Бугун Тошкент тиббиёт академиясида “9 май Хотира ва қадрлаш куни”га бағишланган маънавий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда куйидаги уруш ва мехнат ветеранлари, Афғон уруши жангчи фахрийлари ҳамда академияда кўп йиллар фаолият юритган фахрийларни тантанали тақдирлаш ташкил этилди:
– Улуғ Ватан уруши қатнашчиларига тенглаштирилган фахрий онахон, Юқумли касалликлар кафедраси доценти Ибодова Мухтабар Кадировна;
Афғон уруши қатнашчилари
– Абдукодиров Хабибулло, Захирадаги майор Атаджанов Хамдам Шакирович, Орифхонов Набихон Турахонович, Захирадаги полковник Маматов Исроил Исмоилович, Захирадаги полковник Нуруллаев Орзикул Журакулович, Захирадаги подполковник Сиддиков Комилжон Садирдинович, Захирадаги подполковник Нуров Эсон Эгамович, Резервдаги тиббий хизмат подполковник Худойбергенов Бахтиер, Холмухамедов Абдували Абдукаримович, Касимов Дилмурот Худойбердиевич, Резервдаги харбий хизмат подполковниги Жабборов Озимбой Отаханович.
Мазкур тадбирда ТТА Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Т.А.Бобомуратов сўзга чиқиб, академия фахрийларининг шу кунга қадар чеккан захматлари, ватан учун қилинган хизматлари ҳақида сўз юритдилар. Дарҳақиқат нуроний отахонларнинг юзларидаги ажинларнинг ҳар бир чизиғида ватан шарафи учун чекилган захматлару, зил-замбил машаққатларни кўриш мумкин.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик мустаҳкам қарор топди. Натижада катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, меҳр-оқибат туйғулари одамлар қалби ва шууридан янада чуқур жой олди.
Ўз навбатида аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, бугун сафларимизда юрган, элу-юрт тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларни эъзозлаш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди.
Уруш фахрийлари, иштирокчилари ва урушда Қурбон бўлганларнинг оилаларидан тушган кўплаб илтимосномаларни, халқимизнинг, жамоат ташкилотларининг билдирган хоҳиш-иродасини инобатга олиб, Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашиб ҳалок бўлганларнинг, мамлакатимиз озодлиги ва мустақиллиги учун жон берган Ўзбекистоннинг барча ўғлонлари хотирасини абадийлаштириш муҳимлигини назарда тутган ҳолда 1999 йил 2 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2243-сонли фармони билан 9 майни “Хотира ва қадрлаш куни” деб эълон қилинди.
Биз азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғоя тарғибига бағишланган буюк миллий маънавий меросимиз бор. Уларнинг барида тинчликнинг қадрига етиш тарғиб этилади, уруш эса батамом қораланади.
9 майни Хотира ва Қадрлаш куни тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётганимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад ётибди.
II жаҳон урушида Ўзбекистонимиздан 1 миллион 433 минг 230 нафар одам иштирок этди. 604 минг 52 нафар ҳамюртимиз уруш майдонларидан ногирон бўлиб қайтди, 450 мингдан ортиқ ватандошимиз эса қонли жангларда ҳалок бўлди.
Ҳамон орамизда қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат-машаққат чекканлар бор. Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг эса қадрига етиш керак.
Мустақил Ўзбекистон халқи ва давлати аввал-бошдан тинчлик-тотувлик тарафдори сифатида майдонга чиқди. Ана шу асосларга кўра, мустақиллик йилларида ҳам бизда 9 май умумхалқ байрами сифатида, 1999 йилдан бошлаб эса Хотира ва Қадрлаш куни сифатида нишонлаймиз.
Халқ хотираси деганда киши кўз ўнгидан Ватан ибтидосидан бугунига қадар шу юрт, шу халқ деб курашган, куч-қудрати, ақл-заковатини аямаган, керак бўлса, шу йўлда жон фидо қилган не-не буюк зотлар бир-бир ўтади.
Бу байрамда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирланади, Афғонистон урушида ҳалок бўлганлар шўро сиёсатининг бегуноҳ қурбонлари сифатида эсланади, умуман, ўтганлар руҳи ёдга олинади, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтиради.
9 майнинг Хотира ва Қадрлаш куни деб эълон қилиниши бизда сиёсатнинг инсонийлашганидан, давлатнинг ҳазрати инсонга қайишганидан далолат беради. Урушда ҳалок бўлган ҳар бир ўзбекистонлик – Ватанимиз фарзанди эди. Уларни ёддан чиқаришга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ.
Мустақиллик йилларида 35 жилдлик “Хотира” китоби чоп этилди. Энди эса уруш қурбонларининг номи мамлакат пойтахтидаги Хотира майдонига ўрнатилган темир “дафтар”га зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйилди.
Хотира ва Қадрлаш кунини муносиб нишонлашдан кўзлаган бош мақсадимиз – Ватан ҳимоячиларини хотирлаш, орамиздаги фидойи инсонларнинг, тинчликнинг қадрига етиш, урушни қоралаш, тинч-осойишта яшаётганимиз, турмуш фаровонлигини таъминлаш учун тер тўкиб, унумли меҳнат қилаётганимизнинг шукронасини қилишдан иборат.
Бу ҳар қандай кишини маънан рағбатлантиради, уни яшашга, яратишга, элу юртга садоқат ва қатъият билан хизмат қилишга ундайди. Зеро хотира ҳамиша муқаддас, қадр азиздир.
Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими