Ўқишни кўчириш. Эътиборли «нуқталар» ҳақида мулоҳаза

Ўқишни кўчириш

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 22 июндаги “2021/2022 ўқув йилида ўзбекистон республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги ПҚ-5157-сонли қарорининг 7-банди “в” кичик бандида 2021 йил 15 июлдан бошлаб талабалар ўқишини Ўзбекистон Республикасининг бир ҳудудида жойлашган давлат олий таълим муассасасидан (кейинги ўринларда- ОТМ) бошқа ҳудудидаги давлат ОТМга кўчиришда:

– ўқишни мос ва турдош таълим йўналишларига кўчиришга узрли сабаблар мавжуд бўлганда рухсат этилиши, бунда, ўқишни кўчириш сўралаётган ҳудудда мос ва турдош таълим йўналиши мавжуд бўлмаганда, ўқишни мазкур ҳудуддаги олий таълим муассасасининг бошқа таълим йўналишига кўчиришга рухсат этилиши;
– талабанинг ўқиш даврида республикамизнинг бир ҳудудидан иккинчи ҳудудига доимий яшаш учун кўчиб ўтиши, турмуш ўртоғи ёки ота-онасининг меҳнат фаолиятини амалга ошириш жойи бошқа ҳудудга ўзгартирилиши, никоҳ тузгандан кейин турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудудга кўчиб ўтиши узрли сабаблар этиб тан олинишлиги қатъий белгиланган.

Мазкур нормада талабаларнинг ўқишини узрли сабаблар мавжуд бўлмаган ҳолатларда, шунингдек, мос ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига кўчириш ўрнатилган тартибда, тегишли бакалавриат таълим йўналиши учун белгиланган табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдорига тенг бўлган бир марталик тўлов асосида амалга ошириши кўрсатилган.

Яъни, агар юқорида келтирилган узрли сабаблар мавжуд бўлмаса, ўқишини кўчириш истагини билдирган талаба мазкур йўналиш учун белгиланган табақалашган тўлдов-контрактнинг (супер-контракт) минимал миқдорини тўлаши шарт.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 15-бандида олий таълим муассасалари талабаларининг ўқишини кўчириш бўйича ўқишини кўчириш бўйича аризаларни тақдим этиш — ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар амалга оширилиши ҳамда талабалар ўқишини кўчириш узрли сабабларга кўра баҳорги семестрда ўқув машғулотлари бошланишидан олдин ҳам амалга оширилиши мумкинлиги, бунда, ўқишини кўчириш бўйича ариза топшириш — ҳар йили 20 декабрдан кейинги йилнинг 20 январига қадар амалга ошириш тартиби белгиланган.

Бироқ, таҳририятимизга келган маълумотларга кўра, айрим амалдорлар томонидан Президент қарорини нотўғри шарҳланиши оқибатида, мамлакатимизда таҳсил олаётган ўн минглаб талабалар ўзлари олдиндан доимий яшаб келган ҳудуддаги ОТМга ўқишини кўчириш учун аризалар топширишган. Аксарият ОТМ ректорлари ва масъул ходимлари (ё билимсизлиги ёки бошқа омил) ушбу мурожаат қилган талабаларни Президент қарорига зид равишда 2021/2022 ўқув йилида белгиланган бир йиллик контракт (оддий контракт) миқдорини тўлатиб, ўқишга қабул қилингалик тўғрисида буйруқлар чиқаришган.

Келинг, бунинг салбий томонларини кўриб чиқамиз:
1.    Юртимизда ОТМнинг рейтинги мавжуд. Ушбу рейтингни белгилашда ОТМнинг халқаро рейтингдаги ўрнига ҳам эътибор қаратилади. Мисол учун, пойтахтда туғилиб ўсган, аммо Бухоро ёки Сурхондарё вилоятида яқинда очилган ОТМга 95 балл билан ўқишга тўлов-контракт асосида қабул қилинган талаба Тошкент шаҳрида жойлашган маҳаллий рейтингда биринчи 5 таликка кирадиган ОТМга ўқишини кўчирди. Лекин ушбу ОТМга 155 балл тўплаб, табақалаштирилган тўлов-қонтрактда (супер-контракт) ўқиб келаётган билимли талабани қўнгли ўксимаслигига ким кафолат беради?

2.    ПҚ-5157-сонли қарорида белгиланган талабларига риоя қилинмаслиги ва уни қўпол тарзда бузилиши натижасида Давлат бюджетига тўланиши керак бўлган бир неча триллион маблағлар келиб тушмаган бўлиши мумкин.

Бир ОТМ кесимида ўрганилганда, ўқишини кўчириш истагини билдирган талабаларнинг 70 фоизи сабабсиз ўқишини кўчиришга ўринмоқда.

Агар табақалашган тўлов-контрактнинг минимал миқдори ўртача 100 миллион сўмни ташкил қилса, бизга келган маълумотларга кўра ўқишини кўчириш учун 60 минга яқин талаба мурожаат қилган. Ўларнинг 30 фоизи сабабсиз ўқишини кўчириш учун мурожаат қилиб, масъулларнинг кўпол хатоси билан бюджетга камида 2 триллион сўм маблағ келиб тушмаганлигини кўриш мумкин (20 000х100 000 000=2 000 000 000 000).

Таҳририятимиз томонидан ўрганилганда, бир вазирликнинг юқоридаги Президент қарорига зид кўрсатма хати билан ушбу вазирликдаги ОТМ ректорлари томонидан талабаларни узрли сабабларсиз оддий тўлов-контракт асосида ўқиши кўчирилиши тўғрисида буйруқлар чиқарилган.

3. Ўқишни кўчириш бўйича аризаларни бериш муддати тугаганидан сўнг, яъни 5 августдан кейин сентябрь-октябрь ойларида асосан Тошкент шаҳрига доимий рўйхатга ўтганлар ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарорига зид равишда ўқишини кўчиришни талаб қилиб, кўчиришга эришишмоқда.

4. Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасида маъмурий-ҳудудий тузилишининг таркибий қисмлари вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллардан, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасидан иборатлиги белгиланган.

Ўрганишимиз давомида ушбу вазирлик кўрсатма хатига кўра маъмурий- ҳуддий таркибга эътибор қаратилмасдан Сирдарё ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатда бўлганларга ҳам пойтахтдаги ОТМларга ўқишга қабул қилиш лозимлиги ҳақида топшириқ берилган.

Бунинг оқибатида 9 нафар Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятилик “учар” талабалар таниш “ишбилармонлар” ёрдамида Сирдарё вилоятидаги битта хонадонга доимий рўйхатдан ўтиб, ўқишини пойтахтдаги нуфузли ОТМга кўчиришга ўринишмоқда.

Ачинарлиси, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг масъул ходимлари ушбу ғайриқонуний ҳолатларда хабардор бўлса-да, давлат раҳбарининг адолат йўлида олиб бораётган сиёсатига зид равишда ОТМ раҳбарларини жиноят содир этишга ундамоқдами?

Президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Шахоббидинович Низомиддинов, Бош прокурор Н.Т.Йўлдошев, ДХХ раиси А.А.Азизов, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А.Э.Бурхонов ва Ҳисоб палатаси мазкур ҳолатни ўрганиб чиқиб, тез кунларда кўпол хатоликка йўл қўйган мансабдорларга нисбатан чора кўришади ва бюджет маблағларини талон-тарож қилинишига йўл қўйишмайди деган яхши гумонда қоламиз.

https://human.uz/8/48/3136

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan