Конституция – фаровон ҳаётимиз пойдевори

Тошкент тиббиёт академияси талаба ёшлари иштирокида бўлиб ўтган “Конституция-фаровон ҳаётимиз пойдевори” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир орқали ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯси «тирик» ҳужжат сифатида эътироф этилди. Ундаги ҳар бир сатр, ҳар бир модда ҳаётимизнинг олтин қоидасига айланиб, қалбларимизга жойлашмоғи, ҳар бир фуқаро ҳаётига сингиб кетмоғи учун биз Конституциямизни чуқур ўрганишимиз, мазмун ва моҳиятини англаб етишимиз, муҳими бу ҳужжатга сўзсиз амал қилишни муқаддас бурчимиз деб билмоғимиз зарурлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан узлуксиз маънавий тарбия консепцияси ижросини таъминлаш мақсадида, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида мамлакатимизда   маънавий-маърифий тадбирларни  кенг миқёсда ўтказиш режалаштирилган эди. Тошкент тиббиёт академиясида ўтказилган маънавий – маърифий тадбир моҳияти жиҳатидан ана шу ҳамкорликни ўзида мужассам этди. Талаба-ёшлар қалбида  она Ватанга чексиз муҳаббат, давлат рамзларига нисбатан юксак фахр-ифтихор сингари туйғуларнинг янада чуқурроқ илдиз отишига ҳисса қўшди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллик шодиёнасига бағишланган  тадбир  Тошкент тиббиёт академияси ректори Алишер Шодмоновнинг қизғин табриги ҳамда Бош қомусимизни чуқур ўрганиб, кундалик ҳаётимизга тадбиқ этишдаги фуқаролик бурчимиз ва юксак масъулиятга дахлдорлигимиз тўғрисидаги мулоҳазалари билан бошланди.

Шундан сўнг, Республика Маънавият ва маърифат маркази Олий таълим муассасалари билан ишлаш бўлими бошлиғи Нодира Дўстхўжаева, Тошкент шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси Алишер  Мингбаев, Академиянинг маънавият ишлари бўйича проректори Турдиқул   Бобомуратовлар сўзга чиқиб, Ўзбекистон Конституциясининг яратилиш тарихи, ривожланган давлатларнинг тажрибасидан келиб чиқадиган умуминсоний ва умумбашарий қадр –қиммати  ҳақида сўз юритдилар. Давлат ва жамият ривожининг муҳим йўналишлари ва тузилишини белгилаб берадиган, тартибга келтирадиган олий юридик ҳужжат саналмиш конституциямизнинг бугунги тараққиётимизни янгича дунёқараш билан бойитаётган ҳуқуқий  жиҳатларига алоҳида тўхталдилар. Бош қомусимиздан ўрин олган тегишли моддаларнинг тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар мазмундорлигини таъминлашдаги ўрнини эътироф этдилар.

Тошкент тиббиёт академиясининг  иқтидорли талаба ёшларидан иборат  “Наво-Шифо” бадиий   ҳаваскорлик жамоаси томонидан тайёланган кичик бадиий композиция ва театрлаштирилган саҳна кўринишларида халқимизнинг ҳуқуқий демократик фуқаролик жамият барпо этиш йўлидаги фидокорона хатти ҳаракатлари, эркин,  фаровон ҳаёт қуришдек орзу мақсадлар йўлидаги мардонавор курашлари  акс этди.

1992 йил 8-декабрь. Бу  сана мамлакатимиз тарихи саҳифаларига алоҳида умумхалқ байрами сифатида зарҳал ҳарфлар билан қайд этилган.

Тошкент тиббиёт академияси талаба ёшлари иштирокида бўлиб ўтган тантанали тадбир орқали, ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯси «тирик» ҳужжат сифатида эътироф этилди. Ундаги ҳар бир сатр, ҳар бир модда ҳаётимизнинг олтин қоидасига айланиб, қалбларимизга жойлашмоғи, ҳар бир фуқаро ҳаётига сингиб кетмоғи учун  биз Конституциямизни чуқур ўрганишимиз, мазмун ва моҳиятини англаб етишимиз, муҳими  бу ҳужжатга сўзсиз амал қилишни  муқаддас бурчимиз деб билмоғимиз зарурлиги таъкидланди.

Зеро, Конституциямиз нафақат юридик ҳужжат, балки у миллий мафкурамиз, ижтимоий-сиёсий, маънавий қарашларимизга асосланиб умуминсоний ғояларни ҳаракатлантирадиган олий мақсадларимизга ҳам  хизмат қилади.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan