ИЛМУ-МАЪРИФАТГА ТАШНАЛИК ВА ОШНОЛИК…

ИЛМУ-МАЪРИФАТГА ТАШНАЛИК ВА ОШНОЛИК…

      

Фарзандини илм-маърифатли қилиб вояга етказишни истаган ҳар қайси ота –она энг аввало оилада ўз болаларига ҳар томонлама ўрнак бўлишга ҳаракат қилади. Ўғил-қизларини дунёвий ва диний билимлар билан озиқлантириб, жамиятга керакли инсон бўлишини истайди.

Бироқ  сир эмаски, илму-маърифатдан ўткинчи ҳою-ҳавасни устун қўйиб

зурриёдининг нотўғри йўлларга кириб қолишига сабаб бўлаётганлар ҳам кам эмас орамизда.

Тошкент тиббиёт академияси талаба ёшлари иштирокидаги маърифий тадбирда илмнинг инсон тарбиясига ижобий таъсири борасида гапирилди.

Ёшлар тарбиясида пайдо бўлаётган бўшлиқнинг жамият равнақига таъсир этиши мумкин бўлган салбий оқибатлари  тилга олинди.

Тадбирда Имом Бухорий номидаги Ислом институти катта ўқитувчиси Абдурасул Тошпўлатов,  Тошкент шаҳар ИИББ тезкор ходими Бекмурод Исматов ҳамда ТТА проректори Турдиқул Бобомуратовлар сўзга чиқиб, жаҳолатга қарши курашишда узвий тарбия жараёни муҳим бўлиши тўғрисидаги  мулоҳазаларини билдирдилар.

Хусусан, ёшлар тафаккури ва онгли дунёқарашини шакллантиришга беқиёс хизмат қиладиган энг тўғри йўл – маърифат йўлининг машаққатли, айни дамда саодатли манзили борасидаги ибратли мисолларни келтирдилар.

Ота-боболаримиздан мерос бўлиб ўтган  илму-маърифатга ташналик ва ошнолик тўғрисидаги ишончли илмий манбаларга асосланган қимматли фикрлар талаба ёшларда катта таассурот  уйғотди.

Учрашувда инсонни маънавий баркамолликка чорлаб, қалбларга хотиржамлик, ҳаётимизга тинчлик, топганимизга барака берадиган инсоний хислатлар борасида фикрлар алмашилди.

Сўзга чиққанлар томонидан  жамиятда жиноятчилик, экстремизм, терроризм, коррупция, фирибгарлик, кўзбўямачилик, ёлғончилик, эгоцентризм, аҳлоқий бузуқлик, оилавий ажримлар, меҳр-оқибатнинг камайишига сабаб бўлаётган иллатлар қораланиб, “оммавий маданият”нинг асл “башара”си очиб ташланди. Айрим ёшларнинг атрофда кечаётган енгил – елпи воқеъликларга тақлид қилиб  кўр-кўрона эргашаётгани қаттиқ танқид қилинди.

Ёшларни адолат ва ҳақиқат йўлига бошловчи  Ватанга садоқат, тадбиркорлик, иродалилик, мафкуравий иммунитет, меҳр-оқибатлилик, масъулиятлилик, бағри кенглик, ҳуқуқий маданият, инновацион фикрлаш, меҳнатсеварлик каби инсоний қадриятлар яна бир бор улуғланди.

Бугун ТТА да бўлиб ўтган маънавий-маърифий тадбир моҳияти жиҳатидан  республикамизда оилалар, таълим муассасалари, маҳаллалар ва корхоналарда мустақил фикрлаш ва мустақил қарор қабул қилиш лаёқатига эга бўлган ёшларнинг маънавий камол топиши учун зарур  шароитлар яратилаётганлигига бир ишорадир.

ТОШКЕНТ ТИББИЁТ АКАДЕМИЯСИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ.

 

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan