МАДҲИЯ ШУКУҲИ

Узоқ йиллик педогогик фаолиятим давомида ёшлар билан ҳамнафас, ҳамқадам бўлиб ишлаш менга ўзгача завқ бағишлайди. Академиямиз талабаларининг орзу интилишлари, ўқиб ўрганишга бўлган иштиёқларидан қувонаман.

Эртага Тошкент тиббиёт академиясида  ҳар доимгидек, Ўзбекистон Республикаси  мадҳияси қабул қилинган  кунни    байрам сифатида нишонлаймиз. Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов сўзига  беназир композитор, Ўзбекистон халқ артисти Мутаваккил Бурхонов  басталаган мусиқанинг жаҳоний шуҳрати ҳақида ўйлайман. Икки буюк қалб ардоғидан яралган бу бетакрор  оҳанглар  мана  чорак асрдан кўпроқ вақт ўтибдики, қанчалаб қалбларга илҳом бағишлаб, юртимиз довруғини  етти иқлимга мардонавор таратиб келмоқда.

“Бағрикенг Ўзбекнинг  ўчмас иймони

Эркин ёш авлодлар сенга зўр қанот…”

Давлатимиз байроғи юксакларга кўтарилганида, мамлакатимиз шону–шафкати рамзи, меҳнатсевар  халқимизнинг орзу умидлари тимсоли бўлиб янграётган бу сўзлар бугун кечагидан кўра  теранроқ аҳамият касб этаётгандек, назаримда.

Икки хассос  ижодкор: Мутал Бурхонов ва Абдулла Ориповлар аввало шу юрт фарзандлари эди. Уларнинг қалб ардоғидан яралган кўнгил мулки не бахтки, худди ўзлари орзу  қилганидек, бугунги ёшлар қалбига  кўчиб уларни  янги даврнинг янги манзиллари томон етакламоқда.

Хор оркестри ижросида Мадҳия садолари янграганида  беихтиёр унга жўр бўлган инсон борки, бу  туйғуларни юракларидан ўтказади. Эртага яна шундай бўлади. Минглаб ёшлар билан  биргаликда куйлаймиз. Қўлимизни кўксимизга қўйиб, энг яхши тилакларимизни қалбимизга жойлаб биргаликда  қўшиқ айтамиз. Зеро,  орзу ўйлари, келажак йўллари бир бўлган халқнинг олий мақсадлари ҳам бир хилдир. Мадҳиямиз бизга ҳамиша шу ойдин йўлларни эслатиб, ватанимиз ёрқин истиқболи йўлида биргалашиб, қўлни қўлга бериб унга мададкор қанот бўлишга  ундайди.

 

ТТА проректори Т.А. Бобомуратов

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan