Янги журнал инновацион ғояларни тарғиб қилади

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг “Илм-фан ва инновацион ривожланиш” номли илмий журнали чоп этила бошлади.

Мазкур журнал давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилди.

Ҳар икки ойда ўқувчилар қўлига етиб борадиган журналда тадқиқотчилар, олимларнинг илмий изланишлари натижаси, аҳамияти ҳақида маълумотлар бериб борилади, илмий-назарий, таҳлилий мақолалар ёритилади.

Нашрда рус ва инглиз тилидаги мақолалар ҳам чоп этилиши режалаштирилган. Бу хорижий олимлар илмий изланишлари билан танишиш, шунингдек, илм-фан соҳасидаги илғор тажриба ва янгиликлардан хабардор бўлиш имконини кенгайтиради.

Журнал жамоаси илмга қизиққан ўқувчи ва талаба ёшларни, ёш тадқиқотчиларни ҳам эътибордан четда қолдирмаган. Нашр саҳифаларида улар учун зарур янгиликлар, қизиқарли маълумотлар эълон қилиб борилади.

Манба: ЎзА

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan