ФОРИШЛИК ЙИГИТ ҚИССАСИ

“Боланинг аҳволи яхши, фақат кейинчалик унинг соғлиги доимий назоратда бўлиши керак. Нутқида етишмовчиликлар бўлиши мумкин. Хабарингиз бор, туғриқ пайти асфикция жараёни рўй берди. Яхши тушунасиз, перенатал энцефалопатия бош миянинг ҳужайра ва тўқималарига таъсир этмасдан қўймайди. Кислород етишмайди, ҳомиладорлик даврида ҳомила шикастланган бўлиши ҳам мумкин.”

Ойжамол докторларнинг гапини бир эшитиб, бир эшитмас, орзу умидлар билан кутган ўғли, наҳотки гапиролмаса…наҳотки у ногирон туғилган бўлса, шу саволлар қийнарди уни…

ФОРИШЛИК  ЙИГИТ ҚИССАСИ

Тошкент тиббиёт академияси талабаси Маликов Мансур Шодмон ўғли билан онлайн суҳбат

Ойжамолнинг юзида пайдо бўла бошлаган ҳомиладорлик аломатлари туғруқ яқинлашгани сайин унинг ойдан ҳуснига ҳусн қўшиб борарди. Икки қиздан кейин ўғил кўриш орзусида юрган Шодмонбой хотинида рўй бераётган бирор ўзгаришни назаридан қочирмасди.

“-Бу яхшилик аломати… ,- кўнглидан ўтказди, у. Кексалар туғриқдан олдин юзига доғ тушган аёлни ўғил кўради деб, башорат қилардилар. Ажаб эмас… аввало ўғилми, қизми илоҳим иймонли, диёнатли солиҳ фарзанд туғилсин. Яратганнинг инояти..

Жиззахнинг Фориш тоғлари соя ташлаб турган сўлим қишлоқ 1998 йилнинг бир муборак тонгида чақалоқнинг қўнғироқдек овозидан ларзага келди, гўё.

Қишлоқнинг ёшу қарисидан меҳрини ҳам, беминнат меҳнатини ҳам аямайдиган эру-хотин фельшерларнинг хонадонида паҳлавондек, ўғил фарзанд дунёга  келгани ҳақидаги хушхабар, тез орада ҳамманинг қулоғига етиб борди. Ҳамма хурсанд, фақат туни бўйи дадасидан яхши хабар кутган икки қизалоқнинг кўзидан уйқу қочган.

Отасининг безовта кайфиятини кўрган қизларни энди янги укасининг аҳволи ташвишга соларди.

Ўғил кўрган бўлсада, сира чеҳраси очилмаётган дадасининг соғлигидан хавотирда эдилар. Шодмонбой ўзи врач эмасми, туни билан хотини баробарида дард чекканидан бироз толиққанини қизларига тушунтириб, уларни тинчлантирдида, яна туғруқхона томон югурди. Йўлда, бораётиб, ўз -ўзига савол берарди. Ҳомила пайти узоқ йўлга қатнаб ишлашга чарчадимикан, нега ундай бўлди, туғруқ оғир кечганидан бола йўлда  анча қолиб кетди, сабаби шу  менимча…ишқилиб ўтиб кетсин, асорати енгил бўлсинда.

Шу  каби таҳликали ҳаёллар билан  қандай қилиб у туғруқхона эшигига  борганини ҳам сезмай қолибди.  Хотини ётган палатага  кириб борганида врачлар Ойжамолга  чақалоқнинг аҳволи ҳақида  тушунтираётган эдилар.

“Боланинг аҳволи яхши, фақат кейинчалик  унинг соғлиги доимий назоратда бўлиши керак. Нутқида етишмовчиликлар бўлиши мумкин. Хабарингиз бор, туғриқ пайти асфекция жараёни рўй берди. Яхши тушунасиз, перенатал энсефалопатия бош миянинг хужайра ва тўқималарига таъсир этмасдан қўймайди. Кислород етишмади, хомиладорлик даврингизда  ҳомила шикастланган бўлиши ҳам мумкин.”

Ойжамол докторларнинг гапини бир эшитиб, бир эшитмас, орзу умидлар билан кутган ўғли, наҳотки гапиролмаса…наҳотки у ногирон туғилган бўлса, шу  саволлар қийнарди уни…

Ҳамма гапдан хабари бор Шодмонбой, докторларга раҳмат айтиб тўғри ўғли ва хотинининг ёнига борди.

Маликов Мансур Шодмон ўғли, 1998-йил 11-декабрда дунё юзини кўрган Форишлик чақалоқ

Маликов Мансур Шодмон ўғли, 6 ёшида мактабда шўхлиги туфайли устозидан қаттиқ калтак еб гапиролмай қолган тўполончи болакай…

Маликов Мансур Шодмон ўғли, велосипедда Форишдан Самарқандга қатнаб олийгоҳга тайёрланган ҳаракатчан йигит елкага қоп ортиб, юк ташиб даромад топишдан уялмаган абитуриент…

Маликов Мансур Шодмон ўғли. Тошкент тиббиёт академиясига ногирон абитуриентлар орасидан саралаб олиниб, ўқишга қабул қилинган бахтиёр талаба.

МЕН НЕЙРОХИРУРГИЯНИ ТАНЛАДИМ ЧУНКИ…..

Бўй басти келишган, дид билан кийиниши кишини бир кўрганда ўзига жалб этадиган бу иқтидорли талаба билан  ёшлар фестивалида танишиб қолдим. Дастлабки, суҳбатданоқ унинг гапиришида нуқсони борлигини пайқаганим боис, телеграмм орқали маълумотлар алмашишга  келишиб олдик. Ногиронлар  куни муносабати билан очерк тайёрлаётганимни айганимдан сўнг, ўша  куннинг ўзидаёқ  роппа роса бир соат давомида  телеграммдаги манзилимга  тинимсиз хабарлар ташлади. Гапиришга қийналадиган талаба билан ёзма  суҳбатимиз осон кечади деб ўйлагандим…йўқ…адашгандим. Мен унинг ҳар бир сўзидан, ёзаётган ҳар бир сатридан таъсирланардим. Унинг хасрат эмас, атрофдаги яхши инсонларга бўлган чексиз, меҳри, қалбидаги болаларча беғуболги, ота-онасига  чексиз хурмати, айниқса ўзи сингари бу дунёга  қайсидир нуқсон билан келган тенгдошларига  елка тутиб бера олишдек, тантилигидан таъсирланардим. Мансурнинг худди катта кишилардай, ҳаёт қийинчиликларини ўзидан ўзга инсонларга билдирмай мақсади сари  интилишдан чарчамаслиги мени хайратга  соларди.Ҳокисор қалбидаги туйғулари у  чизаётган расмларда, жимгина сўзлаётганга ўхшарди.

Маликов Мансур Шодмон ўғли, Тошкент тиббиёт академияси 3- босқич талабаси

“Мактабни тамомлаб, Зомин тиббиёт коллежида таҳсил олиш давомида ота-онамни қийнаб қўймаслик учун дарсдан ташқари чойхона ва тўйхоналарда ишлаб, пешона терим билан топган маблағимга  1та велосипед сотиб олдим.

Ўзимдан орттириб уйга олиб борсам, аяжоним кўзларига ёш олиб, илоҳим олим бўл, илминг билан одамларни гапиртир болам дея, дуо қилардилар.

Сира эсимда чиқмайди «меҳнатнинг айби йўқ” дея, дарсдан кейин камазлардан омборга ун туширар, катта ҳусусий музлаткичларга полиз экинларини ортиб пул топиб юрган пайтларим эди. Самарқанддаги уйидан жой берган амакимлар ва устозимга миннатдорчилик билдириш мақсадида велосипедда юриб пул топа бошладим. Ишим ўқишга кетишда ун ортиб олсам, қайтишда баклашка ва қоғозлар териб катта магазинларга топширардим.

 

Биология фанидан тайёрлайдиган устозим мени гапиришда қийналаётганимни  кўриб, тест орқали билимингизни текширамиз деб, менга шароит яратиб берардилар.

Зафар ака билан бошида тайёрлов курсини нархини келишганимизда, ўқишга кирсанг ўзинг билиб берарсан, худо кўрсатмасин кира олмасанг бермай қўявер дедилар. Олийгоҳга топширдим. Ўқишга  кирдим. суюнчи олай деб, Самарқандга Биологиядан таълим берган Зафар акамнинг ёнига бориб “ устоз табрикланг, талаба абитуриентингиз келди” деганимни биламан, оталарча бағрига босди. Атаб қўйган пулимни қўлимга қайтариб берар эканлар кўзларида ёш билан шундай деди.

Укажон мен сени қилган меҳнатларингни кўрганман. Бу пулларни қандай машаққат билан топганингдан хабарим бор. Қанийди сендек меҳнатга, қийинчиликларга бардош бера оладиган ўғлим бўлсайди… пулларни олда, онанга бер…менинг  ташаккуримни етказиб қўй. Сендай  фарзандни тарбиялаган ота-онангни ҳамиша бошинга  қўй. Менинг номимни дуоларинг орасида қўшиб қўйсанг шуни ўзи кифоя” деган эдилар.

Отам ва онам , устозим дуолари билан Тошкент тиббиёт академиси талабаси бўлдим. 1-марта дарсга борганимда ўзимга ўхшаган талабалар борлигидан, жуда ҳам ҳурсанд эдим.

2-курслигимизда гуруҳимизга ўқишларини чет давлатлардан Ўзбекистонга кўчирган 4 нафар  талабалар қўшилди..

Янги дўстлар орттирдим. Имтиҳонларда бир-биримизни камчилигимизни тузатиб, бир-биримизга ёрдамлашадиган бўлдик.

Олийгоҳим менинг учун иккинчи уйимга айланди.

-Расм чизишнии яхши кўраман. Табиатни, беозор кулиб турган болаларни ва китобларни яхши кўраман.

Болалигимдан китоб ўқиш шеър ёзиш ва расм чизиш билан шуғулланганман. Талабалар турар жойининг раҳбарияти менинг интилишларимни тўғри қабул қилиб, рассомчилик залини менга топширишди. Бу ишончдан суюниб кетдим, мароқ билан чизаман. Қаерда танлов бўлса биринчи бўлиб қўл кўтараман. Академия номига мен томонимдан бир яхши гап келишини истайман. Бу ўгитни менга бобом берардилар. Ҳамиша яхши гап айтиб, фойдали ишларни бажариб сенга ишонганларнинг юзини ёруғ қил дердилар.

Яхши ишларим режасини тузиб бораман. Энг биринчи олий мақсадим ота-онам, оила аъзоларимни «Ҳаж ва Умра сафар»ларига олиб бориб, Қиблам бўлган Каъбани зиёрат қилдириш!

Ёшлигимдаги орзулариминг яна бири ўзимдаги дарднинг давосини топиб одамларга нафим тегса дейман.

Шунинг учун нейрохирургия касбини чуқур эгаллаб, келажакда етук мутахассис бўлиш ниятида яхши баҳоларга ўқиб, изланмоқдаман. Бу интилишларимга  болаликдаги орзуларимга қанот бўлган инсонлар сабабчи.

Мен уларни ҳамиша рози қилишни истайман…

Ёшлигимда опаларимни китобларини яширинча олиб, ичидаги шеърларни, санашларни ўрганиб олар эдим. Улар сабаб “Кимёгар энциклопедияси”, Ибн Сино бобомизнинг «Тиб қонунлари», ҳамда Шерлок Ҳолмс детектив асаририни яхши кўриб қайта-қайта ўқийдиган китобларим қаторига киритдим.

Мен учун тиббиёт инсонларга зиён етказмасдан дардга шифо топишдир. Шифокор эса, беморда кечаётган ва барча касалликларни ўзида ҳам руҳан, ҳам жисмонан акс эттира оладиган фикрлаш доираси кенг фидоий шахс демак.

Мени шундай инсонларга дуч  қилган тақдирдан миннатдорман. Улар менинг икки фариштам оддий қишлоқ фельлшерлари онам Ойжамол ва отам Шодмон.

                                                 Тошкент тиббиёт академияси

Матбуот котиби: Гулчеҳра Мирзаева