Ўзимдаги яхши хислатлар учун,
Хулқимдаги гўзал жиҳатлар учун,
Илм хазинасидаги ҳикматлар учун,
Миннатдорман устоз, минг бор миннатдор.
Дунёда устознинг меҳнатидан оғир меҳнат йўқ. Ҳеч нарсани билмайдиган ёш болага ўқиш-ёзишни ўргатгунча чекиладиган машаққатни гапирмасак ҳам бўлади. Эндигина спорт сари қадам қўйган спортчини дунё миқёсига кўтаргунча чекиладиган меҳнатлар ёки бор маҳоратини ёш болага ўргатадиган ҳунарманднинг меҳнати, сабр-қаноатини кўз олдингизга келтирсангиз бу касбнинг нақадар шарафли ва машаққатли эканини хис қилиш мумкин. Ўйлаб кўринг, ўзингиз билган нарсани бировдан ҳар куни сўраш, ўргатиш, онгига жойлаш осонми? Бу меҳнатнинг шарафли томони – шогирдларнинг, бир марта устоз деб чақиришларидан ортиқ бахт ва олқиш оламда йўқ. Бунинг савобини айтмайсизми, ҳисобсиз!? Ўйлаб кўрсак, бир одамни илмсизлик, жоҳиллик ва иймонсизликдан сақлаб қоламиз. Гуноҳ ва маъсият ботқоғига тушиб, ҳаётда қоқилмасин деб, қўлимиздан келган, ўзимизда бўлган бор илмни уларга берамиз. Гоҳида талаба ва шогирдларга қаттиқ танбеҳлар берилади. Мақсад эса уларнинг хатоларини тўғрилаб, ислоҳ қилиш. Саъдий демишларким: “Ота-онанинг меҳридан, устознинг жаври яхшидур”, деб.
Ха, бугун Тошкент тиббиёт академиясида улуғ шодиёна: ҳалкимизга яна бир энг шарафли ва машаққатли касб эгаларини тайёрлашда узоқ йиллар жасорат кўрсатиб кексалик гаштини невара-чеваралари қуршовида ўтказаётган устозларимиз, жумладан:
Гистология кафедрасидан П.И Тошходжаев, Анатомия, ОХТА кафедрасидан С.Т Турсунов, Ф.Н Ибрагимов;
ОМХ факультетининг Ижтимоий фанлар кафедрасидан Ш.Б Касимова К.Т.Маъмурова, ЖССТ кафедрасидан А.А.Абдурахманов, тиллар кафедрасидан М.Х.Бобоходжаевалар;
Тиббий педагогика факультетининг Гопитал хирургия кафедрасидан Б.А. Угаров, Халқ табобати Ли Борис Николаевич, Клиник фармакология Н.А.Ишмухаммедова, Нормал ва патологик физиология М.Н.Қодирова, Травматология ва ортопедия кафедрасидан Л.Я. Тўлаганова, Юқумли касалликлар кафедрасидан Х.А.Абдуқодиров, Клиник фармакология кафедрасидан П.С.Кацлар;
ВМОФнинг 1-сонли ички касалликлар кафедрасидан Х.Ю. Юлдашева ва А.Б.Махмудов, 1-сонли акушерлик ва гинекология кафедрасидан Ю.Қ.Джаббаров, Травматология ва ортопедия кафедрасидан Б.Д.Гулямов ва А.М.Мухаммадиевлар;
Даволаш факультетининг 2 сон болалар касалликлари кафедрасидан С.Т Пак ва Ф.М.Мавлоновлар, ЛОР кафедрасидан А.М.Ҳакимов, Асаб касалликлари кафедрасидан Г.Л.Кумарина, Жаррохлик кафедрасидан И.И.Юнусов, Ўқув бўлими бошлиғи Ж.И. Салимов, Акушерлик ва гинекология кафедрасидан Ж.А.Азимова, Фак ва гос жаррохлик Д.А.Исмоилова ва М.В.Расулевалар, Фак ва госп терапия Н.Г.Султоновалар;
Тиббий профилактика факультетининг Тиббий ва биохимия кафедрасидан С.С.Касимова, Одам анатомия кафедрасидан М.Г.Тешабоева, Гистология кафедрасидан М.М.Исмоилов, коммунал гигиена кафедрасидан С.Р.Мусамухаммедов, Эпидемиология кафедрасидан А.ВЮлдошевлар тақдирланиб, тиббиёт академиясининг бугунги кундаги ютуқларининг замирида юқорида номлари тилга олиб ўтилган устоз-мураббийларнинг фидоий меҳнатлари самараси эканлиги яна бир бор таъкидлаб, уларга миннатдорчилик билдирилди.
Ҳақиқатан ҳам, кўз нури ва қалб қўрини, бутун онгли ҳаётини ёш авлодга билим ва тарбия беришга, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга бағишлаган, бир сўз билан айтганда, Ватанимизнинг эртанги кунининг пойдеворини яратаётган бу инсонларнинг олижаноб меҳнатига ҳар қанча таҳсин айтсак оз.
Устоз деганда, ҳар қайси инсон кўнглида чуқур ҳурмат – эҳтиром ва чексиз миннатдорлик туйғулари, шу билан бирга, ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб ва адо қилиб бўлмайдиган қарздорлик хисси пайдо бўлади. Устозларимиз ўгити, кексаларимиз панд-насиҳатларига амал қилиб борсак, асло кам бўлмаймиз. Бу билан устоз ва мураббийларимиз олдидаги илк бурчимизни адо этган бўламиз. Инсон, аввало, унга билим ва маърифат дунёси сари йўл очиб берган, унинг қалбига юксак инсоний фазилатлар ҳиссини сингдириш йўлида заҳмат чеккан устоз ва мураббийларига нисбатан кўнглида ҳамиша миннатдорлик туйғуси билан яшайди.
“Устознинг умри – мангу, чунки шогирдлар умри унга уланади”, – дейди. Ҳа, жуда ҳам тўғри фикр. Муаллим – устоз шундай мўътабар зотки, унинг номи ҳам, умри ҳам ҳамиша боқийдир. Устоз ва мураббий! Биз барчамиз ёшимиз, касбу коримиздан қатъий назар, бу сўзларни эшитганимизда кўнглимиздан фақат илиқ фикрлару ёрқин хотиралар ўтади. Шу тобда кўз ўнгимизда қўлимизга қалам тутқазиб, эндигина илм оламига етаклаган биринчи устоз-муаллим, қийналиб турганимизда масаланинг тугунини ечишга ёрдам қилган, биргина шу амали билан умр бўйи ёдимизда қолган киши гавдаланади. Қалбимизда унутилмас из қолдирган қадрдон мактабимиз ва унинг бағрида кечган беғубор йилларимизни, бизга билим берган, инсонийлик фазилатларини ўргатган меҳрибон ўқитувчи ва мураббийларимизни катта ҳурмат ва эҳтиром билан эслаймиз.
Барча устоз ва мураббийларимизни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимиздан муборакбод этамиз.
Ёш авлодга зиё нурини таратишдан асло чарчаманг, деймиз.
ТТА маънавият ва маърифат бўлими
Тадбирдан фотолавҳалар: