ТТАДА “ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ КУНИ” КЕНГ НИШОНЛАНДИ

    Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А.Каримов 1999 йилнинг 2 мартида ПФ-2243-сонли “9 майни хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилиш тўғрисида”ги фармонга имзо чекар экан, фармонда кўзда тутилган асосий мақсад: Уруш фаҳрийлари, иштирокчилари ва урушда Қурбон бўлганларнинг оилаларидан тушаётган кўплаб илтимосномаларни, халқимизнинг, жамоат ташкилотларининг билдираётган хоҳиш-иродасини инобатга олиб, Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашиб ҳалок бўлганларнинг, мамлакатимиз озодлиги ва мустақиллиги учун жон берган Ўзбекистоннинг барча ўғлонлари хотирасини абадийлаштириш муҳимлигини назарда тутган ҳолда, бугун ҳам сафларимизда туриб Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга ёшларни маънавий-аҳлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган барча кишиларнинг ҳурматини жойига қўйишдан иборат бўлди.

Халқимизнинг минг йиллик орзу-умидлари, ғурури ва ор-номусини ўзида мужассам этган ушбу фармон мана 18 йилдирки амалда ўз ижросини ва исботини топиб келаётгани бугунги кунда хеч кимга сир эмас.

Хотира шундай руҳий-маънавий қудратки, у инсоннинг инсонлигини англатувчи, уни ўтмиш ва истиқбол билан боғлаб турувчи буюк қадрият, илоҳий қудратдир. Хотирлаш — халқ манфаати учун курашган, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган кишиларни эслашдир. У оламдан ўтган аждодларни эслашгина эмас, асрлар мобайнида Ватан учун курашда ҳалок бўлганлар хотирасини ҳурматлаш ҳамдир.

Халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат, мурувват ва ҳиммат барча байрамларимиз сингари “Хотира ва қадрлаш куни” мисолида ҳам ёрқин намоён бўлади.

Шунинг учун “Хотира ва қадрлаш куни” тадбирлари ёшлар тарбиясида ўрни ва роли беқиёским, унинг замирида:

  • ёшлар аждодларимиз тарихи, матонати, босиб ўтган мардонавор йўллари, қаҳрамонликлари ҳақида  билишлари, шу азиз диёр улардан бизга мерос эканлиги, ворис сифатида уларнинг савобли ишларини давом эттириш, жамиятнинг ривожланишида юксак масъулият ёшларнинг зиммасида эканлигини чуқур англаш;
  • эл-юртимиз тақдирига дахлдор бўлган тарихий адолатни тиклаш, халқимиз ва миллатимизнинг яқин ўтмишдаги ёпиқ саҳифаларини тўла очиб бериш;
  • арихий воқеалардан сабоқ чиқариб, бугунги ва келажак ҳаётимизга онгли қарашни шакллантириш;
  • ёшларга фашизм ва неофашизм ғояларининг  умумбашарий қадриятлар, миллий урф-одатлар ва  анъаналар кушандаси эканлигини  тушунтириш ва англатиш;    
  • униб-ўсиб келаётган ўқувчи-ёшларнинг онгу шуурида тарихий адолатга ишонч ва инсонийлик фазилатларини қарор топтириш, уларнинг маънавий оламини кенгайтириш;
  • бегуноҳ қурбон бўлган инсонлар хотирасини абадийлаштириш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз эканлигини англатиш каби эзгу ғоялар ётади.

Шу боис, республикамиздаги барча таълим муассасаларида “Хотира ва қадрлаш куни” кенг миқёсда нишонланаётган билан бир қаторда ушбу байрам, 2017 йилнинг 6 май санасида Тошкент тиббиёт академиясида ҳам “Нуроний” жамғармаси билан хамкорликда тантанали равишда нишонланди.

Байрам тадбирида Тошкент тиббиёт академияси кафедраларида фаолият юритиш билан бир қаторда Иккинчи жаҳон урушида ва Афғонистонда хизматда бўлган ва айни пайтда ҳам ТТАда самарали фаолият юритиб келаётган профессор-ўқитувчилар, ишчи ходимлар ва клиника фаҳрийларини ғалабанинг 72 йиллиги муносабати билан тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Жумладан, Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларидан:

  • анатомия ва ОХТА кафедраси доценти Гулямов Мавлюд (1924 йилда туғилган);
  • кўз касалликлари кафедраси ўқитувчиси Хожимухаммедов Хамидулла Карабаевич (1928 йилда туғилган);
  • Заҳирадаги полковник, Ғайбуллаев Фатҳулла Закирович “Нуроний” жамғармасида раис лавозимида ишлаган (1933 йилда туғилган);

Афғонистонда хизматда бўлган уруш иштирокчиларидан:

  • Хўжалик бўлимининг электр энергияси билан таъминлаш соҳасида мастер электрик лавозимида ишлаган Холмухамедов Абдували Абдукаримович (1969 йилда туғилган);
  • Анатомия кафедраси асситенти Худайбергенов Бахтиёр (1963 йилда туғилган);
  • Коммунал гигинена кафедраси доценти Орифхонов Набихон Турахонович (1944 йилда туғилган);
  • Юқумли касалликлар кафедраси ўқитувчиси Абдуқодиров Хабибулло (1933 йилда туғилган);
  • Заҳирадаги майор, ТТА қошидаги академик лицейнинг директори лавозимида ишлаган Атаджанов Хамдам Шакирович (1942 йилда туғилган);
  • ТТА да 2-қисм бошлиғи Нуров Эсан Эгамович;
  • Заҳирадаги полковник, ҳарбий факультет ўқитувчиси Маматов Исроил (1948 йилда туғилган);
  • ТТАда ҳарбий тиббиёт кафедраси мудири Нуруллаев Орзиқул Жўрақулович (1962 йилда туғилган);
  • Хўжалик бўлимида юмшоқ мебеллар бўйича инстпектор Мирторасян Нина Богратовна (1924 йилда туғилган);
  • ТТАнинг .юқумли касалликлар кафедраси доценти лавозимида ишлаган Ибодова Мухтабар Қодировна (1930 йилда туғилган);
  • ТТА ректорати ва анатомия кафедраси фарроши лавозимида ишлаган Карнишина Зинаида Александровна (1927 йилда туғилган);
  • ТТАга қарашли 2-клиникасидан ёнғин хавфсизлиги бўлими бошлиғи Далиев Нигмат Диёрович (1952 йилда туғилган) каби фаҳрийларни

Тошкент тиббиёт академияси маъмурияти томонидан эсдалик совғалар ва пул мукофотлари билан тақдирландилар.

Шубҳасиз, хотирани асраш, хотирани эҳтиёт қилиш – бу бизнинг ўзимиз ва авлодлар олдидаги ахлоқий бурчимиздир. Хотира – бизнинг бойлигимиздир.

Кечаги кун сабоқларини, халқимиз келажаги йўлида жонини фидо қилган инсонларни хотирлаш бугунги кунимизни қадрлашга ўргатади. Хотира бу – тарихдир. У кечаги  ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи – муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Шу боис, инсон ўз хотира бойликларини қадрлайди.

Бугунги тинч, доруломон кунлар замирида қаршимизда турган шу нуроний сиймоларнинг меҳнати самараси ётганлигини хис қилганизда, кўз олдингизда тарихнинг олис ўтмиш қаъридан урушнинг дахшатини беихтиёр эсга оласиз…Бундан 72 йил муқаддам юрт тинчлиги йўлида жон олиб жон берган, умрини шу элнинг келажаги учун гаровга қўйган, ор – номуси ва миллати учун кўксини қалқон қилган бу ўғлонларни Ватан абадул абад унутмайди.

Т.А Бобомуратов
ТТА маънавият ва маърифат ишлари бўйича проректор

Р.Б.Полванов
ТТА маънавият ва маърифат бўлими услубчиси

Фотолавҳаларни кўриш учун >>>

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan