БАЙРАМ ТАБРИГИ…

Тошкент тиббиёт академияси ректори А.Шадмановнинг Наврўз байрами табриги.

 

Она диёримизга барчамиз орзиқиб кутган, гўзал ва дилбар фасл – Наврўзи олам кириб келди.Уйғониш ва янгиланиш, қут-барака элчиси Наврўз айёми шукуҳидан дилларимиз яйрамоқда.

Шундай тароватли кунларда барчангизни, кўп миллатли  халқимизни жонажон Ўзбекистонимизга кириб келган Наврўзи олам билан чин қалбимдан самимий табриклаб, эзгу тилакларимни изҳор этаман.

2021 йилни ватанимиз тарихида  “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” сифатида эътироф этилишида чуқур маъно мужассам. Бу йилги Наврўзни юртимизга   фаровонлик, тинчлик, омонлик элчиси сифатида ташриф буюраётган  қадр-қиммат, ҳайру-саховат, меҳр-оқибат фариштасига қиёслаш мумкин.

Малакатимизнинг барча гўшаларида бўлгани сингари академиямиз ёшлари ҳам куни кеча талабалар ётоқхонасида Сумалак пишириб баҳор байрамини ўзгача ҳурсандчилик ва  ҳамжиҳатликда қарши олдилар.

Сумалак тайёрлаш баробарида қадимий миллий ўйинларимиз

варрак учириш, «Кураш» «Кўпкари», «Арқон тортиш», «Чиллак», «Хўроз уриштириш», «Оқ теракми, кўк терак», «Бештош», «Тез айтиш», «Ким олади-ё, шугинани-ё?» каби азалий соғломлаштириш ўйинлари  борасида қизиқарли суҳбатлар бўлди. Йигит қизлар  то тонгача, Сумалак пишгунича давра олиб рақсга тушдилар, қуйлар қўшиқларга уланди.  Муҳими, улар бу каби шодиёналар шунчаки эрмак ёки вақт ўтказиш учун ўйлаб топилмагани, наврўзий тамоилларда  катта ҳикмат борлигига илмий манбаларни ўрганиб амин бўлдилар.

Хурматли ўқитувчи-профессорлар, талаба-ёшлар! Сизларни мана шу гўзал, тароватли кунларда Наврўз айёми билан чин дилдан қутлашдан мамнунман.

Барчангизга соғлиқ-омонлик, оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик, бахт-саодат тилайман.

Илмий изланишларингиз ва ўқишларингизда омад ёр бўлсин. Наврўзи оламнинг ҳаётбахш нури-зиёси қалбларимизни поклаб, барчамизни яхши ишларга ундасин.

Наврўз – янги кун демакдир. Ҳар бир хонадонга янгидан янги режалар, мақсадларнинг қарор топишидек тоъле насиб этсин. Наврўз шукуҳи доимо қалбларимизни қувончларга тўлдириб,  юртимизда мангу қолсин!

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan