ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЖАМҒАРМАСИ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди (https://regulation.gov.uz/uz/document/213).

Қарор лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомга кўра, жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири раислик қилувчи Жамғармани бошқариш кенгаши томонидан амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.
Кенгаш таркиби Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири томонидан тасдиқланади. Кенгаш таркибига Вазирлик ва олий таълим муассасаларининг раҳбар ва масъул ходимлари (7-9 киши) киритилади.
Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган тадбирларнинг устувор йўналишларини белгилаш;
ҳисобот йили якуни бўйича Жамғарма маблағларининг тушуми ва харажатлари тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;
Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилиш;
Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни амалга ошириш.
Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:
олий таълим муассасаларининг тўлов-контракт (шу жумладан оширилган тўлов-контракт) шаклида ўқитишдан тушадиган маблағларининг мазкур маблағлар бўйича даромадлар ва харажатлар сметаларида акс эттириладиган йил бошига қолдиқ (тижорат банкларининг депозитларига жойлаштирилган маблағлар ҳам инобатга олинган ҳолда) қисмининг 5 фоизи миқдоридаги ажратмалар;
хайрия берувчилар маблағлари, халқаро ташкилотларнинг грантлари, юридик ва жисмоний шахсларининг ихтиёрий хайр-эҳсонлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан тушадиган маблағлар.
Жамғармага Олий таълим муассасаларининг тўлов-контракт маблағлари ҳисобидан ўтказиладиган ажратмалар жорий йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай туширилиши шарт.
Жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадларга йўналтирилади:
ўқув ва илмий адабиётларни яратиш, чоп этиш ва олий таълим муассасалари китоб фондини тўлдиришга;
ўқув бинолари, талабалар яшаш жойлари, спорт иншоотлари ва бошқа инфратузилма обектларини моддий ҳолатини яхшилаш, шу жумладан уларни зарур замонавий ўқув ва илмий-лаборатория ускуналари, мебел, инвентарлар билан жиҳозлашга ва бошқа товар-моддий қийматликлар харид қилишга;
ахборот-коммуникатсия, мултимедиа ва тармоқ қурилмалари, техникалари, воситалари ҳамда дастурий таъминотларни харид қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш, ахборот-таълим ресурсларини ишлаб чиқиш, ўқув ва бошқарув жараёнини автоматлаштиришга хизмат қилувчи тизимларни яратиш, вазирлик ва таълим муассасалари ўртасида электрон ахборот алмашинувини ташкил этиш, интерактив таълим ресурслар ва маълумотлар базасини шакллантириш, “Электрон таълим” тармоғи қурилмаларини ишчи ҳолатда сақлаш ва хизмат кўрсатишга;
ўқув ва илмий лабораторияларни зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи қисмлар билан таъминлашга;
хорижий олим, профессор-ўқитувчи ва мутахассисларни республика олий таълим муассасалари ҳамда раҳбар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш муассасалари ўқув жараёнига, шунингдек, таълим жараёнини ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш мақсадларида эксперт ва консултантларни жалб этишга;
профессор-ўқитувчилар ёки талабалар ўртасида ўтказиладиган республика танловлари ғолибларини тақдирлаш ва рағбатлантиришга;
кам таъминланган оилалар ва етим болалар тоифасига кирувчи талабаларни ижтимоий ҳимоялаш тадбирлари (бир йилда бир талабага энг кам иш ҳақининг 10 (ўн) баравари миқдоридан ошмайдиган бир марталик моддий ёрдам)га;
Манба: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ахборот хизмати

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan