрувчилар, ҳайвонлар ёки унинг маҳсулотлари билан мулоқатда бўлувчи шахслар мунтазам равишда умумий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишлари талаб этилади, айниқса ҳар бир мулоқотдан сўнг қўлни совунлаб ювиш тавсия қилинади, ювмасдан қўл билан юз, оғиз ва бурунни ушлаш маън этилади.
  • Номаълум ва касалланган ҳайвонлар, шунингдек уларнинг хом ашёлари билан мулоқот қилмаслик талаб этилади.
  • Бозорлар, дўконлар биноларида, ҳамда очиқ майдонлардаги тупроқларнинг ҳайвон чиқиндилари билан ифлосланган жойлар билан мулоқотда бўлмаслик талаб этилади.
  • Пиширилмаган ва чала пиширилган ҳайвон гўшти хамда уларнинг маҳсулотларини истеъмол қилиш тақиқланади.
  • Умуман хом гўшт, сут ва ҳайвон ички аъзолари маҳсулотлари билан мулоқотда эҳтиёт чоралари кўрилиши шарт.
  •  Юқоридаги қоидаларга айниқса, бозорлар ва молларни  сўйиш пунктларида ишловчилар ҳамда ветеринария ходимлари қатъий риоя этишлари шарт.
  • Ишловчи ходимлар иш жараёнида ҳимоя кийимлари, ниқоб ва қўлқоп билан ишлаши талаб этилади. Ишлатилган ҳимоя кийимларини хар куни зарарсизлантириш талаб этилади ва уйдагилар ушбу анжомлар билан мулоқотда бўлмасликлари шарт.
  • Санитар гигиена, шахсий гигиена чора тадбирларига қатъий риоя этиш.
  • Озиқ овқат маҳсулотларини қайноқ сувда ювиб истеъмол қилиш.
  • Овқатланишдан олдин ва кўчадан келганда қўлларни доимо кир совун билан ёки махсус санитар геллар билан ювиб туриш.
  • Тирик ҳайвонларни сотиш жойларида, гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан савдо қилувчи жойларда, намлиги юқори бўлган савдо жойларида мунтазам равишда дезинфекция ишлари олиб борилиши талаб этилади.
  • Юқори нафас йўллари ўткир касалликларига чалинган беморлар ва улар билан мулоқотда бўлганлар касаллик юқишининг олдини олиш мақсадида тиббий ниқобдан фойдаланишлари керак ва ниқоб кунига 3 марта алмаштирилиши шарт.

Жамоа йиғиладиган жойларига бормай туриш, оч қолмаслик, ўз вақтида овқатланиш, оқсилга, витаминларга бой маҳсулотларни истеъмол килиш керак.

2 Replies to “КОРОНАВИРУС ИНФЕКЦИЯСИ ЭПИДЕМИОЛОГИЯСИ ВА ПРОФИЛАКТИКАСИ”

  1. Умумий захарланиш белгисига: аллергия ва баданда тошма, кизариш ва кизариш атрофида кичиш каби белгилар кирадими ?

    1. Ва алайкум ассалом! Коронавирус аломатлари: Иситма, қуруқ йўтал ва нафас қисилиши. Баъзи ҳолларда тошма тошиши, томоқда, тўш ортида оғриқ, акса уриш, ҳид ёки таъм билмаслик, диарея (ич кетиши) ёки конъюнктивит. Коронавирус инфекцияси учун ҳароратни кўтарилВлилоиши хосдир, лекин енгил ёки белгисиз кечганда ҳарорат меъёрида қолади. Агар шу белгилардан бирортаси кузатиладиган бўлса, ҳудудингиздаги оилавий шифокорга мурожаат қилинг, текшириб кейин нима қилиш кераклигини тушунтиради. Манба: https://t.me/koronavirusinfouz. Саволингиз учун раҳмат, саломат бўлинг, уйда қолинг!

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan