ТТА Тиббий педагогика факультетига қарашли 2-сон факультет ва госпитал терапия кафедраси ходимларининг Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги 66-сонли имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактабга ташрифи.

Тошкент тиббиёт академияси тиббий педагогика факультетига қарашли 2-сон факультет ва госпитал терапия кафедраси ҳамда Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги 66-сонли имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ўртасидаги ҳамкорлик бўйича тузилган режага мувофиқ 2018 йилнинг 27 апрель куни кафедра ходимларидан: кафедра катта ўқитувчиси Қодирова Ш.А. ва кафедранинг маънавият-маърифат ишлари йўналиши бўйича маъсул ходими Арипова Н.А.лар Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги 66-сонли имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактабга ташриф буюришди ва бу ерда ўтказилган “Меҳнат-бахт келтирар” номли байрамда қатнашишди.

“Меҳнат-бахт келтирар” байрамини мактаб директори Ходжаева М.С. очиб, байрамнинг мактаб ўқувчилари ҳаётида тутадиган ўрни, уларни мустақил ҳаётга тайёрлашдаги аҳамиятига тўхталди. Сўнгра байрам тадбири бошланди. Байрам иштирокчилари шартли равишда “Дўстлик” поезди бекатларидан ўтишди. Ҳар бир бекат ўзига хос номлар, жумладан, “Моҳир қўллар”, “Қўл меҳнати“, “Қандолатчилик санъати”, “Пазандалик”, “Дурадгорлик”,”Сан-техника”,Экология” кабилар билан номланиб бу бекатларнинг ҳар бирида мактабнинг 1-10 синфлари ўқувчиларидан танлаб олинган иштирокчилар табиат, гулларни акс эттирувчи аппликациялар ясашди, каштачилик намуналарини намойиш этишди, пишириқлар, салатлар тайёрлашди, мўъжазгина жавонлар ясашди, сув қувурини йиғишди, боғда гуллар парваришини йиғилганларга намойиш қилишди.
Мактаб ўқувчилари ўз қўллари билан тайёрлашган ҳар бир намуна ўзига хослиги, юқори дидга эканлиги ва энг муҳими болалар томонидан меҳр ва чидам билан тайёрланганлиги билан алоҳида ажралиб турди. Шунингдек, байрам давомида мактаб ўқувчилари томонидан ижро этилган қувноқ рақслар, қўшиқлар, меҳнатни тараннум этувчи мақоллар ҳам тўпланганларда ажойиб таасссурот қолдирди.
Байрам тадбири сўнгида байрам иштирокчилари мактаб маъмурияти ва ҳамкорлар томонидан тайёрланган турли эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.
Байрамда сўзга чиққан Тошкент тиббиёт академияси тиббий педагогика факультетига қарашли 2-сон факультет ва госпитал терапия кафедраси катта ўқитувчиси Қодирова Ш. ушбу байрамдан кучли, ўзига хос таассуротлар олишганлигини алоҳида қайд этиб, мактаб жамоасига, ўқувчиларига миннатдорчилик билдириб, бу каби тадбирларнинг мамлакатимизда ҳеч бир инсон назар ва эътибордан қолмаслигининг исботи эканлигини таъкидлади. Шунингдек мактаб директори хонасида кафедра ходимлари ва мактаб жамоаси ўртасида келгусида олиб бориладиган ишлар режаси муҳокама қилиниб тасдиқлан.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan