ТОШКЕНТ ТИББИЁТ АКАДЕМИЯСИ РАҚАМЛАШТИРИЛМОҚДА

Жорий йилдан республикамизнинг ҳар бир туман ва шаҳарларида мавжуд инфратузилма объектлари негизида кенг аҳоли қатламлари, айниқса ёшлар ва аёллар учун рақамли технологиялар ўқув марказлари фаолияти йўлга қўйилади. 2021 йилдан бошлаб  мамлакатимизда барча вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида амалдаги раҳбар ўринбосарларидан бирига рақамлаштириш бўйича ўринбосар (Chief Digital Officer) ваколатлари юклатилади. Бу эса рақамли иқтисодиётни ривожлантириш орқали  ахборот технологиялари соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш жараёнида самарали ва очиқ мулоқотни йўлга қўйишда катта аҳамият касб этади. Тошкент тиббиёт академияси илмий жамоаси иштирокидаги йиғилишда шу йилдан бошлаб академия  негизида «Рақамли идора» лойиҳасини амалиётга тадбиқ этиш   маълум қилинди. Мутахассисларнинг электрон ҳужжат айланиши ва иш юритув жараёни бўйича тақдимоти эшитилди. Тошкент тиббиёт академияси ректори, профессор Шадманов Алишер Каюмовичнинг эндиликда олий таълим муассасасидаги барча маъмурий тартиб-таомиллар ва операцион жараёнлар рақамлаштирилиши юзасидан берган ахбороти йиғилиш иштирокчиларининг қатор таклифларига сабаб бўлди.

Хусусан, улар академия илмий педогогик жамоаси ва ходимларни рақамли саводхонлиги ва малакасини ошириш, уларни ахборот технологиялари ва ахборот хавфсизлиги бўйича ўқитиш таклифи билан чиқдилар. Бўлиб ўтган йиғилишда 2021 йилдан бошлаб академия иш фаолиятида рақамли  тизим бошқаруви, маълумотлар базаси ва «булутли» платформани юритиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш йўналишларида халқаро IT-сертификатларини олиш харажатлари жорий этилиши назарда тутилган.

 Маълумот ўрнида:

2023 йил якунига қадар барча туман ва шаҳарларда ўқувчиларнинг ижодий ривожланиши ва компьютер дастурлаш асосларини ўрганиши учун мавжуд таълим муассасалари негизида 200 дан ортиқ информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар босқичма-босқич ташкил этилади.

ТОШКЕНТ ТИББИЁТ АКАДЕМИЯСИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan