МАМЛАКАТИМИЗДА ҲИНДИСТОНДАГИ ХУСУСИЙ КЛИНИКАЛАР ФИЛИАЛЛАРИ ОЧИЛАДИ

Сир эмас, аҳолимиз айрим касалликларни даволаш учун ва мураккаб операцияларга эҳтиёж сабаб чет эл клиникаларига мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.
Хусусан, маълумотларга кўра, ҳар йили тахминан 25-30 мингга яқин юртдошимиз Ҳиндистонда даволаниш учун мурожаат қилади. Бу вазиятни инобатга олган ҳолда мамлакатимизга ҳиндистонлик юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш амалиёти йўлга қўйилаётгани яхши самара бермоқда.
Бу ташаббус мамлакатларимиз ўртасида ҳам қўллаб-қувватланиб, инвесторлар манфаати тўла кафолатган.
Ҳиндистон тиббиёти тараққий этган давлатлардан саналади. Бугун мамлакатда тиббиёт туризми яхши ривожланган. Ҳар йили дунёнинг турли давлатларидан кўплаб инсонлар дардига даво топиш илинжида Ҳиндистонга келади. Малакали мутахассислар уларни даволашнинг уддасидан чиқмоқда.
Ҳиндистондаги “Меданта” клиникаси хорижда ҳам маълум ва машҳур. Бу ерда травматология, кардиология, онкология сингари касалликлар даволанади. Клиникада юрак жарроҳлиги, турли аъзолар трансплантацияси ўтказилади. Бош мия жарроҳлигида эса илғор инновацион усуллар қўлланилади. АҚШ ва Сингапурда ҳам филиалига эга клиникага ҳар йили минглаб бемор мурожаат қилади. Улар орасида юртдошларимиз ҳам бор.
Мазкур клиниканинг илғор ютуқлари ва юртдошларимизнинг талаб ва эҳтиёжини инобатга олган ҳолда унинг Ўзбекистонда филиалини очиш режалаштирилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, вазирлик ва клиника раҳбарияти ўртасида бўлган учрашувда бу ҳақда келишиб олинди.
Учрашувда “Мedanta” клиникаси раҳбари Нареш Трехан Ўзбекистондаги филиал Ҳиндистондагидан қолишмаган ҳолда энг замонавий тиббий техника воситалари билан жиҳозланишини, бу ерда малакали шифокорлар ишлашини алоҳида таъкидлади.
Янги лойиҳага 15 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестеция жалб қилиниши кўзда тутилган.
Нареш Трехан фикрича, ўзбекистонлик шифокорлар, хусусан, жарроҳлар, кардиологларнинг билими ва малакаси юқори, лекин уларнинг замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш кўникмасини янада ошириш зарур. Шу боис, филиал ишга тушган дастлабки ойларда маҳаллий мутахассислар ҳиндистонлик ҳамкасбларидан бу борада ўзаро тажриба алмашади.
Ўзбекистонда мазкур клиниканинг очилиши ҳамюртларимизнинг узоқ йўл босиб Ҳиндистонга бориш мушкулидан озод қилади, ўз навбатида, бу ерда қўшни давлат фуқаролари ҳам даволаниш имконига эга бўлади.
Ўзбекистон – Ҳиндистон ҳамкорлигининг яна бир самараси “Pratiksha hospital Group” клиникасининг юртимизда фаолият бошлашга қизиқиш билдираётганида намоён бўлади.
Мазкур лойиҳага инвесторларнинг 10 миллион доллардан ортиқ маблағи сарфланиши кутилмоқда.
Мамлакатларимиз ўртасида тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликнинг янги босқичда йўлга қўйилиши ва бу борадаги ишлар самарадорлигининг ошиши, аввало, халқимиз соғлиғини сақлашга, халқларимиз ўртасида дўстона муносабатлар янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Манба: ЎзА

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan