ЎҚУВ-СИМУЛЯЦИЯ МАРКАЗИ ОЧИЛДИ

Андижон давлат тиббиёт институтида ўқув-симуляция маркази ташкил этилди.

Хўш, у талабага нима беради? Таълим сифатини нечоғли ўзгартиради? Малакали тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт ходимларининг билим ва маҳоратини оширишда қандай аҳамиятга эга?

– Кўп функцияли марказ, яъни ўқув-симуляция лабораторияси ташкил этилгани талабаларга сифатли билим бериш, назария ва амалиётни уйғун олиб бориш имкониятини яратади, – дейди Андижон давлат тиббиёт институти ректори Мадаминжон Мадазимов. – Мазкур инновацион усул орқали таълим амалий ишлар, илғор ўқитиш услублари уйғунлигида олиб борилади. Бу албатта, ўқитиш сифати ва шифокорлар маҳорати юксалишига, замонавий илғор тажрибаларни ўрганишига яқиндан ёрдам беради.

Марказда мослаштирилган анестезиология-реанимация, жарроҳлик, акушер-гинекология, офтальмология, оториноларингология, терапия, педиатрия-неонтология, анатомия ва бемор симуляция кабинетлари ташкил этилиб, энг сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар, зарур ўқув жиҳозлари билан таъминланди.

Таълим сифатини оширишда симуляцион ўқитишнинг қайтариш ва кўп маротаба кузатиш, имитацион ва виртуал тренинг сингари қатор устувор йўналишлари марказ фаолиятига тўлиқ татбиқ этилади. Натижада талабалар бемор билан ишлаш борасида етарли амалий тажрибага эга бўлади. Марказнинг пульт-назорат марказида эса улар шифокор ва талабаларнинг беморни кўриш, у билан мулоқот қилиш, тавсиялар бериш жараёни қай даражада бажарилаётганини виртуал тарзда бевосита кузатиши мумкин. Шунингдек, талабаларнинг амалий кўникмасини назорат қилиш ва баҳолаш учун алоҳида мониторинг маркази ҳам ташкил этилди.

Тиббиётда симуляцион ўқитиш бўйича Европа ҳамда Россия мутахассисларининг услубий тавсиялари, амалий кўмаги билан ташкил этилган ўқув-симуляция лабораторияси ишини самарали йўлга қўйиш талабаларнинг амалий тайёргарлиги, билим ва малакасини баҳолаш, ўзига хос клиник қарор қабул қилиш кўникмасини ривожлантириш, шунингдек, илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этишга хизмат қилади.

Хорижлик мутахассислар билан ҳамкорликда келгусида марказ фаолиятини янада такомиллаштириш кўзда тутилган.

Манба: ЎзА

Translate: Рус

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan