УСТОЗЛАРНИ ХОТИРЛАБ…

УСТОЗЛАРНИ ХОТИРЛАБ…

 

 9 майни Хотира ва Қадрлаш куни ва умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётганимиз замирида тинчлик-осойишталик ва хотиржамлик ҳукм сураётган ўлкамизда мўътабар устозларимизни хотирлаш биз шогирдларнинг бурчимиздир. Шу боисдан ТТА 2 – сон акушерлик ва гинекология кафедраси жамоаси томонидан улуғ устозларимизни ёдга олдик…

 

Устоз! Муаллим! Мударрис! Мураббий! Бу сўзлар нақадар маъноли ва сермазмундир. Бу сўзларни эшитганда қалблар жунбушга келиб, кўнгиллар ёришиб кетади. Зеро, эсимизни таниган илк онларимиздан бошлаб айнан ана шундай зотлар бизнинг қўлимиздан тутиб келмоқда. Устоз – софдил, камтарин, маънавий бой, ахлоқан пок инсондир. Устозлар – бутун кучларини, ақл-идрокларини, билим ва кўникмаларини, қалб қўрию меҳрларини шогирдларига баҳшида этган заҳматкашлардир.

Ҳақиқатан ҳам, инсонни инсон қилиб камол топтиришда, унга билим ва одамийлик, меҳр-оқибат, эзгу орзу-ниятлар билан яшаш туйғуларини сингдиришда, бир сўз билан айтганда, жамиятимизнинг муносиб фуқароси бўлиб ҳаётга кириши ва мустаҳкам ўрин олишида ўқитувчи ва мураббийлар, барча таълим соҳаси фидойиларининг ҳиссаси беқиёсдир. Шундай улуғ устозларимиз қаторида тиббиёт фанлари доктори, профессор Азимова Журахон Азимовна, тиббиёт фанлари номзоди, доцент Саруханова Анаит Анушавановна, тиббиёт фанлари номзоди, доцент Мавлянова Шаходат Қодирназаровнани хотирлаш биз шогирдларнинг бурчимиздир.

Заҳматкаш ва меҳрибон устозимиз профессор Азимова Журахон Азимовна 1938 йил 3 сентябрьда Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида таваллуд топди. 1956 йил Андижон Давлат Тиббиёт Институти даволаш факультетини муваффақиятли тамомлаб, шифокорлик фаолиятини бошлади. 1970 – 1972 йиллар давомида Москва Бутуниттифоқ Акушерлик ва гинекология Институтида клиник ординатурада таҳсил олиб, шу олий даргоҳ қошида аспирантурага ўқишга кирди (1972 – 1975 йиллар). 1975 йилда Москва шаҳрида “Состояние гипоталама-гипофизарно-яичниковой системы у женщин с ретроцервикальным эндометриозом” мавзусида илмий ишини мувафафиятли ёқлаб, тиббиёт фанлари номзоди даражасига эришди. 1976 йилдан II Тошкент Давлат Тиббиёт Институти акушерлик ва гинекология кафедрасида санитар – стоматология кафедрасида ассистентлик лавозимида иш бошлади. 1979 йил УАШТ акушерлик ва гинекология кафедрасига рефрактуризациясидан кейин устозимиз 2010 йилга қадар кафедра профессори сифатида педагогик маҳоратини намоён қилди. 1994 йилда ”Послеродовый период у женщин с анемией, профилактика осложнений” мавзусида докторлик диссертациясини муваффақиятли ёқлади. 1980 йилдан кафедра доценти сифатида, 1996 йилдан кафедра профессори сифатида Жўрахон Азимовна қалбларимиздан талабчан, меҳнатсевар устоз – мураббий сифатда жой олиб, ўз илмий ва педагогик фаолияти давомида 120 дан ортиқ илмий нашрлар, 2 монография, 13 патент муаллифидир. Ҳозирда устозимиз 72 ёшда нафақада бўлишларига қарамай, ўз маслаҳатларини биз шогирдалардан аямайдилар.

Чинакам мураббий ва ҳурматга сазовор устозимиз доцент Саруханова Анаит Анушавановна 21 май 1949 йили Тошкент шаҳрида таваллуд топди. 1992 йилдан УАШТ акушерлик ва гинекология кафедраси доценти лавозимида машаққатли меҳнат қилиб келган,ю Анаит Анушавановна , ўзининг тиришқоқлиги, билимдонлиги ва меҳнатсеварлиги билан ажралиб турарди. Ўқув ишларига масъуллик лавозимида кафедра ходимларини жипслаштира олган, кафедрада ўқув фаолитини ташкил этишда ўз улкан ҳиссасини қўшган бебаҳо инсон – доцент Анаит Анушавановна клиникамиз амалий ҳаётида ҳам ўрни салмоқли эди. 1966-1972 йилларда Тошкент Давлат Тиббиёт Институтини мувафақиятли тамомлаб, 1972-1975 йиллар давомида поликлиникада педиатр сифатида фаолият юритди. 1974 йилда акушерлик ва гинекология бўйича специализация ўтиб, 1975-1981 йилларда ТошДавТИ гинекология бўлимида шифокор – ординатор бўлиб амалий фаолият юритган. 1981-1986 йилларда Янги ТошДавТИ очилиш муносабати билан Туғруқ Комплексида ординатор бўлиб ишлади ва турли бўлимларда ротация натижасида ишни давом этиб, тунги навбатчиликларда туриб малакали тажриба орттирди. Илмий фаолияти 1986 йилда «Особенности течения беременности, родов и структурно – функциональное состояние плаценты у первородящих различного возраста» мавзусида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ёқлади ва 1986 йилдан кафедра ассистенти лавозимига ўтди. 1991-2012 йилларда кафедра доценти лавозимида ишлаб, субординаторлар ва магистрларга наъмунали устоз сифатида аъло педагогик қобилият намоён этиб, дарс машғулотларини ўтар, олийгоҳ маънавий ҳаётида фаол иштирок этарди. Талабчанлик, масъулиятлилик, аниқлик ва теранлик хос бўлган Анаит Анушавановна нафақат ўз педагогик фаолиятини, балки ўқув ишлар бўйича масъулликни ҳам юқори профессионал даражада бажарди. Ўз илмий ва педагогик фаолияти давомида 80 дан ортиқ илмий мақолалар ва тезислар, ўқув – услубий қўлланмалар, 2 патент муаллифидир. Ҳозирда ҳурматли устозимиз Москва шаҳрида ўз иш фаолиятини фаол юритмоқда.

Мўътабар ва дилбар устозимиз доцент Мавлянова Шаходат Қодирназаровна 1960 йил 20 мартда Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида туғилган. 1983 йил Тошкент Давлат Тиббиёт Институтини тамомлаган. 1991 – 2002 йилларда I Тошкент тиббиёт институти “Акушерлик ва гинекология” кафедраси ассистенти, 2002 – 2005 йилларда I Тошкент тиббиёт институти “Акушерлик ва гинекология” кафедраси доценти, 2005 – 2014 йиллар мобайнида Тошкент тиббиёт академияси “УАШ тайёрловчи акушерлик ва гинекология” кафедраси доценти бўлиб иш фаолиятини юритган. Шаходат Қодирназаровна “Клинико – биохимические критерии прогнозирования перенашивания беременности и способ её коррекции” мавзусида номзодлик ишини муваффақиятли ёқлаб, 1997 йилда тиббиёт фанлари номзоди илмий даражаси, 2006 йилда доцент илмий унвони берилган. Ўз илмий ва педагогик фаолияти давомида 70 дан ортиқ илмий мақолалар ва тезислар, ўқув – услубий қўлланмалар, 2 патент муаллифидир. Доцент Шаходат Қодирназаровна ўзининг самимийлиги, пунктуаллиги, ўз олдига қўйган вазифаларни аниқ бажариши ва ўз касбини бутун вужуди билан севиши билан ажралиб туради. Афсуски, улуғ устозимиз ҳозир бизнинг орамизда йўқ бўлсада, унинг хотираси биз шогирдлар кўксида мангу барҳаётдир.

Ўзининг кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини ёш авлод тарбиясига бағишлаган ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати, жасорати ҳар қандай юксак баҳога муносиб. Фарзандларимизни, миллат келажагини одамийликка тайёрлаётган, минг машаққатларни шогирдларининг камолини кўриш истагида жўш ураётган устоз ва мураббийларимиз бор бўлсин! Нафақат ўқитувчилик касбидаги устозлар, балки, ҳаёт йўлида бизга ниманидир ўргатишга муваффақ бўлган мураббийларимизнинг умрлари зиёда бўлсин. Уларнинг заҳматли меҳнатлари сабаб шу даражага етганимиз чин.

ТТА 2 – сон акушерлик ва гинекология кафедраси ассистенти Ирназарова Динара Хамидуллаевна

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan