Олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизими тўғрисидаги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Низомга мувофиқ талабалар билимини назорат қилиш оралиқ ва якуний назорат турларини ўтказиш орқали амалга оширилади. Оралиқ назорат ҳар бир фан бўйича 2 мартагача ўтказилиши мумкин.
Якуний назорат тури семестр якунида (тиббиёт олий таълим муассасаларида фан якунида) ўтказилади.
Талабаларнинг билими 5 баллик тизимда қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:
• талаба мустақил хулоса ва қарор қабул қилади, ижодий фикрлай олади, мустақил мушоҳада юритади, олган билимини амалда қўллай олади, фаннинг моҳиятини тушунади, билади, ифодалай олади, айтиб беради ҳамда фан бўйича тасаввурга эга деб топилганда – 5 (аъло) баҳо;
• талаба мустақил мушоҳада юритади, олган билимини амалда қўллай олади, фаннинг моҳиятни тушунади, билади, ифодалай олади, айтиб беради ҳамда фан бўйича тасаввурга эга деб топилганда – 4 (яхши) баҳо;
• талаба олган билимини амалда қўллай олади, фаннинг моҳиятни тушунади, билади, ифодалай олади, айтиб беради ҳамда фан бўйича тасаввурга эга деб топилганда – 3 (қониқарли) баҳо;
• талаба фан дастурини ўзлаштирмаган, фаннинг (мавзунинг) моҳиятини тушунмайди ҳамда фан бўйича тасаввурга эга эмас деб топилганда –2 (қониқарсиз) баҳо билан баҳоланади.
Тегишли фан бўйича ўқув машғулотларини олиб борган профессор-ўқитувчи якуний назорат турини ўтказишда иштирок этиши тақиқланади.
Оралиқ назоратни топширмаган ёки “2” баҳо олган талаба якуний назорат турига киритилмайди.
Якуний назоратга кирмаган ёки киритилмаган, шунингдек ушбу “2” баҳо олган талаба академик қарздор ҳисобланади.
Бир кунда 1 тадан ортиқ фан бўйича якуний назорат тури ўтказилмайди.
Баҳолаш натижасидан норози бўлган талабалар натижа эълон қилинган вақтдан бошлаб 24 соат давомида факультет декани томонидан ташкил этиладиган Апелляция комиссиясига апелляция бериш ҳуқуқига эга.
Манба: “Ҳуқуқий ахборот” канали
НИЗОМНИНГ ТЎЛИҚ МАТНИ БИЛАН ҚУЙИДАГИ ХАВОЛА ОРҚАЛИ ТУНИШИШИНГИЗ МУМКИН
ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДА ТАЛАБАЛАР БИЛИМИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ ВА БАҲОЛАШ ТИЗИМИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМ