Қисқача тарих

Туркистон давлат университети, тиббиёт факультети
(1919–1931 йй)

13 апрель 1919 йилда Туркистон давлат университети таркибида тиббиёт факультетини ташкил этиш қарори қабул қилинган.

17 сентябрь 1919 йилда Туркистон давлат университетининг биринчи илмий кенгашида тиббиёт декани этиб профессор П.П.Ситновский сайланган.

1920 йилнинг 7 сентябрида Туркистонда дорилфунун таъсис этиш ҳақидаги хужжат имзоланган. Дорилфунун таркибига тиббий факультет ҳам киритилган эди. 1921 йилдан бошлаб тиббий факультет шифокорларни тайёрлай бошлаган.

1919-1921 йилларда факультетнинг ташкилий даври бўлиб, факультетнинг моддий базаси яратилган.

Кейинги даврларда факультетга проф. К.Г.Хрущев (1921-1924 йй.) ва М.И.Слоним (1924-1926 йй.) лар раҳбарлик қилганлар. Ушбу даврларда факультетнинг моддий техник базаси анча яхшиланган булиб, клиник кафедраларда дарслар ўтилиши такомиллашиб борган. Таълим сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида илмий-педагоглар таркибига  проф.Н.И.Рагоза (ички ва юқумли касалликлар), А.Н.Мурзин (кўз касалликлари), И.С.Мильман (тери ва таносил касалликлари), Н.И.Осиновский (болалар касалликлари), С.А.Молчанов (рентгенология), Г.Н.Терехов (патологик анатомия), Г.И.Ильин (оператив жарроҳлик), С.Э.Циммерман (нормал анатомия), М.С.Астров (факультет жарроҳлиги), Д.А.Введенский (урология) лар таклиф этилган. 1922 йилда 27 та  талаба тиббиёт факультетини тамомлаган.

1923 йилда  тиббиёт факультетида 973 та талаба таҳсил олган бўлиб,  уларнинг кўпчилигини (425тасини ) қизлар ташкил этган эди.

Факультетнинг ривожланишида факультет деканлари П.Ф.Боровский (1926-1928 йй.), Н.И.Рагоза (1928-1929 йй.) ҳамда Г.П.Федоров (1929-1931 йй.) лар   катта ҳиссаларини қўшганлар.

Тошкент Давлат тиббиёт институти
(1931–1990 йй.)

1931 йилда тиббиёт факультети мустақил тиббиёт институтига шакллантирилган. 1931 йилда  унинг биринчи директори лавозимига  Г.П.Федоров тайинланган, шу йилнинг охирига келиб тиббиёт факультети декани лавозимида фаолият юритган  Х.У.Умаров институт директори этиб тайинланган.

1932 йилга келиб 177 та ўқитувчи, шундан 25 та профессор, 26 та доцент, 104 ассистент 1099 та талабага таҳсил берар эди.

1932 йилдан 1936 йилгача институтга Б.Саттаров рахбарлик қилган.

1935 йилда Ўрта Осиё тиббиёт институти Тошкент тиббиёт институти деб номлана бошлаган.

1937 йилга келиб институтда 1400 та талаба таҳсил олар эди.

1938 йилда институтга М.У.Мирсагатов ректор лавозимига тайинланган. Ушбу даврга келиб Республика раҳбарияти институтга катта маблағ ажратган булиб, кўпгина янги клиник бинолар (экспериментал бино, юқумли касалликлар, онкология, протезлаш ортопедияси) қурилиб, мавжудлари эса катта мукаммал таъмирдан чиқарилган. Институт майдони янги қурилган бинолар, клиникалар ҳисобига 2 баробарга кенгайган.

1940 йилда институтга  Б.И.Берлинер, 1941 йилда  Р.И.Пўлатов ректор лавозимига тайинланган.

1941-1945 йилларда Улуғ Ватан уруши даврида институт майдонида 10 дан ортиқ эвакогоспиталлар очилган  ва айрим профессор-ўқитувчилар фронтга жўнаб кетишган. Улар орасида Д.А.Введенский, Л.Д.Василенко, А.М.Геллер, Б.А.Стекольников ва бошқалар бор эди.

1944 йилда  институтга Я.К.Мўминов ректор лавозимига тайинланган.

Улуг Ватан Уруши йилларида Тошкент Давлат тиббиёт институтида 2122 врач тайёрланган бўлса улардан 1630 таси фронтга кетган. Улар орасида М.А.Ашрапова, М.Мухаррамова, С.А.Файзиев, Н.К.Ахмедов, М.Акмалов, У.Умаров, В.С.Карухина, Л.И.Васковская, Л.Е.Стургацкая, С.А.Допимов, Ф.Ф.Амиров, Н.Д.Махсумов, Н.А.Канбулин ва бошқалар бор эди.

ТошДавТИнинг тарихи сатрларига  урушда ҳалок бўлган А.А.Айрапетов, Р.Л.Аминов, А.Ю.Гулқоров, Г.Д.Муханов, В.И.Мажитов, Р.С.Орипов, Н.Г.Ращенко, З.С.Ржевсий, У.З.Умарова ва У.Хикматхўжаевларнинг хотираси зарҳал ҳарфлар билан битилган.

1945 йилда  институтга Ҳ.З.Зохидов ректор лавозимига тайинланган. Урушдан кейин институтда ўқиш 6 йил қилиб белгиланган. Бу даврга келиб профессор-ўқитувчилар томонидан янги ўқув дастурлари яратилган. Институт янги махсус тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган.

1945-1946 йилларда  факультетларда жами 2752 талаба таҳсил олган бўлса, шулардан 600 таси институтга янги қабул қилинган 1 курс талабалари эди. Институтда дарслар ўзбек ва  рус тилларида олиб борилар эди.

1947 йилда институтга Я.Ҳ.Тўрақулов ректор лавозимига тайинланган. Институт ушбу йилларда тиббиётнинг 12 та катта муаммоли масалалар бўйича мақсадли илмий йўналишларда илмий изланишлар олиб борган эди.

ТашДавТИга 1950 йилда А.Ғ.Ғуломов ректор лавозимига тайинланган ва у 15 йил давомида 1965 йилгача институтга рахбарлик килган.

1945-1953 йилларда талабалар сони  2752 тадан 3158 тагача кўпайган.

1954 йилда  институтда стоматология факультети қайта очилган.

1960 йилларнинг ўрталарига келиб, институтда 57 та фан доктори, 18 та Республикада хизмат кўрсатган фан арбоблари, 13та хизмат кўрсатган врач, 2 та Ўзбекистон фанлар Академиясининг муҳбир аъзолари (А.А.Асқаров, Н.И.Исмоилов) ва 2 та собиқ СССР тиббиёт фанлари академияси муҳбир аъзолари (З.И.Умидов, Э.И.Атаханов) фаолият кўрсатганлар. 57 нафар профессорлардан 22 таси ўзбек миллатига мансуб  эди.

1962 йилдан институтда Осиё, Африка, Лотин Америка давлатларидан талабалар келиб  ўқий бошлаган.

1960-1967 йилларда институтда кечки даволаш факультети фаолият кўрсата бошлаган. 1961 йилда 4000 та талабадан 2395 таси ўзбек миллатига мансуб қизлар  эди.

1965 йилнинг сентябрида институтга академик К.А.Зуфаров ректор лавозимига тайинланган.

1971 йилда академик К.А.Зуфаров Улка тиббиёти илмий-тадқиқот институтига директор этиб тайинланиши муносабати билан институтга академик У.А.Арипов ректор этиб тайинланган ва у 1984 йилгача институтга раҳбарлик қилган.

1972 йилда институтнинг 2 та даволаш, педиатрия, санитария-гигиена, стоматология факультетиларида 10 мингдан зиёд  талаба таълим олган бўлса, шу йили 1 – курсга 1500 та талаба қабул қилинган.

Ўзбекистоннинг ярим аҳолисини болалар ташкил этганлигини инобатга олиб 1972 йилда мустақил Ўрта Осиё педиатрия институти, кейинчалик Тошкент педиатрия тиббиёт институти ташкил этилган  ва ТошДавТИ педиатрия факультети талабалари янги ташкил этилган институтга ўтказилган.

ТошДавТИга 1961 йилда хорижий давлатлардан 22 та талаба қабул қилинган бўлса,  1980 йилларга келиб уларнинг сони 170 тадан ошиб кетган. Бу институтнинг халқаро миқёсидаги обрў-эътибори    ошганлигини кўрсатган.

1980 йилларнинг охирларига келиб институтда профессор-ўқитувчиларнинг сони 1042 тани, шу жумладан 6 та академик, 24 та Ўзбекистонда хизмат кўрсатган шифокор, 90 та тиббиёт фанлари доктори, профессорлар, 207 та  тиббиёт фанлари номзодлари, доцентлар талабаларга таълим-тарбия беришган.

Ушбу даврда институтдаги ўқув, ўқув – услубий, илмий, давлат ишлари ва халқаро алоқалар янада яхшиланган. Институт Венгрия, Германия, Польша ва Россиянинг етакчи тиббиёт олийгохлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. 1984 йилда  институтга ректор лавозимига  профессор О.С.Махмудов тайинланган. 1987 йилда танлов  асосида профессор Н.Х.Шомирзаев ректор этиб тайинланган. Ушбу йилларда институтда талабалар Россия ва Украинанинг етакчи тиббиёт олийгохларига ҳам укишга қабул қилина бошланган.  2 йил мобайнида уларнинг сони 2000та  талабадан зиёд булган.

Биринчи ва Иккинчи Тошкент Давлат тиббиёт институтлари

1990 йилга келиб бир неча ўқув базаларида жойлашган катта институтни бошқаришда туғилган қийинчиликларни эътиборга олиб институтни икки кисмга  – биринчи ва иккинчи тиббиёт институтларига ажратиш хакида  1990 йил 23 май куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг қарори қабул қилинган.

Институт иккига ажратилгандан сўнг, Биринчи Тошкент давлат тиббиёт институти ректори лавозимига  Ўзбекистон Фанлар Академиясининг академиги профессор Т.А.Даминов, Иккинчи Тошкент давлат тиббиёт институти ректори лавозимига  профессор Х.Ё.Каримов тайинланганлар.

Дастлаб, Биринчи Тошкент Давлат тиббиёт институтида  иккита факультет – даволаш ва стоматология факультетлари, Иккинчи Тошкент Давлат тиббиёт институтида даволаш ва санитария-гигиена факультетлари мавжуд эди.

Филиаллар ва малака ошириш маркази

1992 йил  март ойида Урганч шаҳрида Биринчи Тошкент Давлат тиббиёт институтининг филиали очилган. 1992 йилнинг  март ойида Фарғона шаҳрида Фарғона Давлат университети қошида Тиббиёт маркази очилган (санитария –гигиена факультети) кейинчалик ушбу марказ Иккинчи Тошкент Давлат тиббиёт институти филиалига айлантирилган. Биринчи Тошкент Давлат тиббиёт институти қошида янги  ўқитувчилар малакасини ошириш  факультети ташкил этилган.  Кейинчалик  ушбу факультет  1998 йилда тиббиёт олий ўқув юртлари ўқитувчиларини  малакасини  ошириш Маркази деб номланган.  Икки институтда ҳам 1998 йилдан  умумий амалиёт шифокорларини тайёрлаш дастурига ўтилган. 2000 йилда юқори малакали илмий педагогик кадрларни ҳамда мутахассис шифокорларни тайёрлаш максадида  магистратура йуналиши ташкиллаштирилган.

Тошкент Тиббиёт Академияси

Тошкент Тиббиёт Академияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 19 июлидаги ПФ-3629 сонли фармони асосида фаолияти тугатилган Биринчи ва Иккинчи Тошкент Давлат тиббиёт институтларининг негизида юқори малакали тиббий ходимларини тайёрлаш сифатини ошириш ва  ўқув жараёнини ташкил этишнинг замонавий талабларига жавоб берадиган зарур  ўқув ва моддий-техник базани яратиш, унга илгор  таълим технологияларини киритиш асосида янги мазмун билан бойитиш, бўлғуси мутахассислар тайёрланишини  тиббиёт амалиётининг муайян кўникмалари билан бир вактда  эгаллашларини узвий боғлаш мақсадида ташкил этилган.

Translate: Eng Рус