Ассалому алайкум азиз устозлар, ҳурматли ҳамкасблар ва қадрли талаба ёшлар!
Сизларни кириб келаётган янги 2021 йил билан чин дилдан табриклайман. Эл-юртимиз фаровонлиги, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва ёш авлодни тарбиялаш йўлидаги барча ишларингизда улкан зафарлар тилайман.
Ўтиб бораётган 2020 йил бутун дунёда бўлгани сингари, биз учун ҳам ғоят синовли давр бўлди.
Коронавирус пандемияси кенг тарқалишининг олдини олиш, санитар-эпидемиологик осойишталикни таъминлашда ўзининг билим ва салоҳияти, профессионал маҳорати билан муносиб ҳисса қўшиб келаётган тиббиёт ходимлари аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, беморлар ҳаётини асраш йўлида уларга чинакам меҳр ва ғамхўрлик кўрсатиб, шифокорлик жасоратларини намоён этишмоқда. Шундай мураккаб
вазиятда, ўз ҳаёти ва соғлигини хавф остига қўйиб, зиммаларидаги муқаддас бурчни виждонан бажармоқдалар. Шу маънода, бу синовли давр бизларга бундан кейин ҳам ҳамжихатлик билан ҳаракат қилиш зарурлигини яққол кўрсатиб берди.
Шу ўринда тарих саҳифаларидан жой олаётган 2020 йил академиямиз ҳаётида ҳам муҳим воқеаларга бой бўлганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Жумладан, ўқув услубий, маънавий-маърифий, тарбиявий ва илмий ишларга янгиликлар киритилиб, шундай мураккаб шароитда сай-ҳаракатларимиз ўз натижасини бермоқда.
Президентимиз Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек: “Инсон саломатлиги учун ўзини масъул ва жавобгар деб ҳисоблайдиган ҳар бир тиббиёт ходими билим ва малакасини доимий ошириб бориши, янги технологиялар ва даволаш усулларини ҳар томонлама пухта эгаллаши энг ўткир масалага, ҳаётий заруриятга айланмоқда. Аминманки, Абу Али Ибн Синодек, буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари, Ўзбекистон тиббиёт мактаби анъаналарининг давомчилари бўлган сиз азизлар, ўз фаолиятингизни ана шундай юксак мезонлар асосида ташкил этиб, олийжаноб бурчингизни бундан буён ҳам шараф билан адо этасизлар” деган сўзлари бизнинг интилиш ва мақсадларимизга мазмун бағишлаб, келгусида янада юксак марраларни эгаллашимизга туртки бўлади.
Кириб келаётган 2021 йилда академиямиз
жамоаси бир қатор тадбирларни амалга ошириб, соҳа ривожининг янги босқичига чиқишига катта умид боғлайман.
Қадрли устозлар, муҳтарам профессор ўқитувчилар, ҳурматли ҳамкасблар ва азиз талаба ёшлар!
Кириб келаётган янги 2021 йилда сизга, сиз орқали оила аъзоларингизга бахт ва омад тилайман. Илмий ва ижодий ишларингизга барака, интилишларингизга ривож, хонадонингизга тинчлик ва хотиржамлик ҳамроҳ бўлсин. Янги йилингиз муборак бўлсин!
Ҳурмат билан,
Тошкент тиббиёт академияси ректори
А.К. Шадманов
Translate: Рус