Тиббий реабилитация – замонавий ёндашувлар…

Тиббий реабилитация – замонавий ёндашувлар

Тошкент тиббиёт академияси «Тиббий реабилитация – янги ёндашувлар» мавзусидаги I халқаро илмий-амалий конференцияга мезбонлик қилди. Дунёнинг етакчи тиббиёт олийгоҳлари ва клиникаларининг тажрибали олимлари, етакчи мутахассислари иштирок этган мазкур анжуманда соҳага доир илғор тажрибалар, инновацион илмий ишланмалар билан яқиндан танишиш имконияти туғилди.

Тиббий реабилитация кўп тармоқли соҳа бўлиб, педагогик, психологик ва бошқа бир қанча фаолият турлари уйғунлигига эҳтиёж сезади. Бу эса жаҳон тиббиёт олимлари ва мутахассисларининг бир мақсад йўлида бирлашиш, ўзаро тажриба алмашиб фаолият юритишини тақозо этади. Ушбу тадбир айни шу мақсадга қаратилгани ва илк марта Тошкентда ўтказилаётгани билан аҳамиятлидир.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, тиббий реабилитация масаласи бугунги кунда бутун дунё тиббиёти зиммасига жиддий вазифаларни қўймоқда. Шулардан бири турли соҳалар мутахассислари ишининг мувофиқлаштирилиши масаласидир.

Касаллик ёки шикастланиш натижасида йўқотилган нормал руҳий ҳолатларни максимал даражада тиклаш, инсон танасининг физиологик функциялари ва ишлаш қобилиятини сақлаб қолиш жуда муҳим.

Анжуманда россиялик етакчи олимлар Covid-19 нинг кўриниши ва унинг бутун дунё бўйлаб тарқалиши жараёнидаги муаммоларга тўхталди. Фикрларга кўра, коронавирусга чалинган одамлар шифохоналарни бутунлай соғлом тарк этишмайди. Яъни касалликни бошидан кечирган беморларда уйқу бузилиши, депрессия, қон томир ва ўпкадаги ўзгаришлар беш-ўн йил давомида ҳам турлича кўринишда намоён бўлиб туриши тахмин қилинмоқда.

– Коронавирус инфекциясини даволашдан сўнг шифохонадан чиқарилган бемор ўзини мутлақо соғлом ҳис қилмаслиги табиий ҳолат, – дейди Россия Фанлар академияси академиги М.Разумов. – Ҳатто енгил шаклда касал бўлганлар ҳам камида психологик реабилитацияга муҳтож бўлади. Касалликдан сўнг барча беморларда кучсизлик, бош оғриғи, нафас қисиши, ортиқча терлаш ва тушкун кайфиятлар сақланиб қолади. Шу боис, ушбу симптом мажмуасига «Ковиддан кейинги синдром» шартли номи берилмоқда.

Конференция иштирокчилари тақдим этган илмий маърузаларда беморларни даволашда тиббий реабилитация муҳимлигига урғу берилиб, асосан нафас олиш гимнастикасига эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, конференция доирасида Европа ҳамда Россиянинг нуфузли клиникалари, махсус реабилитация марказлари мутахассислари томонидан соҳага доир илғор тажрибалар, инновацион илмий ишланмалар тақдим этилди.

 

Моҳигул Қосимова,  ЎзА

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan